Шу йил 30 мада ҚҲСИда Ливерпул университети профессори Мавлуда Сатторованинг “Халқаро инвестиция ҳуқуқи ислоҳотларининг асосий йўналишлари” мавзусида навбатдаги илмий-назарий семинари бўлиб ўтди.

Тадбир халқаро инвестиция ҳуқуқини ўзгартиришнинг асосий тенденцияларини муҳокама қилиш, қулай инвестиция муҳитини яратишда Ўзбекистон учун муаммолар ва имкониятларни таҳлил қилиш, шунингдек, янги халқаро стандартларга мослашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Профессор Сатторова ўз нутқида халқаро инвестиция ҳуқуқи соҳасидаги замонавий муаммолар таҳлилини тақдим этди, икки томонлама инвестиция шартномаларини бекор қилиш оқибатлари, инвесторлар ва давлат ўртасидаги низоларни ҳал қилиш механизмини ислоҳ қилиш, инвесторларни ҳимоя қилиш ва давлат суверенитетини сақлаб қолиш ўртасидаги мувозанат, низоларни ҳал қилиш учун сиёсий ва иқтисодий рағбатлардан фойдаланиш ва арбитраж жараёнлари нархини пасайтириш йўллари ҳақидаги масалаларни ёритиб берди. Қимматга тушадиган арбитраж муҳокамаларининг олдини олиш учун дипломатик ва медиатив механизмларни институционализация қилиш, шунингдек, Ўзбекистонни глобал ҳуқуқий тенденцияларга мослаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Савол-жавоблар қисмида бўлиб ўтган қизғин муҳокамалар халқаро инвестиция режимини ислоҳ қилиш ва унинг Ўзбекистон инвестиция сиёсатига таъсири масалаларига катта қизиқиш борлигини кўрсатди.

Тадбир академик ҳамжамият, давлат органлари ва юридик амалиёт вакиллари ўртасида фикр алмашиш учун муҳим платформа сифатида хизмат қилди.