Шўъба мудири профессор Б. Исмаилов ва етакчи илмий ходим А. Бобоқулов 2024 йил 18-19 ноябрь кунлари Халқаро миграция ташкилоти томонидан Олмаота шаҳрида ташкил этилган “Марказий Осиё учун Меҳнат миграцияси дастури” доирасидаги Субминтақавий ташаббусларни минтақавий мувофиқлаштириш механизми йиғилишида иштирок этдилар.
“Марказий Осиё учун Меҳнат миграцияси дастури” – Халқаро миграция ташкилотининг лойиҳаси бўлиб, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмагида 2022 йил июнь ойидан бошлаб амалга оширилмоқда. Ушбу Дастурнинг мақсади Марказий Осиёда минтақавий даражада меҳнат миграциясини бошқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Дастур лойиҳада иштирок этувчи давлатлар, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда меҳнат миграциясини бошқаришни такомиллаштиришга ҳисса қўшишга қаратилган.
Ушбу Дастурни амалга ошириш доирасида минтақадаги меҳнат миграциясининг тенденциялари ва динамикаси тўғрисида маълумот алмашиш учун ҳамкорларни бирлаштирувчи йиллик форум сифатида ташкил этилган Минтақавий мувофиқлаштирувчи механизм фаолият кўрсатмоқда.
Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идораларидан 70 га яқин делегатлар иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, миграция сиёсати Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб, ушбу йўналишда давлат миграция сиёсати самарадорлигини ошириш, мигрантларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш, шунингдек, миграцияга оид давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу масаланинг долзарблиги “Ўзбекистон-2030” стратегисида ўз ифодасини топган бўлиб, 95-мақсадда “Ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш” белгиланган.