I. Бунунги кунда креатив индустрия соҳаси миллий иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланмоқда. Ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш кичик бизнеснинг ривожланишига, янги иш ўринларининг яратилишига, шунингдек, фуқаролардаги ижодий ва интеллектуал салоҳиятни рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратишга хизмат қилади.

Ушбу соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида
2024 йил 3-октабрда «Креатив иқтисодиёт тўғрисида» алоҳида Қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун билан илк бор қонунчилик даражасида креатив иқтисодиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асослари мустаҳкамланди, асосий тушунчалар, креатив индустрия соҳасидаги фаолият йўналишлари ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари белгилаб берилди.

Шунингдек, мазкур тармоқни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2026 йил 16 февралдаги «Креатив иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-64-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги «Креатив иқтисодиёт соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги
 90-сон қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил
16 февралдаги ПҚ-64-сонли қарорига мувофиқ, Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши ташкил этилди. Унинг асосий мақсади идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш,«Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонуннинг самарали ижросини таъминлаш ҳамда соҳани иқтисодий ўсиш драйверига айлантириш бўйича стратегик вазифаларни амалга оширишдан иборат эканлиги белгиланди.

Шу билан бирга, креатив индустрия субъектлари учун қулай инфратузилмани шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги қарорида Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклиги асосида Креатив индустрия паркини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатимизнинг учта шаҳрида — Самарқанд, Бухоро ва Хивада креатив кластерларни шакллантириш назарда тутилган.

2026 йил 12 февраль куни Давлатимиз раҳбари раислигида креатив иқтисодиётни ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мазкур соҳани 2030 йилгача ривожлантириш бўйича асосий мақсадлар белгилаб олинди, хусусан, креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга (ёки 145 триллион сўмга) етказиш, экспорт ҳажмини 1 млрд. АҚШ долларидан ошириш ва ушбу соҳада 500 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш каби вазифалар белгиланди.

Маълумот учун: Статистик маълумотларга кўра, ривожланган мамлакатларда креатив индустрия соҳасидаги маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 8–10 фоизни ташкил этади, шунингдек, дунёда иш билан банд аҳолининг 6 фоизидан ортиғи ушбу секторга тўғри келади. Бундан ташқари,
2030 йилга бориб креатив маҳсулотларнинг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.

II. Креатив индустрияни тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича хорижий тажриба  

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб мамлакатлари креатив иқтисодиёт соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Европа Иттифоқи томонидан 2021–2027 йилларга мўлжалланган «Креатив Европа» (Cреативе Эуропе) махсус дастури қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда дастурнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, дастур билан қамраб олинадиган соҳалар ва йўналишлар белгиланган. Бундан ташқари, ҳужжатда 2021–2027 йилларда креатив индустрияларни ривожлантириш ва молиялаштириш шакллари, молиявий кўмак кўрсатиш қоидалари ҳамда ушбу секторни ривожлантиришдан кутилаётган натижалар назарда тутилган.

Дастур доирасида маданий ва креатив индустриялар соҳасидаги йўналишларни молиялаштириш учун 2021–2027 йиллар давомида
1 842 000 000 евро назарда тутилган.

“Creative Europe” дастури креатив индустриялар соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, иштирокчиларнинг касбий ўсиши учун грантлар ажратишни назарда тутади. Шунингдек, у бир нечта мамлакатлар ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш, халқаро бозорларда креатив маҳсулотларни биргаликда яратиш, ишлаб чиқариш ва илгари суришни қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, мазкур дастур Европа Иттифоқининг бошқа молиявий дастурлари билан ҳам мувофиқлаштирилиши мумкин.

Европа Иттифоқининг 2024 йилдаги “Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш тўғрисида”ги
2004/48/EC-сонли директивасига кўра, зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда турли ҳолатлар, жумладан, ҳуқуқ эгаси учун салбий иқтисодий оқибатлар, бой берилган фойда, ҳуқуқбузарнинг даромадлари ва тегишли ҳолларда ҳуқуқ эгасига етказилган маънавий зарар ҳисобга олинадиган ёндашув назарда тутилган. Ушбу механизм интеллектуал мулк объектлари эгаларининг, шу жумладан, креатив индустрия субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган.

Буюк Британияда креатив иқтисодиёт 1990 йилларнинг охирида давлат тараққиётининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Ушбу мамлакатда Ҳукумат ижодий соҳа вакилларини мунтазам равишда молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди
ва инновацион фаолиятни рағбатлантиради.  

Буюк Британияда 1998 йилда Маданият, медиа ва спорт вазирлиги томонидан “Креатив индустрияларни хариталаш тўғрисида” (Creative Industries Mapping Document) ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда ижодий индустрияларнинг Британия иқтисодиётига таъсири комплекс баҳоланган, шунингдек, унда ижодий соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар назарда тутилган.  

Мазкур ҳужжатда биринчи марта “Креатив индустриялар” атамасига таъриф берилган ва у қуйидагича ифодаланган: “Креатив индустриялар – бу индивидуал ижодкорлик, маҳорат ёки истеъдодга таянадиган ҳамда интеллектуал мулкни яратиш ва эксплуатация қилиш орқали қўшимча қиймат ва иш ўринларини яратишга қаратилган фаолиятдир”.

Шунингдек, Буюк Британияда 2023 йилда “Creative Industries Sector Vision” стратегияси қабул қилинди ва ушбу ҳужжат соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берди: креатив секторнинг иқтисодиётга қўшадиган ҳиссасини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, ижодий қобилият ва истеъдодни намоён этиш учун зарур шароитлар яратиш, ҳудудларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.

