Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати 2017 йилдан бошлаб сифат жиҳатидан янги, очиқ ва ташаббускор босқичга кўтарилди. Бунда Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимиз минтақани «ечилмаган низолар майдони»дан ишонч, ҳамкорлик ва биргаликда тараққий этиш маконига айлантиришни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилади. 

Бу сиёсатнинг ўзаги – куч ишлатиш ёки бир томонлама ҳаракатлар эмас, балки музокара, превентив дипломатия, ўзаро манфаатдорлик ва халқаро ҳуқуқ устуворлигига таянган тинчликпарварлик концепциясидир. 

Тарихан жуда қисқа давр ичида Ўзбекистон нафақат қўшни давлатлар билан ўнлаб йиллар давом этган чегара ва сув муаммоларини музокаралар йўли билан ҳал этди, балки БМТ, ЮНЕСКО, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли минбарларда умумминтақавий ва глобал аҳамиятга молик ўнлаб ташаббусларни илгари сурди.

Бугун Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётида, умуман, барча соҳа ва тармоқларда қўлга киритилаётган катта, таъбир жоиз бўлса, тарихий натижаларга асос бўлган бу каби ислоҳотлар бошланганига ўн йил бўлмоқда. Ҳозир, нафақат мамлакатимиз, балки минтақанинг барқарор тараққиётига сезиларли ижобий таъсир кўрсатган ушбу тарихий янгиланиш жараёнлари қандай кечганига олти асосий йўналиш кесимида яна бир қур назар солишнинг айни пайти назаримда.

I. Сиёсий барқарорлик

Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик ҳаракати, энг аввало, минтақавий сиёсий муҳитни тубдан ўзгартиришдан бошланди. Ишонч дипломатияси орқали Марказий Осиёда барқарор институционал мулоқот механизми йўлга қўйилди, чегара муаммолари тинч йўл билан ҳал қилинди ва минтақа халқаро майдонда субъектли куч сифатида тан олинди.

Ўн йилдан зиёд узилишдан сўнг минтақа етакчилари ўртасида мунтазам, ташқи воситачиликсиз сиёсий мулоқотни тиклаган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати минтақанинг янги архитектурасини шакллантирган асосий платформага айланди.

Ташаббуснинг моҳияти ва манбаига тўхталадиган бўлсак, минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ғоясини Ўзбекистон Президенти илк бор 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурганди. Биринчи учрашув 2018 йил март ойида Қозоғистонда  бўлиб ўтди ва ўшанда ушбу учрашувни ҳар йили навбатма-навбат ўтказилишига келишилди.

Гап Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ҳақида борар экан, муҳим бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим – институционаллашув.2019 йилги иккинчи саммитда учрашувлар регламенти, 2023 йилда эса Ўзбекистон ташаббуси билан Миллий координаторлар кенгаши таъсис этилди. 2025 йил ноябрида Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев форматни Котибият ва Оқсоқоллар кенгашига эга бўлган «Марказий Осиё ҳамжамияти» стратегик платформасига айлантиришни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ушбу форматдаги доимий мулоқот туфайли «бир қатор эски зиддиятларни бартараф этиш ва ишончсизликдан амалий ҳамкорликка ўтиш»га эришилди. Сўнгги йилларда минтақа давлатларининг жами ялпи маҳсулоти 40 фоизга, ўзаро савдо ҳажми бир неча баробарга ошди, Марказий Осиё «низолар майдони» эмас, балки «ҳамкорлик ва бунёдкорлик макони»га айланди.

Минтақанинг тинчлик ва барқарорлик курси биринчи марта универсал халқаро ҳуқуқий ҳужжатда мустаҳкамланди.

2017 йил 10–11 ноябрда Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак» халқаро конференцияси якунлари БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» махсус резолюциясида акс этди. Ҳужжат 2018 йил 22 июнда бир овоздан қабул қилинди. Резолюция минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларига халқаро ҳамжамият томонидан расмий кўмак берилишини таъминлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон геосиёсий рақобатдан холи, цивилизациялараро мулоқотга асосланган глобал бирдамлик платформасини таклиф этди.

