Бугунги кунда ҳудудларнинг барқарор ривожланиши масаласи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-сиёсий аҳамиятга ҳам эга. Сабаби, жойларда мактаблар, боғчалар, йўллар, ичимлик суви, ижтимоий инфратузилма — буларнинг барчаси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, бунёд этилади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, маҳаллий бюджет қандай шакллантирилаётгани ва у қандай сарфланаётгани юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун муҳим ва долзарб жараён ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур жараёнда икки асосий институт — ҳокимиятлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ўзларининг фаол иштирокини намоён этади. Уларнинг ўзаро ҳамкорлиги қанчалик самарали бўлса, маҳаллий бошқарув тизими ҳам шунчалик барқарор ва шаффоф ишлайди. Аксинча, ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаган ҳолларда қарор қабул қилиш жараёни секинлашади, ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги пасайиши мумкин.

Маълумки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти мамлакатимизда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун, Бюджет кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Амалдаги тартибга кўра, маҳаллий бюджет лойиҳаси ҳокимиятлар томонидан тайёрланади ва халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланади. Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бюджетни шакллантириш жараёнида Кенгашларнинг иштирок имкониятлари айрим жиҳатларда чекланган бўлиб қолмоқда.

Бу борада мутахассислар томонидан олиб борилган тадқиқотлар маҳаллий бошқарув органлари ўртасидаги ҳамкорликда айрим ташкилий ва ҳуқуқий масалаларда ечимини талаб қиладиган ҳолатлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, экспертларнинг маълум қисми мазкур ҳамкорликни етарли даражада мувофиқлаштирилмаган деб таъкидлайдитлар яъни баъзи ҳолларда бюджет лойиҳаларини тайёрлаш жараёни асосан ижро ҳокимияти томонидан амалга оширилади, Кенгашлар эса уларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш билан чекланиб қолиш ҳолатлари учрайди. Бундай ҳолат маҳаллий вакиллик органларининг бюджет жараёнидаги ролини чеклаб қўйиши мумкин. Ваҳоланки, Кенгашлар аҳоли манфаатларини ифода этувчи институт сифатида маҳаллий бюджет масалаларида фаол иштирок этиши лозим.

Таҳлиллар шуни ҳам кўрсатадики, ўзаро ҳамкорлик самарадорлигига таъсир кўрсатаётган омиллардан бири ташкилий муаммолардир. Масалан, ҳамкорликдаги ишларни ташкил этиш учун вақтнинг етишмаслиги, режалаштиришдаги номутаносиблик, вазифаларнинг аниқ тақсимланмагани каби ҳолатлар ҳамкорликка тўсиқ бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, ахборот алмашинуви тизимидаги номутаносиблик ёки ҳозирги замонавий илмий-техника талаблари даражасида эмаслиги ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Айрим ҳолларда маҳаллий бошқарув органлари ўртасидаги мулоқот асосан ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилади. Замонавий электрон ҳужжат айланиши, онлайн муҳокамалар ёки рақамли бошқарув платформалари етарлича жорий этилмагани эса қарор қабул қилиш жараёнининг тезкорлигига таъсир кўрсатади.

Рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларининг чеклангани фақат ахборот алмашинувига эмас, балки бошқарув самарадорлигига ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, электрон овоз бериш, онлайн ҳисобот бериш ёки бюджет мониторинги каби механизмлар жорий этилса, қарор қабул қилиш жараёнини анча шаффоф ва самарали бўлишига олиб келади.

Яна бир муҳим масалалардан бири бу кадрлар билан боғлиқ масала бўлиб, унинг мазкур соҳадаги аҳамияти алоҳида ўрин тутади. Айрим ҳудудларда халқ депутатлари Кенгашлари аппаратида ҳуқуқ, иқтисодиёт ёки ҳудудий ривожланиш соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар етишмаслиги кузатилади. Бу эса ҳокимиятлар томонидан киритилаётган қарорлар лойиҳаларини чуқур таҳлил қилиш имкониятларини тўлиқ фойдаланиш имконини чеклаб қўяди.

Шу боис маҳаллий бошқарув тизимини ривожлантиришда кадрлар салоҳиятини ошириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Депутатлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари учун махсус таълим ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси маҳаллий бошқарув органлари ўртасидаги муносабатларнинг самарали моделлари мавжуд эканини кўрсатади. Масалан, Германия, Франция ва Польша каби давлатларда маҳаллий вакиллик органлари бюджетни қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича кенг ваколатларга эга. Ижро ҳокимияти эса бюджетни шакллантириш ва уни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади. Бундай тизим маҳаллий бошқарувда муҳим мувозанатни таъминлайди. Бир томондан, ижро ҳокимияти бюджетни амалга ошириш учун масъул бўлса, иккинчи томондан, вакиллик органлари унинг устидан самарали назоратни амалга оширади.

Хорижий амалиётда самарали бошқарув воситаларидан бири сифатида мустақил молиявий назорат институтлари алоҳида аҳамият касб этади. Бундай институтлар давлат органларидан нисбатан мустақил фаолият юритиб, бюджет маблағларининг қандай шакллантирилаётгани ва сарфланаётганини тизимли равишда таҳлил қилади ҳамда баҳолайди.

Уларнинг асосий вазифаси давлат молияси устидан холис ва профессионал назоратни таъминлаш, маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини текшириш, шунингдек, аниқланган камчилик ва қонунбузилишлар бўйича тегишли хулосалар ҳамда тавсиялар беришдан иборат. Шу орқали нафақат давлат органларининг молиявий интизоми мустаҳкамланади, балки ортиқча харажатлар, самарасиз лойиҳалар ва коррупция хавфлари камайтирилади.

Бундан ташқари, мазкур институтлар фаолияти натижалари, одатда, очиқ эълон қилиниб, жамоатчилик учун ҳам тақдим этилади. Бу эса фуқароларга давлат молияси қандай бошқарилаётгани ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш имконини беради ва жамоатчилик назоратини кучайтиради.

Натижада, давлат бошқарувида шаффофлик ва ҳисобдорлик даражаси ошади, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги таъминланади ҳамда давлат органларига нисбатан ишонч мустаҳкамланади.

Мутахассислар фикрига кўра, мамлакатимизда маҳаллий бюджет жараёнини такомиллаштириш учун халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу, аввало, бюджет лойиҳаларини тайёрлаш босқичида Кенгаш комиссиялари ва депутатларнинг фаол иштирокини таъминлашни талаб этади.

Шунингдек, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши, очиқ муҳокамалар ва жамоатчилик назорати механизмларини жорий этиш маҳаллий бошқарув тизимининг шаффофлигини оширади.

Бугунги кунда рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Электрон ҳужжат айланиши, рақамли мониторинг платформалари ва онлайн муҳокамалар маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш имконини беради.

Шу билан бирга, маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини илмий-экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим. Бу борада маҳаллий бюджетлар ва ҳудудий ривожланиш дастурларини таҳлил қилишга ихтисослашган илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва улардан самарали фойдаланишда ҳокимиятлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик ҳудудларнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Айнан шу ҳамкорлик орқали маҳаллий бошқарув тизимининг шаффофлиги, ҳисобдорлиги ва самарадорлигини янада ошириш мумкин. Энг муҳими, бундай ҳамкорлик фуқароларнинг давлат бошқарувига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Назарали Норбаев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
бош илмий ходими