Японияда креатив индустрияларни ривожлантириш миллий иқтисодиёт стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади ҳамда ушбу соҳани ривожлантириш Ҳукумат назорати остида амалга оширилади.

Японияда креатив индустрияларни ривожлантириш сиёсати
2010 йилда қабул қилинган “Cool Japan” номли стратегик дастурга мувофиқ амалга оширилади. Ушбу стратегик дастур Япония, унинг маданияти ва брендининг жозибали қиёфасини бутун дунёда тарғиб қилиш ҳамда оммалаштиришга қаратилган. Уни амалга оширишда иккита асосий мақсад назарда тутилган: иқтисодий ва сиёсий.

Иқтисодий мақсад маданий контентга асосланган креатив индустрияларни иқтисодий ўсиш драйверларидан бирига айлантириш, креатив маҳсулотлар экспортини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган.

Сиёсий мақсад эса Япониянинг миллий брендини ривожлантириш ва уни хорижий мамлакатларда оммалаштиришдан иборат.

Россия Федерациясида креатив (ижодий) индустрияларни ривожлантириш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари Ҳукуматнинг 2021 йил 20 сентябрдаги 2613-р-сонли фармойиши билан тасдиқланган 2030 йилгача креатив индустрияларни ривожлантириш концепциясида назарда тутилган.Ушбу ҳужжатда креатив тадбиркорликни ривожлантириш, молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва креатив маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, 2024 йил 8 августда “Россия Федерациясида креатив (ижодий) индустрияларни ривожлантириш тўғрисида”ги 330-сонли қонун қабул қилиниб, унда креатив индустрияларнинг турлари
ва йўналишлари, соҳа вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилди, шунингдек, соҳани ривожлантириш учун зарур инфратузилма яратилиши ва ушбу соҳада давлат органларининг вазифа ва ваколатлари белгиланди.

Ушбу қонуннинг 3-моддасига кўра, “креатив маҳсулот” интеллектуал фаолият натижаси ёки интеллектуал фаолият натижаларининг йиғиндиси, шунингдек, қўшилган қиймати интеллектуал фаолият натижалари ва (ёки) индивидуаллаштириш воситаларидан фойдаланиш ҳисобига яратилган маҳсулот, ишлар ва хизматлар сифатида таърифланган.

III. Креатив индустрияларни янада ривожлантириш ва ушбу секторни қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари самарадорлигини ошириш мақсадида норматив-ҳуқуқий тартибга солишнинг қуйидаги йўналишларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

Биринчидан, креатив индустрия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштиришни таъминлаш зарур. Бунда ҳуқуқий тартибга солиш рақамли маҳсулотлар, платформали бандлик, электрон тижорат ва креатив хизматларни трансчегаравий тарзда кўрсатишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши керак;

Иккинчидан, “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги Қонунга
Креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари қайси манбалар ҳисобидан ташкил этилиши ва молиялаштирилиши мумкинлиги борасида аниқлик киритилиши тавсия этилади.
Бу, ўз навбатида, ушбу механизмнинг тўлақонли ишлашига ҳамда жамғарма зиммсига қонун билан юклатилган молиявий вазифаларнинг бажарилишига хизмат қилади;

Таққослаш учун: “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги Қонуннинг
23-моддасида креатив индустрия кластерлари давлат ёки хусусий инвестициялар иштирокида ташкил этилиши мумкинлиги белгиланган.

Учинчидан, ҳуқуқий аниқликни ва “креатив маҳсулот” тушунчасини бир хил маънода қўлланилишини таъминлаш мақсадида қонунчиликда ушбу атаманинг таърифини янада аниқроқ ва тушунарли тарзда баён этиш, шунингдек, маҳсулотнинг креативлигини белгиловчи (тавсифловчи) мезонларни назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.

Тўртинчидан, қонунчиликда маънавий зарарни ҳисоблашнинг тартиби етарлича аниқ бўлмаганлиги сабабли, амалиётда креатив маҳсулот муаллифига етказилган маънавий зарарни ундиришда турли хил ёндашувлар қўлланилмоқда, шу боис, ҳуқуқни қўллаш амалиётида бирхилликни таъминлаш зарур ҳисобланади. Бунинг учун эса, қонунчиликда маънавий зарар миқдорини аниқлашнинг аниқ механизмларини назарда тутиш (услубий тавсиялар, стандартлар ва аниқ қоидаларни ишлаб чиқиш) таклиф этилади.

Бешинчидан, креатив маҳсулотларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, уларни техник ва функционал жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қўшимча ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарур. Бунда замонавий технологиялардан фойдаланиш, шартнома шартларига риоя этилишини таъминлаш ва унинг ижросини назорат қилиш ҳамда ваколатли давлат органлари ва соҳавий бирлашмалар кўмагида, шунингдек, халқаро шартномалар асосида креатив маҳсулотларни ҳимоя қилишни назарда тутиш муҳим ҳисобланади.

Олтинчидан, соҳа вакилларинингкасбий кўникмаларини доимий равишда ривожлантириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, креатив тадбиркор учун ижодий қобилият ва салоҳият билан бирга маркетинг, менежмент, шартнома ҳуқуқи, интеллектуал мулк ва рақамли тижорат соҳаларида ҳам зарур билимларга эга бўлим муҳим саналади.

IV. Таклиф этилган чора-тадбирларнинг амалда жорий этилиши креатив иқтисодиёт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишда ва ҳуқуқий аниқлик таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади ҳамда креатив маҳсулотларни ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигини ошириш ва соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.