2025 йил 3 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида Лондон Қироллик коллежи профессори Жаҳонгир Саидов томонидан «Халқаро савдода тармоқлар хилма-хиллиги: Халқаро товарлар олди-сотдиси шартномалари тўғрисидаги Вена конвенцияси тажрибаси» мавзусида маҳорат дарси ўтказилиб, унда Тошкент Давлат юридик университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари ҳам иштирок этишди.

Тадбир давомида профессор Ж.Саидов Халқаро савдо палатаси ва Халқаро савдо марказининг намунавий шартномаларини ишлаб чиқиш учун асос бўлган Вена конвенциясининг халқаро шартнома нормаларига сезиларли таъсирини қайд этди.

Маърузачи амалий мисоллар келтирган ҳолда иштирокчиларни Вена конвенциясининг минимал ёндашув ва мослашувчанлик билан ажралиб турадиган ҳуқуқий режим сифатидаги ўзига хослиги билан батафсил таништирди. Унинг фикрича, бу Вена конвенциясини миллий ҳуқуқий тизимларга муқобил қилади.

Спикернинг алоҳида эътибори товарларнинг шартнома талабларига мувофиқлигини тартибга солувчи халқаро стандартларга ҳам қаратилди.

Хулоса ўрнида профессор Вена конвенцияси баъзи чекловларга қарамай, халқаро савдони тартибга солишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Вена конвенциясининг турли соҳаларга мослашиш қобилияти уни узоқ муддатли шартномалар ва глобал таъминот занжирлари учун айниқса фойдали қилади.

Тадбир доирасида Конвенциянинг миллий қонунчиликда қўлланилиши ва унинг Ўзбекистон Республикасининг янги фуқаролик кодексини ишлаб чиқишдаги роли билан боғлиқ тингловчилар саволларига профессор томонидан батафсил жавоб берилди.