Президентимиз 2022 йил 16 сентябрда Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммитида «Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббуси»ни эълон қилди. Ташаббус 2001 йилда БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган Цивилизациялар мулоқоти тўғрисидаги декларациянинг амалий ифодаси сифатида тақдим этилди.

ШҲТнинг барча аъзо давлатлари ташаббусни бир овоздан қўллаб-қувватлади ва у Самарқанд декларациясининг якуний қисмида алоҳида мустаҳкамланди. Ўша вақтдаги ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ташаббусни «саммитнинг асосий воқеаларидан бири» деб баҳолади. Кейинчалик БМТ кўмагида ташаббусни доимий платформага айлантириш ва Самарқандда халқаро форум ўтказиш режалаштирилди.

Мазкур даврда ўнлаб йиллар давом этган чегара зиддиятлари сиёсий ирода ва музокара йўли билан, бир томчи қон тўкмасдан ҳал қилинди – бу минтақа барқарорлигининг ҳуқуқий пойдеворидир.

Жумладан, Ўзбекистон – Қирғизистончегарани делимитация қилиш жараёнини якунлаб, 2023 йил 27 январда Бишкекда ратификация ёрлиқлари алмашилди ҳамда стратегик шериклик декларацияси имзоланди. АҚШ келишувни 2022 йил 13 декабрда расмий равишда олқишлади.

Ўзбекистон – Тожикистон бўйича эса 2024 йил 18 апрелда Душанбеда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди.

2025 йил 31 мартда Хўжандда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари чегараларнинг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома ҳамда «Мангу дўстлик тўғрисида»ги Хўжанд декларациясини имзолади. Туташ нуқтада «Дўстлик» ёдгорлиги очилди. Давлатимиз раҳбари бу воқеани минтақа барқарорлигини мустаҳкамлайдиган тарихий қадам, деб баҳолади. Ушбу битимлар Фарғона водийсидаги ўн йиллик зиддиятларга нуқта қўйди.

Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ ва глобал бошқарув институтларини замон талабларига мослаштириш зарурлигини глобал минбардан илгари сурди.

2025 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президентимиз замонавий таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш ҳамда ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибини «ислоҳ қилиш ва кенгайтириш»ни таклиф этди. Шунингдек, минтақа давлатларининг ҳамкорлигини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилишни илгари сурди.

II. Иқтисодий тараққиёт

Ўзбекистон минтақаларни боғловчи транспорт йўлаклари, савдо ва инвестиция оқимлари орқали барқарор тинчликнинг моддий асосини яратишга қаратилган муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурди. Жумладан, икки катта минтақа – Марказий ва Жанубий Осиёни (тахминан 2 миллиард аҳоли) яқинлаштирувчи янги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг ташаббускори бўлди.

Мамлакатимиз етакчиси ташаббуси билан 2021 йил 15-16 июлда Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Имкониятлар ва таҳдидлар» халқаро конференцияси ўтказилди. Унда 44 давлат ва қарийб 30 та  халқаро ташкилот делегациялари иштирок этди.

Президентимиз ушбу конференцияда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга форумни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Форум якунлари бўйича БМТ Бош Ассамблеясига Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция лойиҳасини тақдим этиш таклиф этилди.

Ушбу анжуманнинг энг ютуқли томонларидан бири – минтақалараро транспорт-логистика интеграцияси ғояси халқаро ҳуқуқий мақомга эга бўлганида бўлди. Тошкент конференцияси якунлари сифатида БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йил 11 июлда «Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» махсус резолюциясини қабул қилди. Бу ҳужжат икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий тамойиллари ва йўналишларини мустаҳкамлади.

Денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва Покистон портлари билан боғловчи Трансафғон темир йўли минтақавий ўзаро боғлиқлик архитектурасининг калитидир.

«Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли лойиҳасига доир «Йўл харитаси» 2021 йил 2 февралда Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида имзоланди. 2023 йил июлида Исломободда якуний маршрут келишилди, 2023 йил майида лойиҳа офиси таъсис этилди.

