Шу йил 6-8 июнда Шанхай шаҳрида ҚҲСИ директори ўринбосари В.Эргашев бошчилигидаги делегация “ШҲТ дунёдаги кенг кўламли ўзгаришлар шароитида: чақириқларга жавоб бериш ва изчил олға силжиш” мавзусидаги ШҲТ таҳлилий марказларининг халқаро форумида иштирок этди. Форум Шанхай сиёсий фанлар ва ҳуқуқ университети қошидаги ШҲТ учун халқаро юридик тайёргарлик ва ҳамкорлик маркази томонидан ШҲТнинг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли илмий-тадқиқот, таҳлилий ва таълим муассасалари раҳбарлари ва экспертлари иштирок этди.

Форум кун тартибидан глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдид ва хатарлар, замонавий геосиёсий ўзгаришлар ва уларнинг ШҲТ фаолиятига таъсири, шунингдек, Ташкилотни ривожлантиришнинг жорий тенденциялари ва истиқболлари ўрин олди.

Экспертларнинг маърузалари ШҲТни янги халқаро шароитларга мослаштиришнинг асосий йўналишларига, жумладан, глобал бошқарув механизмларини такомиллаштириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий, энергетика ва транспорт соҳаларининг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, шунингдек, ҳамкорликнинг янги молиявий, технологик ва гуманитар воситаларини шакллантиришга қаратилди.

Форум давомида ШҲТ сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаб, глобал ўзгаришларга мослашаётгани таъкидланди. Бу жараёнда таҳлилий марказлар муҳим роль ўйнайди, хавф-хатарларни прогноз қилиш ва келишилган қарорларни ишлаб чиқиш учун эксперт маконини шакллантиради.

Форум якунлари шуни кўрсатдики, ШҲТ халқаро тартибнинг ўзгариши, кўп қутблиликнинг кучайиши ва минтақавий куч марказлари ролининг ортиши билан боғлиқ таркибий ўзгаришлар босқичига кирмоқда.

Форум доирасида ҚҲСИ делегацияси Университет проректори, Марказ раҳбари ўринбосари, профессор Ло Лиган ва Университет ҳузуридаги Рақамли ва интеллектуал ҳуқуқ мактаби раҳбари, профессор Сао Ян билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.