2026-йил 6-август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими Г.Д. Саттарова «Дунё бўйлаб» телеканалининг «Актуал студия» кўрсатувида «Меҳнат низолари: қонун ходимлар ва иш берувчиларни қандай ҳимоя қилади?» мавзусида иштирок этди.
Кўрсатув давомида меҳнат низоларини суд тартибида ҳал этиш ҳамда меҳнат муносабатларида ижтимоий адолатни таъминлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ходим ва иш берувчи манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ишга тиклаш билан боғлиқ низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, иш ҳақи тўлаш кечиктирилганда ходим учун назарда тутилган кафолатлар, шунингдек, меҳнат низоларини кўриб чиқишда электрон ҳужжатлар ва рақамли далиллардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, янги Меҳнат кодексини қўллаш бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш, жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш соҳасидаги сўнгги қонунчилик янгиликлари, жумладан, яраштириш тартиб-таомиллари, меҳнат арбитражи ҳамда ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, меҳнат муносабатларида ижтимоий адолат низони бир томон фойдасига автоматик ҳал этишни эмас, балки бузилган меҳнат ҳуқуқларини самарали тиклаш билан бир вақтда ходимлар ва иш берувчиларнинг қонуний манфаатларини, ҳуқуқий аниқлик ҳамда меҳнат муносабатлари барқарорлигини таъминлашни англатади.


