
Етакчи илмий ходим
I. Ўзбекистонда қонунчилик сифатини таъминлашнинг асосий ҳуқуқий воситалари (механизмлари), жумладан, ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертиза, жамоатчилик муҳокамаси, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мунтазам кузатуви (мониторинги) ва уларни кейинги баҳолаш тизими шакллантирилган.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бу воситалар аллақачон иқтисодий самара бермоқда. 2025 йилда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тегишли лойиҳаларнинг 99 фоизига нисбатан қўлланилди. Амалдаги 61 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни таҳлил қилиш натижасида тахминий қиймати 3,2 трлн сўмни ташкил этувчи 15 дан ортиқ мажбурий талаб юмшатилди ёки бекор қилинди.
Шу билан бирга, халқаро кўрсаткичлар қонунчилик сифатини янада ошириш эндиликда зарур тартиб-таомилларнинг мавжудлигига эмас, балки уларнинг норматив қарорлар мазмуни ва ижросига реал таъсирига кўпроқ боғлиқ эканидан далолат бермоқда.
Қонунчилик сифатининг ягона халқаро баҳолаш жадвали (рейтинги) мавжуд эмас. Бироқ Бутунжаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project), Жаҳон банки (World Bank) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) кўрсаткичлари тартибга солишнинг ташкилий-ҳуқуқий (институционал) муҳити сифатини баҳолаш имконини беради. Бутунжаҳон одил судлов лойиҳасининг 2025 йилги рейтингида 143 та давлат орасида Дания 1-ўринни, Германия 6-ўринни, АҚШ 27-ўринни, Ўзбекистон эса 81-ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, Ўзбекистон тартибга солиш талабларини қўллаш самарадорлиги бўйича 100-ўринда, давлат бошқарувининг очиқлиги бўйича эса 120-ўринда туради. Мазкур маълумотлар қонунчиликка берилган бевосита баҳо бўлмаса-да, ижро сифати, шаффофлик ва институционал масъулият қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
II. АҚШ, Германия ва Дания тажрибаси шуни кўрсатадики, тартибга солишнинг барқарор сифати келишувлар сони билан эмас, балки дастлабки таҳлилнинг чуқурлиги билан таъминланади.
АҚШда муҳим тартибга солиш қарорлари далиллар билан асосланган бўлиши, муқобил вариантлар таҳлили ва оқибатлар баҳосини ўз ичига олиши шарт. Германияда янги тартибга солишнинг фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари (бизнес) ва давлат учун харажатлари ҳисоблаб чиқилади, бундай ҳисоб-китобларнинг асослилиги эса мустақил Нормалар назорати бўйича миллий кенгаш (Nationaler Normenkontrollrat) томонидан текширилади. Данияда қонун қабул қилинишидан олдиноқ унинг амалда ва рақамли шаклда ижро этилиши мумкинлиги, жумладан, ахборот тизимлари ва маъмурий тартиб-таомилларнинг тайёрлиги баҳоланади.
Ушбу андозаларнинг (моделларнинг) умумий тамойили шундан иборатки, сиёсий ташаббус ҳуқуқий нормага айланишидан олдин тартибга солиш зарурати, мумкин бўлган муқобил ечимлар, қарорнинг қиймати ва давлатнинг уни ижро этишга тайёрлиги текширилади.
Айнан шу жиҳат Ўзбекистон учун энг катта аҳамиятга эга. Асосий тартиб-таомиллар аллақачон яратилган, бироқ уларни ягона қарор қабул қилиш тизимига янада мустаҳкамроқ боғлаш зарур. Бундай тизимда ҳар бир янги норма нафақат юридик экспертизадан, балки зарурати, иқтисодий асосланганлиги ва ижро этилиши мумкинлиги юзасидан текширувдан ҳам ўтади.
III. Бугунги кунда Ўзбекистон қонунчилиги сифатига ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта омил энг сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Аввало, норматив ташаббуснинг дастлабки асосланишини кучайтириш зарур. Ижтимоий ёки иқтисодий муаммонинг мавжудлиги ўз-ўзидан янги норматив ҳужжат қабул қилиш зарурлигини англатмайди. Муаммонинг сабаби амалдаги нормаларнинг етарли даражада ижро этилмаётганида, манбалар (ресурслар), маълумотлар, кадрлар етишмаслигида ёки идоралараро ҳамкорликнинг сустлигида бўлиши мумкин. Шу сабабли лойиҳа тайёрланишидан олдин муаммонинг ўзи, унинг сабаблари, кўлами, таъсир доирасидаги гуруҳлар ва давлат аралашувидан кутилаётган натижа аниқ белгилаб олиниши керак.
Бундан кам муҳим бўлмаган вазифа — муқобил вариантларни реал таҳлил қилишни таъминлашдир. Баҳолашнинг вазифаси аллақачон танланган лойиҳани асослаш эмас, балки энг самарали ечимни излашдан иборат бўлиши керак. Муҳим ташаббуслар бўйича амалдаги тартибни сақлаб қолиш, мавжуд механизмлар ижросини яхшилаш, ташкилий чоралар кўриш ва янги ҳуқуқий тартибга солишни ўзаро солиштириш зарур. Бу “қандай ҳужжат қабул қилиш керак?” деган саволдан “қайси ечим муаммони давлат, бизнес ва фуқаролар учун энг кам харажат билан бартараф этади?” деган саволга ўтиш имконини беради.
