Ёшлар куни муносабати билан Олимпия шаҳарчасида Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашув ёшлар сиёсати сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини яна бир бор намоён этди. У ёшлар фақат давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган ижтимоий қатлам эмас, балки мавжуд муаммоларга самарали ечим таклиф этаётган, янги иқтисодий ва ижтимоий қиймат яратаётган куч экани яна бир бор тасдиқлади.
Президентимизнинг “Ворислик фақат фахрланиш эмас, улкан масъулият ҳамдир”, деган сўзлари учрашувнинг ғоявий мазмунини ифодалади. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизга ворислик фақат тарих билан фахрланишни эмас, балки билим яратиш, илмий тафаккурни ривожлантириш ва халқ манфаатига хизмат қиладиган янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш масъулиятини ҳам юклайди. Шу жиҳатдан Учинчи Ренессанс ғояси тобора аниқ амалий мазмун касб этмоқда. Унинг пойдевори замонавий мактабларда, олий таълим ва илмий муассасаларда, технопарк ва лабораторияларда, ёшлар ташкил этаётган стартапларда, яратилаётган дастурий маҳсулотлар, муҳандислик ишланмалари ва ижтимоий лойиҳаларда барпо этилмоқда. Зеро, бу ғоянинг натижадорлиги ёшларга яратилаётган имкониятларнинг илмий натижа, инновацион маҳсулот ва жамият манфаатига хизмат қиладиган ташаббусларга айланиши билан белгиланади.
Мазкур сиёсатнинг ҳуқуқий пойдевори, энг аввало, Конституциямизда давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши сифатида белгиланган. Шунингдек, ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий ривожланиши, таълим олиши, соғлиғини сақлаши, уй-жойга эга бўлиши, ишга жойлашиши ва бандлиги учун шарт-шароит яратиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида мустаҳкамланган. Шу боис, ёшларга таълим олиш, касб эгаллаш, меҳнат қилиш, ўз истеъдодини рўёбга чиқариш ва давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятини яратиш муайян даврга мўлжалланган ижтимоий ёрдам эмас, балки конституциявий мажбуриятларни амалга ошириш шаклидир. Ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар бир дастур тенг имкониятларни кенгайтириш, инсон салоҳиятини ривожлантириш ва шахснинг эркин камол топиши учун ҳуқуқий ҳамда институционал шароит яратади.
Мазкур ёндашув “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегиясида аниқ мақсадлар, натижа кўрсаткичлари ва ижро механизмлари билан мустаҳкамлаб қўйилди. Унда ёш инсон давлат қарорларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва натижаларини баҳолаш жараёнининг фаол иштирокчиси сифатида эътироф этилади. Стратегия ёшлар манфаатларини таъминлаш, иқтисодий самарадорлик, молиявий барқарорлик, ҳисобдорлик, шаффофлик, узлуксиз режалаштириш ва миллий-маънавий уйғунлик тамойилларига асосланади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига кўра, 2026 йилда мамлакатимиздаги 14-30 ёшли аҳоли сони 9,5 миллион нафарни, яъни умумий аҳолининг 25 фоизини ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёш кириб келмоқда. Бу демографик салоҳият Ўзбекистоннинг стратегик устунликларидан биридир. Бироқ демографик устунлик ўз-ўзидан тараққиёт омилига айланмайди. Унинг иқтисодий ва ижтимоий самараси ёшларнинг сифатли таълим, замонавий касб, илм-фан ва технологиялар билан қамраб олинишига бевосита боғлиқ.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг замонавий дунёда мамлакатлар ҳудуди ёки табиий бойликлари билан эмас, билим, технология ва инсон капитали билан рақобатлашаётгани ҳақидаги фикри алоҳида аҳамият касб этади. Билимлар иқтисодиёти шароитида инсон тафаккури стратегик ресурсга, ёшларнинг малакаси ва янгилик яратиш қобилияти эса миллий тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланмоқда.
Сўнгги йилларда эришилган натижалар мазкур сиёсатнинг амалий самарасини кўрсатмоқда. “Ёшлар дафтари” орқали 1,5 миллион ёшнинг муаммолари ҳал қилинган, ёш тадбиркорлар сони беш карра кўпайган. Хорижий тилларни интенсив ўрганаётган йигит-қизлар сони 3,5 миллион нафарга етган. Ўқувчи ва талабалар халқаро фан олимпиадаларида 434 та, ёш спортчилар эса нуфузли мусобақаларда 2245 та медални қўлга киритган. Ушбу кўрсаткичлар давлат томонидан яратилган имкониятлар ёшларнинг шахсий интилиши ва меҳнати билан уйғунлашганда аниқ натижа бериши мумкинлигини кўрсатади.
