Ахборот технологияларининг ривожланиши халқаро савдода электрон тижорат улушининг ошишига олиб келди. Масалан, 2025 йил ҳолатига кўра, дунё бўйлаб тахминан 2,77 млрд киши онлайн харид қилишни афзал кўрмоқда. 2025 йилда электрон тижорат глобал чакана савдо харидларининг 21%ини ташкил қилиши таҳмин қилинмоқда ва бу улуш 2027 йилга келиб 22,6%га етиши кутилмоқда. Электрон тижорат Ўзбекистон савдо муносабатларида ҳам катта роль ўйнамоқда.

Ўзбекистондаги электрон тижорат бозори 2021 йилда 201 млн АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 543 млн АҚШ долларига етган. 2024 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 50 дан ортиқ электрон тижорат субъектлари рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг умумий йиллик айланмаси 300 млн АҚШ долларини ташкил этмоқда. 2027 йилга келиб уларнинг айланмаси 1 млрд АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган электрон тижорат бозорлари, жумладан, Мета, Google, Apple, Booking.com ва Zoom каби компаниялар ўтган йили жами 70 млрд сўм солиқ тўлаган. Бундан ташқари, электрон тижорат, финтеч ва банк хизматларини бирлаштирган миллий рақамли экотизим бўлган Узум 2024 йилда қарийб 1,2 триллион сўм солиқ тўлаган. Бу 2023 йилга нисбатан 28% га кўп. Узум томонидан тўланган солиқлар мамлакат бюджети даромадларининг 0,3% ни ташкил этган. Онлайн савдонинг глобал ва маҳаллий кенгайиши истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ва уларнинг онлайн транзакцияларга бўлган ишончини ошириш нуқтаи назаридан электрон тижорат қонунчилигини таҳлил қилишни талаб қилади.

Электрон транзакциялар истеъмолчиларга нархларни осонгина таққослаш ва маҳсулотларни дўконлардагига қараганда арзонроқ нархларда сотиб олиш имконини беради. Бу афзалликлар Ўзбекистонда электрон тижоратнинг ўсишига олиб келди. Бироқ, бу ўсиш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қийинчиликларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Биринчидан, онлайн транзакцияларда маҳсулотлар ва сотувчилар ҳақида аниқ ва ўз вақтида маълумот олиш муҳимлигига қарамай, сотувчиларнинг маълумот бериш бўйича шартномадан олдинги мажбуриятларини тўлиқ бажармаганликлари ёки электрон тижоратнинг шахссизлиги сабабли истеъмолчилар бундай маълумотларни олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун сотувчилардан истеъмолчиларга аниқ ва тўлиқ маълумот беришни талаб қилсада, истеъмолчиларнинг ахборот олиш ҳуқуқига нисбатан ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд. Хусусан, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 6-моддаларида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари ҳамда товар (иш, хизмат)лар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш билан боғлиқ қоидалар тартибга солинган. Бироқ, ушбу маълумотлар электрон шартномаларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб такомиллаштирилмаган. Масалан, онлайн савдода сотувчи билан боғланиш имконини берувчи алоқа маълумотлари (телефон рақами, факс рақами ва электрон почта манзили)  муҳим бўлсада,  қонун сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибинигина истеъмолчиларга маълум қилиши шартлигини белгилайди.

Бундан ташқари, кўплаб электрон тижорат платформалари Қонун талабларига мувофиқ ишламайди. Масалан, ҳозирда Ўзбекистондаги энг йирик электрон платформалардан маҳсулот ҳақида фақат айрим маълумотлар, масалан, маҳсулотнинг қисқача тавсифи ва унинг нархи кўрсатилади.

