2025 йил 17 ноябрда Тошкент шаҳрида Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Меморандумнинг имзоланиши илмий-ҳуқуқий мулоқотни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди ва икки қардош мамлакатнинг етакчи «ақл марказлари» ўртасидаги узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратди, бу эса давлат раҳбарларининг стратегик шериклик ва яхши қўшничилик муносабатларини чуқурлаштириш йўлига тўлиқ мос келади.
Ушбу ҳужжат амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлилий қўллаб-қувватлаш мақсадида томонларнинг эксперт ва илмий салоҳиятини бирлаштириш учун кенг имкониятлар очади. Уни амалга ошириш доирасида қонун ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш соҳаларида фаол тажриба алмашиш, шунингдек, ҳуқуқий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича қўшма илмий тадқиқотлар, конференциялар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш кўзда тутилган. Профессионал юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади.
Меморандум доирасидаги ҳамкорликдаги ишлар Ўзбекистон ва Туркманистон миллий қонунчилигини янада такомиллаштиришга кўмаклашиш, давлатларнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлиги учун қулай ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган.