Учрашувда илгари сурилган янги ташаббуслар ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини кейинги сифат босқичига олиб чиқмоқда. Ҳар йили 500 минг йигит-қизни замонавий касбларга ўқитишга қаратилган “Келажак билимлари экотизими”, касбини янгиламоқчи бўлган ёшлар учун “касб ваучери”, эҳтиёжманд оилалардаги ишсиз ёшларнинг хусусий ўқув марказларида бепул касб эгаллаши, техникумларда давлат грантларини кенгайтириш каби механизмлар таълимни бевосита бандлик ва даромад билан боғлашга хизмат қилади. Бу орқали ёшлар сиёсати меҳнат бозори талабларига мос барқарор компетенцияларни шакллантириш моделига ўтмоқда.
Олий таълим битирувчисини ишга олган тадбиркор учун ёш мутахассисга нисбатан даромад ва ижтимоий солиқ ставкасининг бир йил давомида 1 фоиз этиб белгиланиши ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бу механизм иш берувчининг манфаатини ёш мутахассиснинг бандлиги билан уйғунлаштиради, битирувчининг меҳнат бозорига киришидаги дастлабки тўсиқларни камайтиради. Бунда ёшлар бандлигини таъминлаш вазифаси иш берувчи учун аниқ иқтисодий рағбат билан мустаҳкамланмоқда.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган “Ёшлар мини-франшизаси” дастури, маҳаллий брендлар асосида бизнес бошлаш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилиши, юқори даромад ва кўплаб иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга 5 миллиард сўмгача инвестиция киритилиши ёшларнинг бизнес ғояларини бозорбоп ва барқарор лойиҳаларга айлантириш учун молиявий асос яратади. Молиялаштиришнинг тайёр бизнес моделлари ва маслаҳат кўмаги билан уйғунлаштирилиши ёшлар тадбиркорлигини тасодифий фаолиятдан тизимли иқтисодий институтга айлантиришга хизмат қилади.
Давлат бошқарувида ёшларнинг салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган “ТОП-100” дастури, уларнинг вазирлик, идора ва халқаро ташкилотларда стажировка ўташи, иқтидорли ёшларнинг раҳбарлик лавозимлари ва кадрлар захирасига тавсия этилиши давлат хизматида меритократик мезонларни мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу механизмлар Конституциямизда белгиланган ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ишга жойлашиш ва бандлик ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир қоидаларнинг изчил ифодасидир. Бундай тизимда ёш эмас, унинг билими, ташаббуси, касбий салоҳияти ва эришган натижаси асосий баҳолаш мезонига айланади.
Ёш ҳуқуқшунос ва илмий ходим сифатида мазкур йўналишни алоҳида аҳамиятли деб ҳисоблайман. Замонавий давлат бошқаруви тажриба билан бирга янги билим, илмий-таҳлилий ёндашув, рақамли кўникма ва ташаббускорликка ҳам таяниши зарур. Ёшларнинг давлат бошқарувига тизимли жалб этилиши авлодлар алмашинуви эмас, тажриба билан янгича тафаккурнинг ўзаро уйғунлашувидир. Бу эса қабул қилинаётган қарорларнинг сифати ва келажакка йўналтирилганини оширади.
Давлатимиз раҳбарининг “Биз ёшларга яратиб бераётган имкониятлардан ҳеч бир ўғил-қизимиз четда қолмаслиги керак”, деган қатъий талаби ислоҳотларнинг инсонпарварлик моҳиятини ифодалайди. Ота-она қарамоғидан маҳрум, ногиронлиги бўлган, миграция, ҳарбий хизмат ёки жазони ўташдан қайтган ёшлар учун “Кафолатланган биринчи қадам” пакети жорий этилиши давлат сиёсатида тенг имконият ва ижтимоий адолат тамойиллари устувор эканини кўрсатади. Шу тариқа янги ёшлар сиёсати фақат юқори натижаларга эришган ёшларни рағбатлантириш билан чекланмай, бошланғич имкониятлари турлича бўлган барча йигит-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган инклюзив мазмун касб этмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий моҳиятини ҳуқуқ, имконият ва масъулиятнинг ўзаро уйғунлигида кўраман. Ҳуқуқ реал имконият билан таъминлангандагина амалий мазмун касб этади, имконият эса билим, ҳалол меҳнат ва шахсий масъулият билан уйғунлашгандагина тараққиёт натижасига айланади. Шу маънода, ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг пировард мақсади фақат имтиёзлар тақдим этиш эмас, мустақил фикрлайдиган, далил ва илмий хулосалар асосида янги ечимлар ишлаб чиқадиган, жамият ва давлат олдидаги масъулиятини англайдиган авлодни шакллантиришдан иборат.
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқоти, уларнинг лойиҳаларини шахсан тинглаши ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаши ёшларда давлат ислоҳотларига дахлдорлик, ишонч ва масъулият ҳиссини кучайтиради.
Бугун ёшлар учун яратилаётган имкониятлар аниқ ҳуқуқий, институционал ва молиявий механизмлар билан таъминланган. Улардан самарали фойдаланиш, чуқур билим, ҳалол меҳнат, юксак ҳуқуқий маданият ва ватанга садоқат билан мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш давлатимиз томонидан билдирилган юксак ишончга муносиб жавобдир. Ана шундай масъулиятли ва бунёдкор авлодгина буюк аждодлар меросини давом эттириб, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлай олади.
Фарангиз Эштурдиева
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти докторанти
