Жорий йилнинг 24 февраль – 5 март кунлари Токио шаҳрида ҚҲСИ, Президент Администрацияси, Олий суд, Адлия вазирлиги, Судьялар олий мактаби ва ТДЮУ вакилларидан иборат ўзбек делегация JICA томонидан Япония ҳукуматининг техник кўмагида ташкил этилган фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш масалалари бўйича семинар-тренингда иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича илғор япон тажрибаси билан танишиш эди.
Семинар давомида иштирокчилар томонидан фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги япон экспертлари маърузаларида иштирок этиш орқали меросни қабул қилиш ва ундан воз кечиш, суд ишларини юритишда ярашув, маънавий зарарни қоплаш, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, ерлардан фойдаланиш ва уларни олиб қўйиш, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқиш каби масалалар ўрганилди.
Ўзбекистонда миллий фуқаролик қонунчилигини модернизация қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни япон томонига етказиш мақсадида делегация вакиллари томонидан ушбу жараённинг турли жиҳатлари бўйича тегишли тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир доирасида Токио округ суди ва Япония Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тадқиқотлар ва малака ошириш институтига ташриф уюштирилиб, унда иштирокчилар ушбу тузилмаларнинг жорий фаолияти ва улар олиб бораётган тадқиқотлар билан танишдилар.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга ушбу дастурни муваффақиятли якунлаганлиги тўғрисида сертификатлар топширилди.
