Шу йил 21-22 октябрда Фарғона шаҳрида ҚҲСИ вакиллари стратегик режалаштириш соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича семинарда иштирок этди.

Семинар Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан биргаликда ташкил этилди.

Тадбирда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари, уларнинг ахборот-таҳлил бўлинмалари, Маҳаллалар уюшмаси ва юқорида қайд этилган ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида республиканинг мазкур ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни стратегик режалаштиришнинг методологик, ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, муҳокама қилинган масалалар юзасидан тадбирда иштирок этган ташкилотлар экспертларининг маърузалари тингланди.

Тадбирда “Ҳудудлар диагностикаси стратегик режалаштиришнинг асоси сифатида” мавзусида сўзга чиққан ҚҲСИ бош илмий ходими, профессор Г.Маликова ҳудудларни ривожлантиришни стратегик режалаштиришда барча ҳудудларга ягона ёндашувни қўллаш ўрнига, ҳар бир туманнинг ресурслари, иқтисодий ихтисослашуви, инфратузилмаси, демографияси ва кадрлар салоҳиятини ҳисобга олишнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди.