Илм-фан соҳасини модернизация қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Замонавий давлат ривожи бугунги кунда илм-фан, инновация ва технологиялар билан бевосита боғлиқ бўлиб, мамлакатнинг халқаро рақобатбардошлиги, иқтисодий барқарорлиги ва интеллектуал салоҳияти айнан ушбу омиллар орқали белгиланмоқда. Шу маънода илм-фан соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатининг стратегик йўналиши сифатида шаклланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномада иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш мамлакатнинг 2026 йилдаги тараққиётининг иккинчи устувор йўналиши сифатида белгилангани бежиз эмас. Чунки мазкур стратегик мақсадга эришиш илм-фан салоҳиятини изчил мустаҳкамлаш, тадқиқот муҳитини ривожлантириш ва илмий фаолият мақомини оширишсиз мумкин эмас.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фанни қўллаб-қувватлаш, илмий фаолиятни рағбатлантириш ва тадқиқот муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, давлат бюджети маблағларининг салмоқли қисми ижтимоий соҳага, шу жумладан илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Натижада илмий тадқиқотларни молиялаштириш ҳажми сезиларли даражада ошди.
Жумладан, 2025 йилда умумий қиймати 577,1 млрд сўм бўлган 323 та янги лойиҳа, шунингдек, қиймати 217,95 млрд сўм бўлган 434 та амалдаги лойиҳа молиялаштирилди. Халқаро қўшма дастурлар доирасида 112,4 млрд сўмлик 66 та тадқиқот қўллаб-қувватланди.
Илмий кадрлар тайёрлаш тизими ҳам босқичма-босқич кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2026 йил учун стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантура учун 5300 та квота ажратилган бўлиб, уларнинг 4174 таси PhD, 726 таси эса DSc учун мўлжалланган. Эътиборлиси, мазкур квоталарнинг 63,9 фоизи ўтган йилги шу кўрсаткичга нисбатан (40,8 фоиз) иқтисодиёт ва технологиялар ривожи билан бевосита боғлиқ бўлган устувор илмий йўналишларга йўналтирилган.
Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар ҳам фаоллашмоқда. Жумладан, 2025 йилда 145 нафар тадқиқотчи АҚШ, Германия, Хитой, Япония ва Корея Республикаси каби 12 та давлатга стажировка ўташ учун юборилди.
Шу билан бирга, стартап маданияти ва инновацион тадбиркорликни ривожлантириш ҳам жадаллашмоқда. Хусусан, ўтган йили 69 млрд сўмлик 121 та стартап-лойиҳа молиялаштирилди, улар асосида 106 та корхона ташкил этилди. Натижада 847 та иш ўрни яратилди ва 2,1 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди.
Инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш борасидаги ишлар ҳам фаоллашмоқда. Хусусан, 2025 йилда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳисобига бозорга 51,83 млрд сўмлик инновацион маҳсулотлар ва хизматлар чиқарилди, бу эса Давлат бюджетига 6,2 млрд сўм миқдорида солиқ тушумларини таъминлади.
Бугунги кунда илм-фан ва инновацияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш учун зарур ҳуқуқий асослар ҳам шакллантирилди. Жумладан, 2018 йилдан буён мазкур соҳада 3 та қонун, шунингдек, Президентнинг 200 дан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, таълим муассасаларида илмий-тадқиқот жараёнларини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилди.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон 2025 йилги Глобал инновацион индексда 2016 йилга нисбатан ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, Марказий Осиёда биринчи ўринга чиқди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий фаолият самарадорлигини ошириш бўйича мутасадди раҳбарлар ва учрашиб, миллий илм-фаннинг ҳозирги ҳолати, муаммолари ва истиқболини белгилашга оид тақдим этилган таклифлари соҳани мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Аввало, мамлакатимизда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида илм-фан ва иқтисодиёт интеграциясини янада чуқурлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, бугунги кунда миллий иқтисодиётнинг технологик ривожланиши илмий тадқиқотларнинг реал сектор эҳтиёжлари билан узвий боғлиқлигини таъминлашни талаб қилмоқда.
Хусусан, 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда инновацияларни жорий этган корхона ва ташкилотлар сони 1835 тани ташкил этди.
Бу мамлакатимизда инновацион фаоллик босқичма-босқич ортиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, ривожланган давлатлар тажрибаси илм-фан ва хусусий сектор ўртасидаги кооперацияни янада кенгайтириш, тадқиқотларни биргаликда молиялаштириш ва илмий ишланмаларни иқтисодиётга жорий этиш механизмларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этишини кўрсатмоқда.