Тартибга солишнинг иқтисодий қиймати алоҳида эътибор талаб қилади. У нафақат бюджет харажатларини, балки бизнес ва фуқароларнинг вақтини, давлат органларига тушадиган маъмурий юкни, ахборот тизимлари ва идоралараро ҳамкорлик билан боғлиқ харажатларни ҳам ўз ичига олади. Шу боис энг муҳим лойиҳалар бўйича ижронинг умумий харажатларини ҳисоблаш ва бундай ҳисоб-китобларнинг асослилигини текшириш мақсадга мувофиқ.
Навбатдаги омил норманинг ижрога тайёрлиги билан боғлиқ. Ҳатто юридик жиҳатдан сифатли ҳужжат ҳам, агар у кучга кирган пайтгача молиялаштириш, кадрлар, ахборот тизимлари, маълумотлар алмашинуви ва зарур қонуности тартиб-таомиллари тайёр бўлмаса, кутилган натижани бермайди.
Нормалар лойиҳасини ишлаб чиқишнинг касбий даражаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Замонавий тартибга солиш юридик, тармоқ, иқтисодий, таҳлилий ва рақамли малака ва кўникмалар (компетенциялар) уйғунлигини талаб этади. Шу сабабли энг муҳим лойиҳаларни фанлараро гуруҳлар томонидан тайёрлаш мақсадга мувофиқ.
Ниҳоят, нормаижодкорликда тезлик ва сифат ўртасидаги мувозанатни таъминлаш муҳим. Қарорларни тезкор қабул қилиш зарур, бироқ ҳаддан ташқари қисқа муддатлар маълумот тўплаш, муқобил вариантларни баҳолаш ва мазмунли муҳокама ўтказиш имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин. Шу боис нормаижодкорлик фаолияти самарадорлигини фақат тайёрланган ҳужжатлар сони ва муддатларга риоя этилиши билан эмас, балки қабул қилинган нормаларнинг барқарорлиги, уларнинг ижро сифати ва кейинчалик тузатишлар киритиш зарурати билан ҳам баҳолаш лозим.
IV. Қонунчилик сифатини янада ошириш учун қўшимча тартиб-таомиллар яратиш эмас, балки амалдаги механизмларни норматив қарорни тайёрлаш ва баҳолашнинг ягона жараёнига (циклига) бирлаштириш мақсадга мувофиқ.
Энг муҳим ташаббуслар бўйича лойиҳа ишлаб чиқилишидан олдин муаммо паспортини жорий этиш таклиф қилинади. Унда муаммонинг сабаблари, кўлами, уни тасдиқловчи маълумотлар ва кутилаётган натижа қайд этилади.
Тартибга солиш таъсирини баҳолашни муқобил вариантларни реал солиштиришга, жумладан, муаммони янги норматив ҳужжат қабул қилмасдан ҳал этиш имкониятини кўриб чиқишга йўналтириш лозим.
Ижтимоий, иқтисодий ёки маъмурий таъсири юқори бўлган лойиҳалар учун молиялаштириш, кадрлар, ахборот тизимлари, идоралараро ҳамкорлик ва зарур қонуности ҳужжатларини қамраб олувчи ижрога тайёрликни текшириш тартибини назарда тутиш зарур.
Энг муҳим лойиҳалар бўйича таҳлилий асослаш сифатини мустақил текширишни босқичма-босқич жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бундай текширув қарорнинг сиёсий мақсадга мувофиқлигига дахл қилмаган ҳолда, далилларнинг етарлилиги, ҳисоб-китоблар, муқобил вариантлар ва таклиф этилаётган механизмнинг амалга оширилиши мумкинлигини баҳолайди.
Дастлабки ва кейинги баҳолаш ягона кўрсаткичлар орқали ўзаро боғланиши керак. Ҳужжат қабул қилинишидан олдин белгиланган мақсад кейинчалик ҳуқуқни қўллаш амалиёти маълумотлари, фуқароларнинг мурожаатлари, суд амалиёти ва мониторинг натижаларидан фойдаланган ҳолда айнан шу мезонлар асосида текширилиши лозим.
Истиқболда ушбу унсурларни (элементларни) норматив ҳужжатнинг муаммони аниқлашдан тортиб ҳақиқий натижани баҳолашгача бўлган бутун ҳаётий даврини (циклини) акс эттирувчи ягона тартибга солиш йиғма ҳужжатига (досьесига) бирлаштириш мақсадга мувофиқ.
Асосий хулоса шундан иборатки, Ўзбекистонда қонунчилик сифатини оширишнинг навбатдаги босқичи тартиб-таомиллар сонини кўпайтириш билан эмас, балки уларнинг қабул қилинаётган қарорлар мазмунига таъсирини кучайтириш билан боғлиқ. Сифатли нормаижодкорлик изчил жараён сифатида қурилиши керак: аввал муаммо маълумотлар билан тасдиқланади, сўнгра мумкин бўлган ечимлар солиштирилади, уларнинг қиймати ва ижро этилиши мумкинлиги баҳоланади, шундан кейин эса қабул қилинган норманинг натижаси амалиётда текширилади