Европа Иттифоқида сотувчиларнинг шартномадан олдинги маълумотларни тақдим этиш мажбурияти Истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги 2011/83/EU директиваси (CRD) билан тартибга солинади. Ушбу директив истъмолчиларга тақдим этилиши лозим бўлган маълумотларни шартнома тузиш шаклига кўра алоҳида белгилайди. Масалан, Директивнинг 6-моддаси масофавий шартномалар ва бинодан ташқарида тузилган шартномалар бўйича истеъмолчи билан шартнома тузишдан олдин сотувчи (ёки ишлаб чиқарувчи) томонидан тақдим этилиши керак бўлган маълумот турларини белгиловчи қоидалардан иборат. Буларга маҳсулот ёки хизматнинг асосий хусусиятлари, савдогарнинг номи, савдогарнинг жисмоний манзили ва телефон рақами, факс рақами ва электрон почта манзили каби мавжуд алоқа маълумотлари ва шу каби 20 дан ортиқ маълумот турлари киради.

Иккинчидан, истеъмолчилар тўловлар ва етказиб бериш каби хизматлардан фойдаланиш учун электрон транзакцияларда ўз шахсий маълумотларини тақдим этади. Бу маълумотлардан баъзан онлайн сотувчилар маркетинг мақсадларида нотўғри фойдаланиши мумкин. Бунга мисол сифатида сотувчиларнинг истеъмолчиларга маркетинг хабарларини уларнинг розилигисиз электрон почта ёки СМС орқали юборишини келтириш мумкин. Бундай ҳолларда сотувчилар истеъмолчиларнинг маълумотларидан маркетинг мақсадларида фойдаланишдан олдин уларнинг розилигини олишлари ва бундай хабарларни юбориш учун уларнинг алоқа маълумотларини сўрашлари керак. Бироқ, электрон тижоратда шахсий маълумотларни ҳимоя қилишни тартибга солувчи қонун тўғридан-тўғри маркетингни махсус тартибга солмайди, шунингдек, конституция билан ҳимояланган шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқ, айниқса электрон транзакциялар ҳолатида ҳимоя қилинишини кафолатламайди.

Европа Иттифоқида Regulation (EU) 2016/679 on General Data Protection (GDPR) онлайн бозорларнинг умумий хусусияти бўлган тўғридан-тўғри маркетингни махсус тартибга солади. GDPR декларациясининг 70-бандига кўра, шахсий маълумотлар тўғридан-тўғри маркетинг учун ишлатилганда, истеъмолчилар исталган вақтда ва ҳеч қандай тўловсиз бунга эътироз билдириш ҳуқуқига эга. Бунга маркетинг билан боғлиқ ҳар қандай профил яратиш киради. Бу ҳуқуқ истеъмолчиларга аниқ тушунтирилиши ва бошқа маълумотлардан алоҳида кўрсатилиши керак. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, GDPR тўғридан-тўғри маркетинг бўйича аниқ қоидаларни тақдим этади, бу шахсларга ўзларининг шахсий маълумотларидан маркетинг мақсадларда фойдаланишни рад этиш ҳуқуқини беради.

Қонунбузарликларнинг олдини олиш учун GDPR шахсий маълумотлар операторларининг мажбуриятларини тўлиқ ва аниқ белгилайди. Масалан, GDPR 13-моддалари операторларга шахсий маълумотларни қайта ишлаш, маълумотларни қайта ишлашнинг мақсадлари ва ҳуқуқий асослари, шахсий маълумотларни олувчилар, шунингдек, шахсий маълумотларни сақлаш муддати ва маълумотлар субъектининг операторлардан маълумотларга киришни таъминлаш, тузатиш ёки ўчиришни сўраш ҳуқуқи ҳақида маълумот бериш мажбуриятини юклайди. Бундан ташқари, GDPR 82-моддасига мувофиқ, шахсий маълумотларни қайта ишлаш қоидаларини бузиш натижасида зарар кўрган шахслар шахсий маълумотларни қайта ишлаш оператори ёки қайта ишловчисидан зарарни қоплаш ҳуқуқига эга. Шу тарзда, GDPR маълумотлар операторларининг шахсий маълумотларни қайта ишлашда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш мажбуриятларини аниқ белгилаб беради.