Шу маънода, Давлат раҳбари томонидан “Лойиҳа доирасида илмий даража” ҳамда “Амалий докторантура” дастурларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар илм-фан ва иқтисодиёт интеграциясини мутлақо янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Мазкур ёндашув доирасида докторлик тадқиқотлари реал сектор эҳтиёжлари асосида шакллантирилади ва уларнинг натижаларини амалиётга жорий этишга устувор аҳамият қаратилади. Бу эса, илм-фанни фақат назарий билим ишлаб чиқарувчи соҳа эмас, балки иқтисодий тараққиёт, инновация ва технологик ривожланишнинг бевосита драйверига айлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия, озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт, сув ресурслари, янги материаллар ва сейсмология каби стратегик соҳалар бўйича юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Ушбу устувор йўналишлардаги докторантлар стипендиясини 1,7 баробарга ошириш бўйича билдирилган таклиф илм-фаннинг ижтимоий мақомини ошириш ва ёшларни тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур таклиф нафақат моддий қўллаб-қувватлаш чораси, балки илм-фанни интеллектуал меҳнатнинг юқори нуфузли ва рақобатбардош соҳасига айлантиришга қаратилган стратегик ёндашув ҳисобланади. Айниқса, мамлакатнинг технологик мустақиллиги ва интеллектуал хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга соҳаларда юқори малакали миллий кадрлар захирасини шакллантириш нуқтаи назаридан ушбу механизм узоқ муддатли аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Scopus ва Web of Science базаларидаги миллий нашрлар сони сезиларли даражада ортгани мамлакатимиз илм-фанининг халқаро илмий макондаги фаоллиги, хусусан чоп этилаётган илмий мақолалар сони тобора ошиб бораётганини кўрсатади.
Бироқ, глобал илм-фан ривожининг замонавий тенденциялари илмий фаолиятни баҳолашда фақат миқдорий кўрсаткичлар эмас, балки тадқиқотнинг илмий янгилиги, методологик ишончлилиги, амалий аҳамияти ва жамият ривожига қўшаётган ҳиссасига устувор аҳамият қаратишни талаб этмоқда.
Айтиш жоизки, Президент томонидан академик ҳалолликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотлар сифати устидан таъсирчан мониторинг механизмларини жорий этиш ҳамда илмий фаолиятни баҳолашнинг замонавий ёндашувларини такомиллаштириш бўйича билдирилган таклифлар соҳада сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беради.
Шу боис, илм-фан соҳасида “кўпроқ чоп этиш” тамойилидан “сифатли ва юқори таъсирга эга тадқиқотлар яратиш” концепциясига босқичма-босқич ўтиш, академик ёзув маданиятини ривожлантириш, миллий илмий таҳрир ва рецензия институтларини кучайтириш ҳамда илмий этиканинг таъсирчан механизмларини такомиллаштириш келгусида мамлакат илм-фанининг халқаро рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади.
Хусусан, бу борада илмий раҳбарлар масъулияти ва уларни рағбатлантириш механизмларини кучайтириш, илмий даража бериш жараёнларини рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ҳамда илмий фаолиятни баҳолашнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган ташаббуслар ҳам илмий ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда.
Айниқса, диссертация ҳимояси жараёнида амал қилаётган тартиб-таомилларнинг қарийб 50 фоизини рақамлаштириш бўйича илгари сурилган таклиф илмий аттестация тизимини модернизация қилишнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Мазкур ёндашув ортиқча қоғозбозлик ва такрорланувчи жараёнларни қисқартириш, инсон омили таъсирини камайтириш ҳамда илмий фаолиятни баҳолашда шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар илмий жараёнда формал ҳужжат айланмасидан кўра тадқиқотнинг мазмуни, методологияси ва илмий янгилигига устувор аҳамият қаратиш имконини кучайтиради.
Ушбу масалада хорижда фаолият юритаётган тажрибали ватандош олимлар билан ҳамкорликни кенгайтириш таклифи жуда ўринли. Глобал илм-фан шароитида интеллектуал капитал давлат чегаралари билан чекланмайди. Хорижда фаолият юритаётган ўзбекистонлик олимларнинг илмий салоҳияти, тажрибаси ва халқаро академик алоқаларини миллий илм-фан ривожига йўналтириш стратегик аҳамият касб этади. Айниқса, замонавий методологиялар, илмий тадқиқот маданияти ва халқаро академик стандартларни миллий илмий муҳитга трансфер қилиш нуқтаи назаридан мазкур ташаббус муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида, бугунги глобал рақобат шароитида давлатлар қудрати табиий ресурслар ҳажми билан эмас, балки инсон капитали, илмий салоҳият ва янги билимлар ишлаб чиқариш қобилияти билан белгиланмоқда. Илм-фанга киритилаётган инвестициялар Ўзбекистоннинг технологик суверенитети, иқтисодий мустақиллиги ва миллий хавфсизлигига қаратилган энг муҳим стратегик сармоядир. Президент томонидан илм-фан ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ҳамда соҳада рақамли ва шаффоф бошқарув механизмларини жорий этиш бўйича билдирилган таклифлар мамлакат илм-фани ривожида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.
Абдулазиз Расулев
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти илмий котиби, юридик фанлар доктори, профессор
