
Рақамли трансформация шароитида сунъий интеллект технологияларининг давлат бошқарувига жадал кириб келиши яширин хатарларни юзага келтирмоқда. Амалиётда ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкилотнинг расмий рухсатига эга бўлмаган очиқ генератив моделлардан яширинча фойдаланиши ахборот хавфсизлигида “Shadow AI” – “яширин СИ” деб номланувчи хавфли институтни шакллантирди. Халқаро “Slack” ва “Cyberhaven” таҳлилий марказлари маълумотларига кўра, ходимларнинг қарийб 60 фоизи СИдан раҳбариятдан яширинча фойдаланаётган бўлса, уларнинг 11 фоизи ўз иш жараёнида махфий ҳужжатларни бевосита очиқ генератив моделларга киритиб юбормоқда. Давлат хизматчиларининг, айниқса, норма ижодкорлиги ва давлат сирлари билан ишловчи субъектларнинг ушбу технологиядан ҳамма баравар, ҳеч бир чекловсиз фойдаланиши бир нечта ҳалокатли ҳуқуқий оқибатларни юзага келтиради.
Биринчидан, рухсати чекланган идоравий ёзишмалар, қонун лойиҳаларининг хомаки матнлари ва фуқароларнинг шахсий мурожаатларини таҳлил қилиш учун хорижий серверларда жойлашган очиқ СИ платформаларига (ChatGPT, Gemini ва бошқалар) киритиш давлат сири ҳамда ахборот суверенитети режимини тўғридан-тўғри бузади, яъни махфий маълумотларнинг трансчегаравий сизиб чиқишига олиб келади.
Иккинчидан, СИ моделларининг ахборотни тўқиб чиқариш хусусияти сабабли, текширилмаган ва сохта нормаларнинг қонунчилик ҳужжатларига кириб қолиши давлат бошқарувида кескин ҳуқуқий коллизияларни юзага келтиради.
Учинчидан, мансабдор шахснинг қарор қабул қилиш ва таҳлил этиш ваколатини “қора қути” алгоритмига топшириши давлатнинг фуқаролар олдидаги жавобгарлигини йўққа чиқаради ҳамда юридик жавобгарлик субъектини бутунлай мавҳумлаштиради. Қолаверса, махсус СИ-детекторлари ва маълумотлар йўқолишининг олдини олиш тизимларисиз бундай ҳуқуқбузарлик фактини исботлаш амалда имконсиз бўлиб қолмоқда.
Мазкур муносабатларни тартибга солишда 2026 йил 17 июньда кучга кирган (рўйхат рақами 3787, 2026 йил 14 март) “Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидалари” муҳим концептуал пойдевор ҳисобланади. Ушбу ҳужжат алгоритмик қарорлар устидан инсон назоратини сақлаб қолиш тамойилини эътироф этса-да, давлат сирлари ва норма ижодкорлиги каби юридик оқибат келтириб чиқарувчи соҳаларда фақатгина тавсиявий ахлоқий нормалар билан чекланиб бўлмайди. Амалдаги қонунчиликда, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида СИдан рухсатсиз фойдаланиш ёки машина хулосасига кўр-кўрона таяниш каби замонавий ҳуқуқбузарликлар бўйича императив нормалар йўқлиги сабабли, ташкилотларнинг ички локал ҳужжатлари етарли ҳуқуқий назоратни таъминлай олмайди.
Халқаро тажриба таҳлили шуни кўрсатадики, ривожланган давлатлар бошқарувда сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солишда аллақачон тавсиявий нормалар босқичидан қатъий императив назорат босқичига ўтган.
Бу борада фундаментал аҳамиятга эга бўлган Европа Иттифоқининг “Сунъий интеллект тўғрисида”ги қонуни хатарларга асосланган ёндашувни ўрнатиб, давлат хизматлари ва ҳуқуқни қўллашдаги СИ тизимларини “юқори хавф” тоифасига киритади. Қонуннинг 14-моддасига асосан, бундай тизимлар устидан инсон назорати ўрнатилиши мажбурий норма сифатида белгиланган бўлиб, ижтимоий-ҳуқуқий қарорларни тўлиқ алгоритмга топшириш қатъиян ман этилади.