2025 йил 17 июлда Кобулда уч давлат вакиллари лойиҳанинг техник-иқтисодий асосномасини ишлаб чиқиш бўйича дастлабки битимни имзолади. Тахминий қиймати 4,6–7 миллиард долларни ташкил этадиган йўлак 2027 йилгача якунланиши кутилмоқда, у йилига 20 миллион тоннагача юк ўтказиш салоҳиятига эга. Лойиҳа юк ташиш муддати ва харажатларни сезиларли қисқартириб, минтақанинг тарихий «кўприк» ролини тиклайди.

Ўзбекистон энергетик ўтишни минтақавий ҳамкорлик ва глобал кун тартибининг ажралмас қисми сифатида илгари сурмоқда.

2025 йилда Президентимиз БМТ шафелигида минтақавий «яшил» технологиялар хабини яратишни таклиф этди. Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши умумий электр ишлаб чиқаришда 30 фоизга етди, 35 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 2030 йилгача бу кўрсаткични 54 фоизга етказиш режалаштирилган.

III. Хавфсизлик, жиноятчиликка қарши кураш

Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик сиёсатида Афғонистон масаласи марказий ўрин тутади. Тошкент бу мамлакатни «таҳдид манбаи» эмас, балки «имкониятлар маконига» айлантириш ёндашувини илгари суриб, минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.

Афғонистондаги тинчлик жараёнини жонлантирган дипломатик бурилиш нуқтаси айнан Тошкентда яратилди.

Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил 26–27 мартда Тошкентда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий ўзаро ҳамжиҳатлик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Якунда Тошкент декларацияси қабул қилиниб, у тинч йўл билан тартибга солишнинг асосий тамойилларини мустаҳкамлади.

Конференциядан сўнг Вашингтон, Москва ва Пекин позициялари яқинлашди, айнан шу форумдан кейин АҚШ билан «Толибон» ўртасида тўғридан- тўғри музокаралар бошланиб, 2020 йил 29 февралда Доҳада битим имзоланди. Тошкент декларацияси Афғонистон учун ўзига хос «Тинчлик дастури» вазифасини бажарди.

Ўзбекистон Афғонистонни изоляция қилишга қарши чиқиб, унинг тинч иқтисодий жараёнларга жалб этилишини ёқламоқда. Айни мақсадда Термизда Афғонистонга йўналтирилган логистика ва гуманитар хаб ташкил этилди. 2025 йилда Президентимиз БМТ минбаридан Афғонистонни «изоляция қилмаслик» зарурлигини таъкидлаб, унинг ҳудуди орқали халқаро транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш тўғрисида резолюция қабул қилишни таклиф этди.

IV. Илмий-техникавий ҳамкорлик

Мамлакатимиз етакчиси рақамли тенгсизликни бартараф этиш ва янги технологияларга тенг кириш ҳуқуқини таъминлашни глобал тинчлик ва ривожланиш масаласи сифатида кўтариб чиқмоқда. Хусусан, 2025 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президентимиз соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллект ечимлари ва моделлари билан беғараз алмашиш бўйича Халқаро ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф этди. Бу ташаббус давлатлар ўртасидаги рақамли ривожланиш тафовутини камайтиришга йўналтирилган.

Ташаббус БМТда сунъий интеллектни бошқариш бўйича Глобал мулоқот расман ишга туширилган даврга – 80-сессиянинг марказий мавзуларидан бирига тўғри келди, бу унинг долзарблиги ва ўз вақтидалигини кўрсатади.

Ўзбекистон инсон капитали ва замонавий кўникмаларни ривожлантиришни ҳам глобал кун тартибига тизимли олиб чиқмоқда.

БМТ сессиясида Президентимиз бу борада Ўзбекистон ва бутун минтақа учун Касб-ҳунар таълими бўйича Жаҳон саммитини ўтказишни таклиф этди.

Минтақавий ҳамкорликни илмий-таҳлилий жиҳатдан таъминловчи доимий экспертлик платформаси яратилди. 2020 йилда Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Марказий Осиё халқаро институти минтақавий шериклик масалаларини ўрганиш, қўшма илмий-тадқиқот дастурларини амалга ошириш ва нуфузли хорижий экспертларни жалб этиш марказига айланди. Институт расман 2021 йилги Тошкент конференцияси арафасида очилди.

