Шу йил 18 майда Тошкент шаҳрида директор ўринбосари В.Эргашев бошчилигидаги ҚҲСИ вакиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Халқаро миграция ташкилоти томонидан «Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш» мавзусида ташкил этилган биринчи Тошкент халқаро миграция форумида иштирок этдилар.
Форум меҳнат миграцияси соҳасидаги замонавий ёндашувлар, мигрантларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз ва қонуний миграция механизмларини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланди.
Форум доирасида халқаро экспертлар иштирокида ялпи мажлислар, шунингдек, меҳнат миграцияси, касбий малакалар, гендер тенглик, ёшлар сиёсати ва иқлим ўзгаришининг миграция жараёнларига таъсири масалаларига бағишланган панель муҳокамалари ўтказилди.
Форумнинг асосий ғояси хавфсиз, тартибга солинадиган ва қонуний миграцияни таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва барқарор ривожланишга кўмаклашадиган самарали халқаро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Форум дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 600 га яқин вакилни бирлаштирди.
Умуман олганда, форум Ўзбекистоннинг очиқ ва инсонпарвар миграция сиёсатини амалга ошираётган давлат, халқаро мулоқот ва конструктив ташаббуслар маркази сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
