Шу йил 25 майда ҚҲСИ директори ўринбосари, профессор В.Эргашев Тошкент давлат юридик университетида “ Юридик фанлар ривожининг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида ташкил этилган “давра суҳбати”да иштирок этди.

Тадбирда Адлия вазирлиги, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Криминология тадқиқот институти, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Жамоат хавфсизлиги университети, Одил судлов академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари иштирок этди.

“Давра суҳбати” давомида Ўзбекистонда юридик таълим ва илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди. Алоҳида эътибор юридик фанни ривожлантиришда сунъий интеллектнинг ўрни, конституционализм ва замонавий давлат бошқаруви, иқтисодий ва корпоратив ҳуқуқ, миллий ҳуқуқий қадриятлар ва ҳуқуқий меросни тадқиқ этиш каби масалаларга қаратилди.

Тадбир якунида конституциявий, фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқ, парламент тадқиқотлари ва давлат бошқаруви соҳаларида юридик фаннинг истиқболли йўналишлари юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди. Ушбу “давра суҳбати” Ўзбекистонда юридик илм-фанни ривожлантириш, илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилаш ва ҳуқуқ соҳасида янги илмий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.