Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён таълим, шу жумладан, олий таълим давлат сиёсатининг асосий масалаларидан бўлиб келмоқда. Ўтган даврда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг учта таҳрири қабул қилинди. Бу қонун ҳужжатлари доимий равишда янгиланиб, такомиллашиб бораётганидан далолат беради.
Ривожланишнинг ҳозирги босқичида олий таълим тизимида муҳим институционал ўзгаришлар юз бермоқда. Маъмурий ислоҳотлар доирасида ҳамда олий таълим, илмий ва инновацион фаолият интеграциясини таъминлаш мақсадида масъул вазирлик Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига айлантирилди. Вазирлик тизимида Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази фаолият юритмоқда. У малака талаблари ва таълим дастурларини таҳлил қилиш, олий таълимни ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш билан шуғулланмоқда.
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Бу олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, мамлакатдаги университетларнинг халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар рейтингидаги мавқеини ошириш учун асос яратди. Ушбу ҳужжат олий таълим тизимини такомиллаштиришнинг стратегик дастурига айланди ва ривожланишнинг асосий кўрсаткичларини аниқлаб берди. Тизимли чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, мамлакатимиздаги иккита университет — “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биринчи маротаба дунёнинг 1000 та энг яхши университети рейтингига киритилди.
Мамлакатимиз олий таълим тизимида илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2020 йилдан барча олий таълим ташкилотларини босқичма-босқич Европа университетлари таълим тизимига асосланган кредит-модуль тизимига ўтказиш бошланди. Бу эса ўқув дастурларининг мослашувчанлигини таъминлаб, талабаларга фанларни танлаш имкониятини берди. Ўз навбатида, кредит-модуль тизимининг жорий этилиши Ўзбекистондаги олий таълим ташкилоти ва бошқа давлатдаги ҳамкор университет дипломларини олиш имконини берувчи икки томонлама диплом амалиётининг фаол кенгайишига ёрдам беради.
Тизимдаги энг муҳим ютуқлардан бири олий таълимга қамровнинг кенгайишидир. 2023 йилда қамров кўлами 42 фоизни ташкил этди. Бу 2016 йилдаги кўрсаткичдан деярли беш баробар кўп. Бугун университетлардаги талабалар сони 1,3 миллион атрофида. Олий ўқув юртлари сони 2016 йилдаги 77 тадан 2023 йилга келиб, 213 тага етди (шулардан 97 таси нодавлат ёки хорижий олий таълим ташкилотлари). Иқтидорли ёшларни қўллабқувватлаш мақсадида 2021 йилдан бошлаб давлат университетларида кундузги шаклдаги бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 абитуриент учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилди.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб хорижий университетлар ва филиалларида, шунингдек, республикамиздаги нодавлат университетларда 1000 та грант ўрни ажратилди. Бундан ташқари, ушбу ўқув йилидан бошлаб умумий параметрлардан ташқари Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасини олган, олий маълумотга эга бўлмаган аёллар учун 2000 та давлат гранти ажратилмоқда.
Муҳим янгиликлардан яна бири олий таълим ташкилотларига академик ва молиявий мустақиллик берилишидир. Олий таълим ташкилотларининг академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқот ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи конституциявий кафолат даражасида мустаҳкамланган. Бугун 40 та олий таълим ташкилотига академик ва молиявий мустақиллик тақдим этилган. Шу билан бирга, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига Республика олий таълим кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ушбу рўйхатни кенгайтириш ҳуқуқи берилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар интеграциясини таъминлаш ҳам замонавий ислоҳотларнинг асосий вазифасидир. Мамлакатимиз олий таълим ташкилотларида “Университет 3.0” концепцияси жорий этилмоқда. Бу олий ўқув юртларида таълим, фан, инновация ва тадқиқот натижаларини тижорийлаштириш ўртасидаги боғлиқликни таъминлайди. Натижада университетларнинг илмий салоҳияти 40 фоизни ташкил этди, “Scopus” ва “Web of Science” илмий маълумотлар базасидаги мақолалар сони 3,5 мингдан ошди. 2023 йил якунларига кўра, олий таълим ва илмий ташкилотларнинг илмий тадқиқот натижаларини тижорийлаштириш қиймати 270,6 миллиард сўмни ташкил этди. Илмий ҳажмли маҳсулотларга ихтисослашган 17 та спин-офф компания очилди.
Олийгоҳлар инфратузилмаси ва моддийтехник базасини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор бериляпти. Олий таълим ташкилотлари ўқув бинолари қуввати 2016 йилдаги 274 минг 72 тадан 2023 йилга келиб, салкам 400 мингтага етди. Талабалар турар жойида яшаш истагини билдирганларни ётоқхона билан таъминлаш даражаси 2023 йилда 52 фоиз бўлди (2019 йилда — 28 фоиз). Шунингдек, давлатхусусий шериклик асосида янги ётоқхоналар ташкил этиш учун шароит яратилмоқда. Мазкур тизимни ривожлантириш доимий такомиллаштириш ва янгиланишни талаб қилади. Шунинг учун бозор эҳтиёжлари ва ўзгарувчан шароитларга эътибор қаратиш лозим. Фикримизча, олий таълим тизимининг ҳозирги ривожланиш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда қатор йўналишларга эътибор қаратиш зарур.
Аввало, ҳудудларда олий таълим қамровини кенгайтириш керак. Бугун барча олийгоҳларнинг деярли ярми, яъни 88 та олий таълим ташкилоти Тошкент шаҳрида жойлашган. Ўз навбатида, олий таълим ташкилотларида таълим шароити, тизими ва сифати барча ҳудудларда бир хил бўлиши мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, олий таълим ташкилотларини йириклаштириш ва соҳаларни мақбуллаштириш тавсия этилади. Бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда яқин соҳалардаги олий таълим ташкилотлари базасида миллий ёки давлат университетларини яратиш масалалари муҳокама қилиниши керак. Бундан ташқари, келажакдаги иш берувчилар ва меҳнат бозори талабларини ҳисобга олган ҳолда бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини мақбуллаштириш лозим. Маълумот учун, бугун Ўзбекистонда бакалавриат йўналишлари сони 195 та, Қозоғистонда — 173 та, Финляндияда — 132 та, Жанубий Кореяда — 100 га яқин.
Учинчидан, олий таълим босқичида иш берувчиларнинг бўлажак кадрлар билан алоқасини мустаҳкамлаш зарур. Бундай алоқа ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, иш берувчиларнинг талабалар билимини баҳолашда фаол иштирок этиши ҳамда илмий тадқиқот ишланмаларини молиялаштиришдан келиб чиқиб шакллантирилиши керак.
А.К.Расулев
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
Илмий котиби