Жорий йилнинг 26 май куни Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида Буюк Британиянинг етакчи иқтисодчиси, Йорк университети профессори ва Йорк тарихий иқтисодиёт ва тадқиқотлар маркази директори, пул-кредит ва молиявий сиёсат соҳасида тан олинган мутахассис Маттиас Морис иштирокида назарий семинар бўлиб ўтди.

Семинар “Пул-кредит сиёсатида инфляция ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги мувозанат” мавзусига бағишланди.

Тадбирда Марказий банк, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Стратегик ривожланиш агентлиги, шунингдек, мамлакатнинг етакчи таҳлилий ва илмий муассасалари вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда валюта режимларига урғу берган ҳолда пул-кредит ва молия сиёсатининг тарихий ва замонавий ривожланиш тенденциялари кўриб чиқилди. Инфляциянинг табиати, нархлар ўсишининг тарихий динамикаси, жаҳон валюта тизимининг қоғоз пулларга ўтиши, олтин ва кумушнинг пул муомаласидаги ролини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, профессор томонидан 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирозидан кейинги инфляцион жараёнлар, 2010 йиллардаги глобал номутаносибликларнинг таъсири, 2020-2022 йилларда жамият манфаатлари ва молия бозорлари динамикаси ўртасидаги номутаносиблик муаммоси таҳлил қилинди.