Шу йил 21 майда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ташкил этилган «Рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш: инновациялар, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мутаносиблиги» мавзусидаги «Tashkent Cyberlex – 2026» халқаро илмий-амалий форумида ҚҲСИ вакиллари – илмий котиб А.Расулев ва бош илмий ходим А.Анорбоев иштирок этдилар.

Тадбир рақамли асрда инновацион ривожланиш, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш бўйича замонавий ёндашувларга бағишланди. Муҳокамалар марказида ҳуқуқий сиёсатни трансформация қилиш масалалари, одил судлов институтлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти учун янги таҳдидлар, шунингдек, рақамли глобаллашув шароитида халқаро ҳамкорлик истиқболлари бўлди.

Форум доирасида замонавий рақамли ҳуқуқий кун тартибининг асосий йўналишларини қамраб олган ихтисослаштирилган сессиялар ўтказилди: «Юридик фан ва таълимдаги инновациялар: киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ва сунъий интеллект», «e-Crime: рақамли криминалистиканинг замонавий усуллари ва воситалари», «Сунъий интеллект ва жиноят процесси рақамли трансформацияси: тараққиёт, хавф-хатарлар ва шахс ҳуқуқлари кафолатлари», «Рақамли далиллар ва криптоактивлар: активларни қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик.»

Форумда Ўзбекистон, Германия, Франция, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Нидерландия, Австрия, Латвия, Исроил, Вьетнам, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Озарбайжон каби давлатларнинг академик ҳамжамияти, суд-экспертиза ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, ЕХҲТ ва Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган форум рақамли трансформациянинг энг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, замонавий ҳуқуқий ечимларни излаш ва жадал технологик ривожланиш шароитида қонунийлик ва хавфсизликни таъминлашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган кенг кўламли халқаро экспертлар платформаси сифатида ўзини намоён этди. Унинг ўтказилиши рақамли ҳуқуқ, киберхавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, илғор халқаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди, шунингдек, Ўзбекистонда замонавий чақириқлар ва глобал тенденцияларга мувофиқ рақамли ривожланиш ва ҳуқуқий тизимни модернизация қилиш масалаларига қаратилаётган эътиборни акс эттирди, Тошкентнинг рақамли асрда қонун устуворлиги масалалари бўйича экспертлар мулоқоти майдони сифатидаги роли ортиб бораётганини тасдиқлади.