Учинчидан, масофавий шартномаларда шартномадан бир томонлама воз кечиш институтини жорий этиш зарурияти мавжуд. Ўзбекистон қонунчилигида истеъмолчилар учун шартномадан сабабсиз, умумий ва автоматик воз кечиш ҳуқуқи алоҳида норма сифатида белгиланмаган. Шу билан бирга, Фуқаролик кодекси ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун асосида истеъмолчи қонун ёки шартнома шартлари бузилган ҳолларда, шунингдек истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ёки оғирлаштирувчи шартлар мавжуд бўлса, шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга. Қонунга зид ёки истеъмолчи манфаатларига зарар етказувчи шартномавий бандлар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Шартнома электрон тартибда тузилганда, истеъмолчи шартнома тузилишидан олдин ва уни тузиш пайтида харид қилинаётган товарни бевосита синаб кўриш имкониятига эга бўлмайди. Шу сабабли у бундай имкониятга эга бўлган истеъмолчига нисбатан анча заиф ҳолатда бўлади. Шу сабабли масофавий тарзда тузилган шартномаларда қонунчиликда «совиш даври» (cooling-off period) деб аталувчи муддат белгиланади. Бу давр мобайнида истеъмолчи сабаб кўрсатмасдан ва ҳеч қандай харажатларсиз шартномадан воз кечиши мумкин. Шартномадан бир томонлама воз кечиш ҳуқуқини амалга ошириш уни суддан ташқари тартибда бекор қилишни англатади. Шартномадан бир томонлама воз кечиш ҳуқуқи бир томоннинг иккинчи томонни шартномадан воз кечиш ҳақида хабардор қилиши орқали амалга оширилади.

Совиш даврининг давомийлиги ижрочи томонидан истеъмолчига шартномани бекор қилиш тартиби тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш мажбурияти тегишли равишда (қонунчиликда белгиланган шакл ва муддатда) бажарилган ҳолатлар ҳамда ушбу мажбурият бузилган ҳолатларга қараб турлича белгиланади.

Масалан, Россия қонунчилигида истеъмолчининг истеъмол шартномасидан воз кечишини тартибга солувчи қоидалар шартнома турига, уни тузиш усулига, у билан тартибга солинадиган муносабатлар соҳасига, истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши мавжудлиги ва турига қараб фарқланади. Агар сотувчи (ижрочи) томонидан масофавий тартибда тузилган шартномани ҳеч қандай асос келтирмасдан совиш даврида бекор қилиш ҳуқуқи тўғрисида истеъмолчини хабардор қилиш мажбурияти бузилмаган бўлса, Россия қонунчилиги Европа Иттифоқи давлатларига нисбатан қисқароқ совиш даврини назарда тутади. РФ ФКнинг 497-моддаси, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 26¹-моддасига мувофиқ, масофавий тартибда тузилган товар сотиш шартномасидан истеъмолчи товар истеъмолчига топширилгунга қадар ва уни топширгандан кейин етти кун ичида сабаб кўрсатмасдан воз кечиши мумкин.

Европа парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгашининг 2011 йил 25 октябрдаги № 2011/83/ЕС «Истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Директивасига (9-модда) кўра эса, сотувчи томонидан ҳеч қандай қоидабузарлик бўлмаган ҳолларда масофавий шартномани бекор қилиш учун истеъмолчига, қоида тариқасида, 14 кун берилади. Бу муддат товар истеъмолчи тасарруфига ўтган пайтдан ёки хизмат кўрсатиш шартномалари бўйича шартнома тузилган кундан ҳисобланади.

Маълумот учун: Европа Иттифоқининг 2011/83/ЕС Директивасининг I иловаси (A)да истеъмолчига шартномани бекор қилиш ҳуқуқи тўғрисида тақдим этиладиган ахборотнинг намунавий шакли (model instructions on withdrawal) белгиланган. У мазкур ҳуқуқнинг мазмуни, уни амалга ошириш тартиби ҳамда истеъмолчи ушбу ҳуқуқни амалга оширган тақдирда кўриладиган харажатлар ҳақидаги тушунтиришларни ўз ичига олади. Хусусан, сотувчи истеъмолчига масофавий шартномани бекор қилиш учун намунавий шаклни (model withdrawal form) тақдим этиши шарт.

