Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Бизнинг таянчимиз ҳам, суянчимиз ҳам, энг катта кучимиз ҳам ушбу соҳада мужассам. Шу боис, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача барча раҳбарларнинг кундалик вазифаси бўлиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими Қаҳҳор Жумаев билан мустақиллик йилларида тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон мустақилликка эришгач, маъмурий-буйруқбозлик иқтисодиётидан бозор муносабатларига ўтишни стратегик мақсад сифатида белгилади. Бу жараённинг асосий йўналишларидан бири –хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш ҳамда хусусий секторни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўлди.
1992 йилги Конституцияда турли мулк шакллари тенглиги ва хусусий мулкнинг дахлсизлиги мустаҳкамланди. Фуқаролик кодекси ҳамда мулкчилик, хусусийлаштириш ва тадбиркорлик эркинлигига оид асосий қонунлар қабул қилиниб, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали мулкдорлар қатлами шакллантирилди.
Бизнес учун маъмурий тўсиқлар камайтирилди. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилиб, «ягона дарча» тамойили жорий этилди. Давлат органларининг молиявий санкция қўллаш ваколатлари чекланиб, айрим таъсир чоралари фақат суд қарори асосида амалга оширилиши белгиланди.
2017 йилдан тадбиркорликни ривожлантириш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида давлат назорати тизими қайта кўриб чиқилиб, тадбиркорликка ортиқча аралашув қисқартирилди. Валюта бозори либераллаштирилиб, эркин конвертация жорий этилди. Бу ислоҳотлар хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.

2021 йилдан бошлаб Президентнинг тадбиркорлар билан анъанавий “Очиқ мулоқот” тизими йўлга қўйилди, 20 август эса Тадбиркорлар куни сифатида белгиланди. Фаол тадбиркорларни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этилди. 2022 йилда Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил қилиниб, тадбиркорликка оид муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш тизими йўлга қўйилди.
Ушбу ислоҳотлар натижасида мамлакатда тадбиркорларнинг янги авлоди шаклланди. Бугун тадбиркорлик аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бирига айланди. 2020 -2025 йилларда тадбиркорлик соҳасида 7,5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланди, 2025 йилнинг ўзида 3 миллиондан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ҳозирда иш билан банд аҳолининг қарийб 75-80 фоизи тадбиркорлик соҳаси ҳиссасига тўғри келади.
– Хусусий мулк ҳимояси ва ҳуқуқий кафолатларнинг кучайтирилиши қандай натижа бермоқда?
– Кейинги йиллардаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси конституциявий даражага кўтарилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдорни қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари ва суд қарорисиз мулкидан маҳрум этиш мумкин эмаслиги, давлат эса қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши кафолатланди.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда тадбиркор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи мустаҳкамланди. Унга кўра, қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркор фойдасига талқин қилинади.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим институтлардан бири – 2017 йилда ташкил этилган Бизнес-омбудсман ҳисобланади. Унга тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, текширувларнинг қонунийлигини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ваколатлари берилди.
2017 йилда маъмурий судлар ташкил этилди, 2018 йилда эса Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қабул қилиниб, давлат органлари қарорлари ва ҳаракатлари устидан суд тартибида самарали шикоят қилиш механизми яратилди.
Ушбу ислоҳотлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини сезиларли даражада мустаҳкамлаб, унинг институционал асосларини шакллантирди.
– Давлат назоратини такомиллаштириш ва хавфларни баҳолаш тизимининг аҳамияти қандай?
– Мустақилликнинг дастлабки йилларида тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилган асосий омиллардан бири – асоссиз текширувлар эди. Сўнгги йилларда бу тизим тубдан ислоҳ қилинди.
Бугун тадбиркорлик субъектларини текшириш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди. Барча текширувлар “Ягона давлат назорати” электрон тизими орқали Бизнес-омбудсманнинг розилиги ёки уни хабардор қилиш асосида амалга оширилади. Ушбу тизимда рўйхатдан ўтмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Назорат тизимида халқаро тажриба асосида хавфларни баҳолаш (Risk assessment) механизми жорий этилди. Энди текширувлар тадбиркорлик субъекти фаолиятида қонун бузилиши хавфи юқори ёки ўртача юқори деб баҳоланган ҳолларда ўтказилади, хавфи паст субъектлар эса режали текширувлардан озод қилинади.
– Ишбилармонлик муҳитини соддалаштириш ва иқтисодиётни рақамлаштириш самараси қандай?
– Тадбиркорлик соҳасида давлат хизматларини рақамлаштириш бизнес юритиш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштирди. Илгари бир неча кун ёки ҳафта талаб этган корхона рўйхатдан ўтказиш, банк ҳисобварағини очиш каби жараёнлар бугун электрон шаклда қисқа вақт ичида амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда тадбиркорликка оид хизматларнинг асосий қисми Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилмоқда. 2022 йилда license.gov.uz портали ишга туширилиб, лицензия ва рухсатномаларни бериш жараёни тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупция хавфларини пасайтиришга хизмат қилди. Солиқ ва божхона маъмурчилиги рақамлаштирилди. Солиқ ҳисоботларини электрон топшириш тизими жорий этилди, божхона расмийлаштируви муддатлари бир неча кундан бир неча соатгача қисқарди. Бу тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни камайтирди.
Амалга оширилган ислоҳотлар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Жаҳон банкининг Business Ready (B-Ready) дастури натижаларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда ислоҳотларни энг фаол амалга оширган 29 мамлакат қаторига кирди ҳамда «Амалиётнинг осонлиги» йўналиши бўйича энг юқори баҳоланган давлатлардан бири бўлди. 2026 йилда мамлакат Иқтисодий эркинлик индексида 14 поғона юқорилаб, илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин давлатлар» гуруҳига кирди.
– Иқтисодиётни халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш жараёнларининг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.
– 2017 йилдан бошлаб миллий иқтисодиётни халқаро стандартларга мослаштириш ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялаштириш ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни фаоллаштирилиб, миллий қонунчилик ва техник регламентлар халқаро талабларга мослаштирилмоқда. Иқтисодиётда монополия улуши қисқартирилиб, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмоқда. Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби нуфузли халқаро институтлар билан ҳамкорлик кенгайиб, улар иштирокида йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўтган 35 йил, айниқса, кейинги ўн йил давомида амалга оширилган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар Ўзбекистонда эркин бозор иқтисодиёти ва кучли хусусий секторни шакллантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Бу ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорлик учун янада қулай муҳит яратиш ва халқаро стандартларга мувофиқ ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ҳамда халқаро рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилидир.
Қаҳҳор Жумаев
Ўзбекистон Республикаси
Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат
институти етакчи илмий ходими
