Жорий йил 13 август куни ҚҲСИ да Криминология тадқиқот институти (КТИ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида КТИ вакиллари ҚҲСИ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда унинг қонунчиликнинг турли соҳаларида амалга ошираётган илмий-тадқиқот лойиҳалари билан таништирилди. Меҳмонларга, шунингдек, ҚҲСИнинг Илмий-таълим мажмуаси ҳамда докторантура ва магистратура дастурларини ташкил этишдаги инновацион ёндашувлари ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида, КТИ раҳбарияти олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, амалий ишланмалар ва яратилган лаборатория шароитлари ҳақида ахборот тақдим этди.
Томонлар ўзаро келишилган йўналишларда қўшма тадқиқотларни ташкил этиш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ёшлар радикаллашувига ва кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича келишувга эришилди. Учрашув якунида ушбу икки институт ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.


