2025 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида минтақавий аҳамиятга эга долзарб мавзу – Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланган назарий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирнинг кун тартибидан Орол инқирози ва сув муаммоларини Марказий Осиё минтақаси контекстида чуқур таҳлил қилиш ўрин олди. Муҳокамалар марказида минтақа давлатлари томонидан сув ресурсларини биргаликда ва оқилона бошқаришнинг самарали механизмларини шакллантириш масаласи турди. Хусусан, иштирокчилар трансчегаравий сув ҳамкорлигини ривожлантириш орқали минтақавий интеграцияни кучайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Илмий-амалий тадбирда соҳанинг етук мутахассислари ва етакчи экспертлар ўз маърузалари билан қатнашдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Н.С. Зиядуллаев ҳамда иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Б.А. Исломов мавзу юзасидан ўз таҳлилий қарашларини баён этдилар.
Семинар ишида, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, Ўзбекистон РеспубликасиСув хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакиллари фаол иштирок этишди.
Тадбир якунида трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш бўйича қатор илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Билдирилган ушбу таклифлар Институт томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган фундаментал ва амалий тадқиқотларда инобатга олиниши ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида фойдаланилиши белгиланди.




