Шу йил 21 майда ҚҲСИда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва Марказий Осиё минтақасида сув барқарорлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий тартибга солишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишга бағишланган илмий-амалий «давра суҳбати» ташкил этилди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот ва эксперт-таҳлил муассасалари вакиллари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида сув дипломатияси, минтақавий ҳамкорлик, экологик назорат, ушбу соҳадаги миллий ва халқаро ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш билан боғлиқ замонавий муаммолар кўриб чиқилди.
Давлатлараро мулоқот механизмларини ривожлантириш масалаларига, шунингдек, трансчегаравий сув масалаларини ҳал этишда минтақа давлатларининг келишилган ёндашувларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари минтақавий лойиҳалар ва ҳамкорликнинг халқаро механизмларини янада ривожлантириш, жумладан, сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, инфратузилма ва энергетика ташаббусларини амалга ошириш, шунингдек, сув қонунчилигини такомиллаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Сув, экология, энергетика масалаларига халқаро стандартлар, миллий манфаатлар ва барқарор ривожланиш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда комплекс ёндашиш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақада сув ресурсларини бошқариш бўйича замонавий ва самарали институционал ва ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш соҳасида таҳлилий ва экспертлик компонентини мустаҳкамлаш, фанлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

