С. Миралиева,
ҚҲСИ докторанти

Замонавий давлат бошқарувида маъмурий органлар фаолиятининг самарадорлиги уларнинг ўзгариб бораётган ижтимоий муносабатларга тезкор ва мослашувчан жавоб бериш қобилияти билан ўлчанади. Ушбу жараёнда давлат органларига бериладиган дискрецион ваколатлар умумий қонунчилик қоидаларини индивидуал ҳаётий вазиятларга мослаштириш имконини берувчи ўзига хос восита бўлиб хизмат қилади. Хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқий тартибга солиш амалиётини ўрганиш миллий қонунчилигимизда дискрецион ваколатларни қўллашнинг мувозанатли ва адолатли механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.

Ҳуқуқий тизимларда қонун чиқарувчи барча ҳаётий вазиятларни олдиндан кўра олмаслиги сабабли, ижро этувчи органга муайян танлов эркинлигини қолдириш мақсадга мувофиқдир. Мазкур эркинлик тўғри тартибга солинмаса, бошқарув жараёнида турли тушунмовчиликлар, ўзбошимчалик ва коррупция ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин. Хорижий ҳуқуқда мазкур ваколатларни тўлиқ йўқ қилиш эмас, балки уларни тизимли тартибга солиш, тегишлича асослантириш ва самарали текшириш усулларига устувор аҳамият қаратилади. Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни доирасида маъмурий ихтиёрийлик алоҳида принцип сифатида мустаҳкамланган. Шу туфайли дискреция бўйича дастлабки ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, илғор хорижий тажриба асосида ушбу йўналишдаги доктринал ва амалий масалаларни янада бойитиш имконияти мавжуд.

Дискрецион ваколатлар чегараларини тўғри белгилаш ва уларни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш учун, энг аввало, ушбу ҳуқуқий институтнинг табиатини назарий жиҳатдан тўғри англаш талаб этилади.

Давлат бошқарувида ихтиёрийлик ҳеч қачон мутлақ эркинликни англатмайди, у қатъий ҳуқуқий доиралар ва доктринал турларга бўлинган ҳолда амалга оширилади. Бу борада ривожланган мамлакатлар, хусусан, бизнинг қонунчилик тизимимизга яқин бўлган континентал ҳуқуқ оиласи тажрибаси муҳим методологик асос бўлиб хизмат қилади. Масалан, немис маъмурий ҳуқуқида дискреция соҳасида энг тизимли ва чуқур ишлаб чиқилган доктринал аппарат яратилган бўлиб, Европа ва постсовет маконидаги аксарият давлатлар айнан ушбу ёндашувни ўзлаштирган. Германиянинг Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонуни (VwVfG) ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида (VwGO) мазкур масала кенг ёритилган ва уларда дискреция билан баҳолаш эркинлиги ўртасидаги фарқ жуда аниқ ажратиб кўрсатилган.

Ҳуқуқ нормасининг гипотезаси ёки диспозициясида умумий характерга эга бўлган «жамоат хавфсизлигига таҳдид мавжуд бўлганда», «зарурат туғилганда» ёки «жамоат манфаатлари тақозо этганда» каби баҳоловчи тушунчалар, асосан, талқин доирасига киради. Уларда маъмурий орган фақат бир тўғри хулосага келиши лозим ва суд бу жараённи тўлиқ ҳажмда текшира олади. Ҳақиқий дискреция эса бевосита норманинг ҳуқуқий оқибатлари даражасида, яъни органга бир нечта қонуний қарорлардан бирини эркин танлаш ҳуқуқи берилган тақдирдагина юзага келади. Мазкур ҳуқуқий доктринада ихтиёрийлик икки турга бўлинади: қарор қабул қилишдаги ихтиёрийлик (Entschließungsermessen) — маъмурий органнинг хизмат бурчига асосланган ўз ихтиёрийлигига (pflichtgemäßem Ermessen) мувофиқ маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш ёки оширмаслик ҳамда уни қачон амалга оширишни ҳал этиш эркинлигини англатади; танловдаги ихтиёрийлик (Auswahlermessen) — вазиятга аралашиш зарурати аниқ бўлганда муайян чорани қўллаш учун айнан қандай далилларни тўплаш воситаларидан фойдаланиш ёки маъмурий ҳужжатга қандай қўшимча шартларни юклаш зарурлигини белгилайди.