Шимолий Америка минтақасида “Shadow AI” ва махфий маълумотлар сизиб чиқишига қарши асосан техник ва процессуал чекловлар қўлланилмоқда. Хусусан, АҚШ давлат идоралари очиқ булутли хизматлардан воз кечиб, маълумотлар ташқарига чиқмайдиган ёпиқ корпоратив СИ муҳитларини жорий этмоқда. Канада ва Буюк Британия каби давлатларда эса норма ижодкорлиги ҳамда давлат хизматларини кўрсатишда “Алгоритмик таъсирни баҳолаш” институти жорий қилинган. Бу институт идоралардан лойиҳа тайёрлашдаги СИ иштирокини мажбурий декларация қилишни талаб этади.
Бошқа минтақаларда, хусусан, Сингапурнинг “Сунъий интеллектни бошқариш модели”да юридик қарорларда инсон иштирокининг мажбурий даражалари қонунийлаштирилган бўлса, Бразилияда ҳукумат қабул қиладиган алгоритмик қарорларни қатъий сертификациядан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Ушбу халқаро прецедентлар СИдан мутлақ эркин ва назоратсиз фойдаланиш қандай ҳуқуқий хатолар келтириб чиқаришини тасдиқлайди ҳамда миллий қонунчиликка ҳам қатъий жавобгарлик ва инфратузилмавий чекловларни киритиш заруратини исботлайди.
Миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар. Қиёсий таҳлил орқали эришган хулосалардан келиб чиқиб, императив механизмларни инобатга олган ҳолда, идораларнинг тарқоқ ички ҳужжатларидаги бўшлиқларни тўлдириш ва СИдан фойдаланишни ҳуқуқий тизимлаштириш учун қуйидаги аниқ механизмларни қонунчиликка имплементация қилиш таклиф этилади:
1. Норма ижодкорлигида СИ иштирокини мажбурий декларация қилиш: қонун лойиҳаларига СИ томонидан тўқилган нормалар кириб қолишининг олдини олиш ҳамда муаллифлик жавобгарлигини белгилаш учун “project.gov.uz” порталига лойиҳа юкланаётганда СИдан фойдаланилганлигини тасдиқловчи мажбурий электрон декларация тизимини киритиш лозим. Буни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш учун “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига лойиҳа ишлаб чиқувчилари СИ хулосаларини тўлиқ текширгани ва маълумот ишончлилигига тасдиқ бергани тўғрисидаги қоида қўшилади.
2. Очиқ моделларни тақиқлаш ва ёпиқ корпоратив инфратузилмага ўтиш: махфий маълумотларнинг глобал серверларга сизиб чиқишини тўхтатиш мақсадида, “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ташқи тармоқдан узилган, хавфсиз локал нейротармоқ яратилиши керак. Мазкур инфратузилма йўлга қўйилгач, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига хизмат фаолиятидаги рухсати чекланган маълумотларни очиқ СИ воситаларига киритишни қатъиян тақиқловчи норма киритиш мақсадга мувофиқ.
3. Алгоритмик оқибатлар учун инсоннинг мутлақ жавобгарлигини белгилаш: мансабдор шахснинг фуқаролар ҳуқуқларига оид қарорлар бекор қилинганда алгоритм хатосини рўкач қилиб жавобгарликдан қочишига ҳуқуқий чек қўйиш зарур. Бунинг учун тўғридан-тўғри “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 54-моддасига автоматлаштирилган тизим хатоси маъмурий ҳужжатнинг қонунийлиги юзасидан мансабдор шахсни жавобгарликдан озод этмаслиги ва бу енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилмаслиги тўғрисидаги императив принцип киритилади.
Хулоса. Юқорида илгари сурилган таклифлар — алгоритмик декларация жорий этиш, ёпиқ СИ муқобилини яратиш ва мутлақ юридик жавобгарликни инсон зиммасида қолдириш технологик тараққиётга қўйилган тўсиқ эмас, балки давлатни жиддий ахборот ва ҳуқуқий инқирозлардан асраб қолувчи ечимдир. Идораларнинг тарқоқ ички йўриқномалари ўта мураккаб ҳуқуқий масалаларни ҳал қила олмайди; шунинг учун амалдаги Этика қоидаларини аниқ қонуний санкциялар ва инфратузилмавий чекловлар билан бойитишгина давлат хизматчиларининг СИдан хавфсиз ҳамда қонуний доирада фойдаланишини кафолатлайди.
