2026 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида (ҚҲСИ) мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчиси Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги экспертлари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Ер қаъри тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қонун лойиҳасида назарда тутилган, амалдаги қонунчиликни Ўзбекистон Республикасининг «Ер қаъри тўғрисида»ги Қонунига мувофиқлаштириш, ер қаъридан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш ҳамда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришга қаратилган ўзгартиришлар кўриб чиқилди.
Қонунчиликда «кон-геология фаолияти» тушунчасини тўғри қўллаш, шунингдек геологик жиҳатдан ўрганиш ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш жараёнида оммавий сервитут ҳамда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳуқуқий механизмларини аниқ чегаралаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, таклиф этилаётган нормаларни «Ер қаъри тўғрисида»ги Қонунда геологик жиҳатдан ўрганиш, қазиб олиш ва рекогносцировка учун белгиланган алоҳида ҳуқуқий режимлар билан мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама якунлари бўйича қонун лойиҳасининг тушунчалар аппаратини аниқлаштириш, оммавий сервитут белгилаш ва ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳолатларини аниқ чегаралаш, шунингдек тегишли давлат органларининг ваколатлари ва ўзаро ҳамкорлик тартибини белгилаган ҳолда лицензия тўловларини ундиришнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
