2025 йил 23–24 апрель кунлари Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида давлат сиёсатини стратегик режалаштириш ва мувофиқлаштириш соҳасида салоҳиятни оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА), Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти (ҚҲСИ) ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ҳамкорлигида, Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилди.

Семинар Ўзбекистонда ИҲТТ томонидан амалга оширилаётган “Давлат бошқарувини кўриб чиқиш” лойиҳасининг иккинчи босқичига старт берди. Ушбу босқич Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан илгари маъқулланган давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича тавсияларни амалиётга жорий этишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Тадбирда асосий эътибор асосий вазирлик ва идораларнинг миллий устувор йўналишларни самарали режалаштириш, мувофиқлаштириш ва амалга оширишдаги салоҳиятини ривожлантиришга қаратилди.

Семинар доирасида СИА ва ҚҲСИ ташаббуси билан ишлаб чиқилган стратегик режалаштиришнинг янги ёндашувлари муҳокама қилинди, идоралараро ҳамкорлик механизмлари ва халқаро илғор тажрибаларни миллий амалиётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Алоҳида эътибор Президент Фармони лойиҳасининг мазмуни ва аҳамиятига, стратегик режалаштириш тизимини жорий этиш бўйича устувор чора-тадбирлар ва ушбу ҳужжат давлат стратегияларини ишлаб чиқиш жараёнларини тизимлаштириш ва расмийлаштиришдаги ўрнига қаратилди.

Семинарда соҳавий вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар. Тадбирда Португалия ва Чехия каби ИҲТТ мамлакатларидан халқаро экспертлар самарали стратегик режалаштириш тизимларини яратиш борасидаги “энг яхши амалиётлар” билан ўртоқлашдилар.

Семинар институционал мувофиқлашувни мустаҳкамлаш, таҳлилий воситаларни ривожлантириш ва стратегик режалаштириш тизимини шакллантириш бўйича аниқ йўналишларни белгилади. Тадбир натижалари мамлакатда давлат бошқаруви жараёнларини янада такомиллаштиришга қаратилган стратегик режалаштириш тизимини жорий этиш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлаш учун асос бўлади. Унда СИА ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг роли янада аниқ белгилаб берилади.