Жорий йилнинг 4 июль куни ҚҲСИда Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, Матбуот стандартлари бўйича мустақил ташкилот раиси Лорд Эдвард Фолкс билан онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Британия парламенти аъзосига ҚҲСИ фаолияти ва унинг мамлакатда конституциявий қурилиш, давлат бошқаруви ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлардаги иштироки тўғрисида маълумот берилди.

Асосий эътибор янгиланган Конституцияга шарҳлар, Фуқаролик кодексининг янги таҳрири ва давлат ҳокимиятини номарказлаштиришга оид тавсияларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга қаратилди.

Ўз навбатида, Э.Фолкс Ўзбекистон ҳукумати фаол иш олиб бораётган деволюция жараёни самарали давлат қурилиши йўлида аксарият ривожланган мамлакатлар босиб ўтган қадам эканлигини таъкидлади.

Э.Фолкс ОАВнинг давлатдаги муҳим ролини таъкидлаб, Ўзбекистонда бу борада қонунчиликдаги ўзгаришларни юқори баҳолади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган глобал Интернет тармоғидан фойдаланиш кафолатлари тўғрисидаги янги қоидалар матбуот эркинлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради ва мамлакатдаги медиа-муҳитга ижобий таъсир кўрсатади.

Учрашув якунида Буюк Британия парламенти аъзоси ўзаро келишилган йўналишлар бўйича ҚҲСИ билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.