Масофавий усулда тузилган шартномадан воз кечиш товарни сотувчига қайтариш тартибини ҳамда сотувчи томонидан истеъмолчидан олинган пул маблағларини қайтариш тартибини белгилашни талаб қилади. Россия қонунчилигига мувофиқ, ижрочи истеъмолчидан олинган тўловларни истеъмолчи тегишли талабни билдирган кундан бошлаб 10 кун ичида қайтариши шарт.

Муҳим жиҳати шундаки, ЕИда сотувчига товарни қабул қилиб олмагунга қадар ёки истеъмолчи товар жўнатилганини тасдиқловчи далилларни тақдим этмагунга қадар (қайси бири аввал рўй берса) пул маблағларини ушлаб туриш ҳуқуқини беради, бундан сотувчи товарни ўзи олиб кетадиган ҳоллар мустасно. Шу билан бирга, пул маблағларини қайтариш билан боғлиқ харажатлар истеъмолчи зиммасига юкланмайди.

Шунингдек, ЕИнинг 2011/83/ЕС Директивасида масофавий ёки сотувчининг хизмат хонасидан ташқарида тузилган шартномалар орасида истеъмолчи совиш даврида воз кеча олмайдиган шартномалар рўйхати белгиланган. Уларга, жумладан, истеъмолчининг индивидуал талабларига мувофиқ тайёрланган товарлар, тез бузиладиган товарлар, гигиена сабабларига кўра қайтарилмайдиган ва етказиб берилгандан кейин очилган товарлар, муҳрланган аудио-видео маҳсулотлар ёки дастурий таъминот, газета ва журналлар, оммавий аукцион орқали тузилган шартномалар, маълум санага боғлиқ дам олиш ва кўнгилочар хизматлар, шунингдек рақамли контентга оид шартномалар киради. Шартномадан воз кечишга оид қоидалар молиявий хизматлар кўрсатиш шартномаларида ҳам ўрнатилган.

Хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон қонунчилигига шартномадан сабабсиз воз кечиш даврини киритиш, бу ҳақда истеъмолчини хабардор қилишнинг ва шартномадан воз кечишнинг намунавий шаклларини жорий этиш, масофавий харид қилинган қайтарилмайдиган товарлар рўйхатини белгилаш таклиф этилади.

Хулоса қилганда, электрон тижоратнинг ривожланиши истеъмолчилар учун янги имкониятлар яратиши билан бирга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид янги ҳуқуқий чақириқларни ҳам юзага келтирмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон қонунчилигида истеъмолчиларга ахборот бериш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва масофавий шартномалардан воз кечиш каби муҳим институтлар етарли даражада такомиллашмаган. Хусусан, онлайн савдода сотувчиларнинг ахборот бериш мажбуриятлари аниқ белгиланмаган, тўғридан-тўғри маркетингни тартибга солиш механизмлари етарли эмас ва “совиш даври” институти алоҳида ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамланмаган.

Хорижий тажриба, айниқса Европа Иттифоқи ва Россия қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур соҳада аниқ ва комплекс ҳуқуқий механизмларни жорий этиш истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шу боис, Ўзбекистон қонунчилигига масофавий шартномалардан сабабсиз воз кечиш ҳуқуқини киритиш, истеъмолчиларга тақдим этиладиган ахборот турларини кенгайтириш, шахсий маълумотлардан фойдаланишни, хусусан маркетинг мақсадларида, аниқ тартибга солиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Умуман олганда, электрон тижорат соҳасида ҳуқуқий базани такомиллаштириш истеъмолчилар ишончини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва бозор иштирокчилари ўртасида адолатли рақобат муҳитини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Сафарова Адиба Шухрат қизи

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими