Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти жамоаси Институт директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мир-Акбар Раҳмонқуловнинг вафот этганини чуқур қайғу билан маълум қилади.

Мир-Акбар Раҳмонқулов ўз ҳаётини давлатга хизмат қилиш ва мамлакатимиз юридик фанини ривожлантиришга бағишлади. У турли йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик кенгаши котиби, Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

Профессор Мир-Aкбар Раҳмонқулов фуқаролик ҳуқуқи, халқаро ҳуқуқ, конституциявий ҳуқуқ ва миллий хавфсизлик соҳаларида юзлаб илмий асарлар муаллифидир. Унинг парламентаризм, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштиришга қаратилган сиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлари натижалари Ўзбекистон мустақиллик йилларида миллий ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришда муҳим назарий-амалий аҳамият касб этган.

Институт жамоаси марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари, шогирдлари ва ҳамкасбларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Атоқли давлат арбоби ва олимнинг ёрқин хотираси ҳамкасблари ва шогирдлари қалбида абадий сақланиб қолади.