2026 йил 27 мартда ҚҲСИда «Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишнинг замонавий муаммолари: илмий ёндашувлар ва хорижий тажриба» мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизда ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб назарий ҳамда амалий масалаларини муҳокама қилиш, бу борадаги илмий ёндашувлар ва илғор хорижий тажрибани таҳлил этиш, шунингдек миллий ҳуқуқий тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Семинарда ҚҲСИ, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Тошкент давлат юридик университети, Парламент тадқиқотлари институти ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ҚҲСИ директори ўринбосари Восиджон Эргашевочиб берди. У ўз кириш сўзида Янги Ўзбекистон шароитида ҳуқуқий сиёсатнинг стратегик аҳамияти, замонавий ислоҳотлар жараёнида унинг ўрни, шунингдек ҳуқуқий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилашда ҳуқуқий сиёсатнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Семинар доирасида ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишнинг хорижий тажрибаси, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг замонавий вазифалари, юридик таълим ва ҳуқуқий тарбияни ривожлантириш, ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашда ҳуқуқий сиёсатнинг ўрни, парламентнинг ҳуқуқий сиёсатни шакллантиришдаги аҳамияти, шунингдек ҳуқуқий сиёсатнинг турлари, шакллари ва амалга ошириш усуллари каби долзарб масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

Муҳокамалар жараёнида ҳуқуқий сиёсатнинг назарий асосларини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ҳуқуқ ижодкорлиги ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш, ҳуқуқий маданият ва юридик таълимнинг институционал аҳамиятини кучайтириш, шунингдек хорижий тажрибани миллий ҳуқуқий тизимга мослаштириш масалалари юзасидан қатор муҳим фикр ва таклифлар билдирилди.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон шароитида ҳуқуқий сиёсат давлат ва жамият тараққиётининг муҳим стратегик омилларидан бири бўлиб, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Семинар якунида билдирилган фикр ва таклифларни умумлаштириш, уларни илмий-таҳлилий хулосалар ва амалий тавсиялар шаклида тизимлаштириш ҳамда келгусидаги илмий ва амалий фаолиятда фойдаланишга келишиб олинди.