Шу йил 13 майда Минск шаҳрида ҚҲСИ сектори мудири, профессор К.Рашидов Ўзбекистон делегацияси таркибида Ҳамдўстлик ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган иккинчи МДҲ Халқаро-ҳуқуқий форумида иштирок этди.

Тадбир Беларусь ТИВ томонидан МДҲ Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда «МДҲда халқаро-ҳуқуқий мулоқот: ҳамкорлик анъаналари ва давр чақириқларига жавоб» мавзусида ташкил этилди.

Форумда МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсий идоралари шартномавий-ҳуқуқий департаментлари раҳбарлари, Ҳамдўстлик устав органлари вакиллари, халқаро ҳуқуқ соҳасидаги етакчи экспертлар ва таниқли олимлар иштирок этди.

Тадбир давомида МДҲ давлатларининг замонавий халқаро-ҳуқуқий сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари, халқаро ҳуқуқнинг янги тармоқлари ва ривожланиш йўналишлари, юридик таълим тизимида халқаро ҳуқуқ, минтақавий интеграция ҳуқуқи ва низоларни ҳал қилиш механизмларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда сўзга чиққан ҚҲСИ вакили МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим механизми сифатида халқаро-ҳуқуқий мулоқотнинг амалий аҳамиятини таъкидлади.

Тадбир якунида иштирокчилар барқарор тараққиётни таъминлаш ҳамда тинчлик ва хавфсизликни сақлашда халқаро ҳуқуқ муҳим ўрин тутади, деган хулосага келдилар.

Умуман олганда, форумнинг ўтказилиши МДҲ доирасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун самарали платформа бўлди.