Жорий йил 28 августда ҚҲСИ директори ўринбосари профессор В.Эргашев Қозоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот институти, Конституциявий суд ва Президент маркази томонидан Астана шаҳрида ташкил этилган “Конституция ва давлатчилик: ҳуқуқ ва келажак мулоқоти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда онлайн тарзда маъруза билан иштирок этди.

Ўз нутқида профессор Эргашев конференция ташкилотчиларини ушбу тарихий сана билан самимий табриклаб, Қозоғистон Конституцияси ўтган ўттиз йил давомида замон талабларига жавобан 2017, 2019 ва 2022 йиллардаги конституциявий ислоҳотлар орқали эволюция қила олиш салоҳиятини намоён этганини таъкидлади. Асосий қонун фундаментал тамойилларини йўқотмасдан ривожлана оладиган “тирик” ҳужжат сифатида қолиши орқали конституционализм тажрибаси бутун минтақа учун катта қийматга эга эканини қайд этди.

У 2023 йилда Ўзбекистонда ҳам кенг кўламли конституциявий ислоҳотлар ўтказилганини, улар фақатгина долзарб вазифаларни ҳал этишга эмас, балки келажакнинг ҳуқуқий архитектурасини шакллантиришга қаратилганини таъкидлади. Бу ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланди, парламент назорати кенгайтирилди, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили мустаҳкамланди ва энг асосийси – эндигина шакллана бошлаётган чақириқларга жавоб бериш учун конституциявий пойдевор яратилди.

Нутқ давомида Марказий Осиё конституционализми кўп асрлик давлатчилик анъаналари билан замонавий демократик институтларни уйғунлаштириши билан ўзига хос эканлиги таъкидланди. Тарихий тажриба ва инновацион ёндашувлар ўртасидаги бу мулоқот ҳуқуқий тараққиётнинг ўзига хос моделини яратади. Минтақа давлатлари конституциялари хорижий намуналарни механик тарзда кўчириб олмасдан, универсал тамойилларни миллий контекстларга ижодкорона мослаштиради. Ўзбекистондаги маҳалла институти ва Қозоғистондаги маслиҳатлар тизими анъанавий ўзини-ўзи бошқариш шаклларининг замонавий конституциявий тизимга интеграциялашувига яққол мисолдир.