Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий низоларни ҳал этишнинг муқобил механизмларини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу жараёнда арбитраж институти иқтисодий муносабатлар иштирокчилари ўртасида юзага келадиган низоларни тезкор, самарали ва халқаро стандартлар асосида ҳал этишнинг муҳим воситаси сифатида тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу муносабат билан 2026 йил 9 июлда ҚҲСИ ва Тошкент халқаро арбитраж маркази (ТХАМ) вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида мамлакатда арбитраж соҳасидаги амалдаги ҳуқуқий тартибга солиш ҳолати, соҳани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳамда миллий қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар арбитраж институтини ривожлантириш, соҳадаги ҳуқуқий ислоҳотларни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қўшма таҳлилий тадқиқотлар олиб бориш ва экспертлик ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалалари бўйича фикр алмашдилар.

Учрашув якунида мазкур мулоқот ҚҲСИ ва ТХАМ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, арбитраж соҳасида илмий-амалий тадқиқотларни биргаликда амалга ошириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўшма ташаббусларни рўёбга чиқариш учун муҳим асос бўлиши қайд этилди.