Ўзбекистон қонунчилигида, хусусан, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида келтирилган маъмурий ихтиёрийлик таърифи ушбу иккала турни ҳам ўзида мужассам этганлиги билан ғоят аҳамиятлидир. Шунингдек, амалиётда «дискрециянинг нолга қадар қисқариши» (Ermessensreduzierung auf Null) конструкцияси мавжуд бўлиб, унда муайян хавфли шароитларда, хусусан, инсон ҳаёти ва соғлиғига реал таҳдид юзага келганда, маъмурий органнинг танлов эркинлиги йўқолади ва у вазиятга аралашиб, фақат битта қонуний қарор қабул қилишга мажбур бўлади. Ушбу доктринал механизм бевосита бошқарувда масъулиятни оширишга ва давлат органларининг асоссиз ҳаракатсизлигини олдини олишга хизмат қилади.

Замонавий маъмурий ҳуқуқда халқаро стандартлар давлат органларининг дискрецион ваколатларини тартибга солиш ва уларнинг қонунийлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Дискрецияни амалга оширишнинг халқаро стандартлари таҳлил қилинганда, Европа Кенгаши Вазирлар Қўмитасининг 1980 йил 11 мартдаги дискрецион ваколатлар тўғрисидаги махсус тавсияси (R(80)2) халқаро амалиётдаги асосий ўлчов мезонларидан бири сифатида эътироф этилади. Мазкур ҳужжатда белгиланишича, маъмурий орган қарор қабул қилишда ваколат берилган мақсадга эргашиши, холисликни сақлаши, тенглик ва мутаносиблик тамойилларига риоя этиши ҳамда оқилона муддатларда иш кўриши қатъий белгиланган. Ушбу тамойиллар, ўз навбатида, бошқарув жараёнида давлат хизматчилари томонидан ваколатларни суиистеъмол қилиш, нохолислик ёки коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қарорлар қабул қилишда умумий маъмурий йўриқномаларни изчил қўллаш билан бирга, ҳар бир ишнинг ўзига хос ҳолатларини, жумладан, манфаатдор шахсларнинг индивидуал аҳволини эътиборга олиш талаб этилади. Ҳужжатнинг 7 ва 8-бандларида процессуал кафолат сифатида дискрецияни амалга оширишни тартибга солувчи йўриқномаларни эълон қилиш ва улардан четга чиқилган ҳолларда бунинг сабаблари тўғрисида шахсни ёзма равишда хабардор қилиш мустаҳкамланган. Бундай шаффофлик ва очиқлик механизмлари фуқароларнинг давлат бошқаруви органларига бўлган ишончини оширади.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг Асосий ҳуқуқлар тўғрисидаги хартияси 41-моддаси («Лозим даражадаги бошқарув ҳуқуқи») ҳамда CM/Rec(2007)7-сонли «Лозим даражадаги бошқарув тўғрисида»ги тавсия орқали манфаатдор шахснинг тингланиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, қарорни асослантириш мажбурияти субъектнинг кафолатланган ҳуқуқи даражасига кўтарилган. Ушбу халқаро ҳужжатларга мувофиқ, ҳар бир инсон ўзига тааллуқли ишларнинг холис, адолатли ва оқилона муддатларда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эгадир. Қабул қилинадиган маъмурий қарорларнинг ҳуқуқий ва фактик жиҳатдан асослантирилиши, ўз навбатида, улар устидан суд тартибида самарали шикоят қилиш имкониятини яратади ва дискрецион ваколатларнинг чегарасидан чиқиб кетишдан сақловчи муҳим воситага айланади.

Постсовет маконида, хусусан, немис-австрия ҳуқуқий моделини қабул қилган давлатларда маъмурий дискреция институтининг жорий этилиши миллий қонунчилигимиз билан қиёслаш учун ўзига хос майдон бўлиб хизмат қилади. Шу муносабат билан Қозоғистон Республикасининг 2020 йилда қабул қилинган Маъмурий процедуравий-процессуал кодекси (МТПК) энг тизимли намуналардан бири ҳисобланади. Ушбу ҳужжатда дискреция институти мутаносиблик, ҳуқуқлар устуворлиги ва ишончнинг ҳимоя қилиниши каби умумэътироф этилган принциплар орқали кенг қамраб олинган.

