2025 йил 8-9 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти (ҚҲСИ)да «Давлат бошқарувини номарказлаштириш» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА), Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинар давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш бўйича «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар давоми бўлиб, ваколатларни ҳокимият даражалари ўртасида қайта тақсимлаш, ҳисобдорликни ошириш ва ҳудудларнинг қарор қабул қилишдаги ролини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда 30 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, илмий-эксперт жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

OECD ва Польша экспертлари номарказлаштириш бўйича жаҳон ва минтақавий ёндашувлар ҳақида маълумот бериб, ислоҳотларнинг маъмурий, молиявий ва сиёсий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, улар Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг стратегик йўналишини юқори баҳолаб, кейинги эксперт ҳамкорлигини давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Семинар доирасида мавзули маърузалар тингланди, интерактив сессиялар ва муҳокамалар ўтказилди.

Хусусан, ҚҲСИ томонидан давлат бошқаруви марказий органлари, уларнинг бўлимлари, ҳокимлар, халқ депутатлари кенгашлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги бошқарув ва ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий модели лойиҳаси тақдим этилди. Субсидиарлик, қонунийлик ва назорат, ваколат ва ресурслар мутаносиблиги, молиявий барқарорлик, сиёсий ва маъмурий ҳисобдорлик, шериклик ва фуқаролар иштирокини таъминлаш, рақамлаштириш ва ошкоралик мазкур моделнинг асосий тамойиллари сифатида белгиланди.

Экспертлар тақдим этилган моделни ижобий баҳолаб, унда назарда тутилган қуйидаги асосий йўналишларни амалга оширишнинг аҳамиятини таъкидладилар:

• пилот ҳудудларда номарказлаштириш бўйича босқичма-босқич йўл харитасини ишлаб чиқиш;

• ҳокимият даражалари ўртасида функцияларни субсидиарлик тамойили асосида ҳуқуқий белгилаш;

• барқарор бюджетлараро трансферлар тизимини яратиш;

• маҳаллий ҳокимият органлари кадр салоҳиятини ошириш;

• бошқарув жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланишни жорий этиш;

• номарказлаштириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи орган тузиш;

• фуқароларнинг маҳаллий даражада қарор қабул қилишда иштирокини кенгайтириш.

Семинар давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича амалий тавсияларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлди ва Ўзбекистоннинг халқаро стандартлар ҳамда барча даражадаги ҳокимиятлар иштирокида номарказлаштириш механизмларини изчил жорий этишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.