2025 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти Нотариал палата билан ҳамкорликда “Мерос ҳуқуқини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрири лойиҳаси доирасида мерос муносабатларини тартибга солишнинг янги ёндашувларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, Адлия вазирлиги, Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги, Адвокатлар палатаси вакиллари, шунингдек Тошкент давлат юридик университети, Адлия академияси ҳамда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш институти экспертлари иштирок этдилар.
Учрашув давомида иштирокчилар мерос ҳуқуқини модернизация қилишнинг асосий йўналишларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Хусусан, васият эркинлигини кенгайтириш масалалари ҳамда мерос қолдирувчининг иродаси билан ҳуқуқнинг ижтимоий функцияси ўртасидаги мувозанатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда жамият муносабатларининг рақамлашуви, хусусан рақамли активларни мерос қилишни ҳуқуқий тартибга солиш муаммолари ва чақириқлари алоҳида қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, экспертлар мол-мулкни тасарруф этишнинг муқобил механизми сифатида мерос шартномасини жорий этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.
Шунингдек, кун тартибида суд ва нотариал амалиётнинг долзарб муаммолари, меросхўрлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳамда давлатнинг мерос ҳуқуқий муносабатларидаги иштироки, жумладан эгасиз (выморочное) мол-мулкни тартибга солиш механизмлари муҳокама қилинди.
Тадбир якунларига кўра, иштирокчилар қонунчиликни ислоҳ қилишда илғор халқаро тажриба ва замонавий рақамли давр талабларини инобатга олган ҳолда комплекс ёндашув зарурлигини таъкидладилар.