Хусусан, маъмурий ихтиёрийликни амалга оширишда орган иштирокчи ва жамият манфаатларининг адолатли мувозанатини таъминлаши, қабул қилинадиган ҳужжат эса вазиятга яроқли, зарур ва мутаносиб бўлиши қатъий белгиланган бўлиб, мутаносибликни баҳолашнинг уч босқичли тести бўйича хорижий тажриба бевосита қонун матнига сингдирилган. Шунингдек, қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар ҳар доим шахс фойдасига талқин қилиниши кафолатланади. Қозоғистон моделининг энг муҳим ўзагини маъмурий судловда суднинг фаол роли тамойили ташкил этади. Унга кўра, суд фақатгина томонлар келтирган далиллар билан чекланиб қолмасдан, ўз ташаббуси билан далиллар йиғади ва органдан дискреция асосларини тўлиқ изоҳлашни талаб қилади. Ушбу ёндашув фуқаро ва давлат органи ўртасидаги исботлаш имкониятларидаги тенгсизликни бартараф этишга, шунингдек, амалиётда учрайдиган расман қонуний, бироқ мазмунан номутаносиб бўлган қарорларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Ушбу соҳада Грузиянинг Умумий маъмурий кодекси тажрибаси ҳам диққатга сазовордир. Гарчи унда дискреция таърифи, ваколат мақсади ва манфаатларни ўзаро таққослаб баҳолаш мажбурияти асосий талаблар сифатида мустаҳкамланган бўлса-да, қонуннинг амалда самарали ишлаши учун судьялар ва давлат хизматчиларини янги доктрина асосида махсус тайёрлаш ва ўқитиш ҳал қилувчи омил бўлганлиги кузатилади. Умумий тенденцияларга назар ташлайдиган бўлсак, Озарбайжон, Арманистон, Латвия ва Қирғизистон каби бир қатор давлатлар қонунчилигида маъмурий орган тушунчаси кенг талқин қилинганини, дискреция принциплари эса худди шундай тарзда қонун даражасида мустаҳкамланганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, Украина тажрибасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси жараёнида махсус методология асосида «дискрецион ваколатларнинг кенгайиши»ни алоҳида коррупциявий омил сифатида баҳолаш жорий этилган. Шундан сўнг, мазкур тартиб дастлаб 2021-йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, 2023-йилда эса «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонунда ўз аксини топди. Англо-саксон ҳуқуқ тизимига кирувчи Сингапурда замонавий қонунчилик техникасида ҳамда лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда давлат органларига берилаётган дискрецион ваколатлар ўзбошимчаликка айланиб кетмаслиги учун уларнинг чегаралари, муддатлари ва мезонлари аниқ белгиланганлиги қатъий назорат қилинади. Бундай ёндашувлар маъмурий ихтиёрийликни ҳуқуқий тартибга солиш ва унинг чегараларини аниқ белгилаш давлат бошқаруви сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонуни моддий принциплар даражасида халқаро стандартларга жуда яқин бўлиб, унда дискрецион ваколатнинг қонунийлиги (5, 17-моддалар), мутаносиблик (7-модда), ишончнинг ҳимоя қилиниши (16-модда) ва ҳолатларни тўлиқ текшириш (18-модда) принциплари мустаҳкамланган. Шу билан бирга, бошқарув сифатини янада яхшилаш мақсадида муайян йўналишлар бўйича тизимли ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Биринчидан, Қонуннинг 54-моддасини тўлдириш орқали қонунчиликда дискрецион қарорни асослантиришнинг махсус стандартини акс эттириш муҳим бўлиб, бунда кўриб чиқилган муқобил вариантлар ва ўзаро таққослаб баҳоланган манфаатларнинг ёзма равишда баён этилиши амалиётда шаффофликни таъминлайди. Иккинчидан, ички маъмурий йўриқномаларнинг ошкоралигини таъминлаш ва улардан чекинилган ҳолларда сабабларини тушунтириш тартибини жорий этиш орқали маъмурий органнинг «ўзини ўзи боғлаш» институтини тўлиқ ишга солиш мумкин. Учинчидан, қонунчиликда 7-моддани кенгайтириш ҳамда ҳуқуқий ҳужжатларда яроқлилик, зарурлик ва пропорционаллик мезонлари асосидаги уч босқичли тест кўринишида мутаносиблик принципини қўллаш алгоритмини аниқ мустаҳкамлаш ҳуқуқни қўллаш амалиётида қулайлик яратади. Тўртинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини дискреция кўлами бўйича экспертизадан ўтказиш, шунингдек, судьялар ва давлат хизматчилари учун ушбу доктринани кенг тушунтирувчи услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш бошқарув тизими самарадорлигини оширади.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, дискреция бошқарув тизими учун ниҳоятда зарур ва фойдали воситадир. Бироқ у фақат мезонларни олдиндан аниқ белгилаш, қарорларни ёзма равишда мантиқий асослантириш, шунингдек, судлар томонидан қонунийлик устидан реал назоратни амалга ошириш орқалигина ҳуқуқий давлат принципларига хизмат қилиши мумкин. Ушбу учта асосий пойдеворнинг миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида изчил акс эттирилиши давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ва фуқароларнинг уларга бўлган ишончини янги босқичга олиб чиқади.