V. Ижтимоий-маданий ва гуманитар соҳа

Бу йўналишда Ўзбекистоннинг тинчликпарварлиги бағрикенглик, маърифат, ёшлар ҳуқуқлари ва цивилизациялараро мулоқот тамойиллари орқали халқаро ҳуқуқий мазмун касб этди.

Ўзбекистон ташаббуси билан таълим, бағрикенглик ва эътиқод эркинлигини мустаҳкамловчи махсус резолюция рекорд даражаги қисқа муддатда ва бир овоздан қабул қилинди.

Ташаббус БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида (2017) илгари сурилганди. 2018 йил 12 декабрда Бош Ассамблея «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини барча аъзо давлатлар томонидан бир овоздан, 50 дан зиёд давлат ҳаммуаллифлигида қабул қилди. Унинг асосий мақсади – «таълимга умумий кириш имконини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатни тугатиш».

Ҳужжат ижроси доирасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди, 2020 йил декабрида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича «махсус кузатув рўйхати»дан чиқарди.

Марказий Осиёда цивилизациялараро мулоқот ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг доимий платформаси яратилгани ҳам ушбу йўналишдаги муҳим натижалардан бири бўлди.

2021 йил 14–16 сентябрда Хивада «Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форуми ўтказилди. Унинг якуни сифатида ЮНЕСКО кўмагида «Хива жараёни» платформаси шакллантирилди, тегишли резолюция 2021 йил ноябрда ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиясида бир овоздан қабул қилинди.

Ёшлар ҳуқуқларини глобал кун тартибига олиб чиқиб, ушбу соҳада янги халқаро ҳуқуқий нормаларни шакллантиришни таклиф этгани ҳам алоҳида воқелик ҳисобланади.

Бинобарин, 2020 йил августда БМТ шафелигида Самарқандда ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро форум ўтказилиб, «Ёшлар 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йил октябрида COVID-19 пандемиясининг ёшлар инсон ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Гуманитар ҳамкорлик иқтисодий ва институционал ўлчовлар билан бойитилди. БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 2019 йил декабрда «Марказий Осиёда барқарор туризм ва изчил ривожланиш», 2022 йил декабрда эса «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар роли тўғрисида»ги резолюцияларни қабул қилди.

VI. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси

Орол фожиаси экологик дипломатиямизнинг марказида туради. Ўзбекистон бу муаммони бир томонлама эмас, балки халқаро ҳамкорлик ва инновациялар орқали ҳал этиш мафкурасини илгари сурди. Натижада Оролбўйи минтақаси тарихда биринчи бўлиб БМТ Бош Ассамблеяси томонидан махсус экологик мақомга эга бўлди.

Ғоя илк бор 2018 йил 24 августда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида, кейин 2019 йил 25 октябрда Нукусдаги халқаро конференцияда илгари сурилди. 2021 йил 18 майда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди, ҳаммуаллифлар сони қарийб 60 давлатни ташкил этди.

Айни даврда минтақага халқаро ёрдамни бирлаштирувчи доимий молиявий-ривожланиш механизми яратилди.

2018 йил 27 ноябрда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама траст жамғармаси таъсис этилди. У саломатлик, иқтисодий ривожланиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва ижтимоий ҳимоя масалаларида мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминламоқда.

Ўзбекистон иқлим хавфларига қарши минтақавий бирдамлик механизмини шакллантирмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида (2023) Президентимиз «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари олдида: умумий фаровонлик йўлида бирдамлик» резолюциясини қабул қилишни таклиф этди ва «Марказий Осиё иқлим диалоги»ни таъсис этишни илгари сурди. Кейинчалик Самарқандда халқаро иқлим форуми ўтказилди. 

Бундан ташқари, 2024 йил февралда Самарқандда яна бир халқаро анжуман – БМТнинг Ёввойи табиатнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш конвенцияси Томонларининг 14-конференцияси (CMS COP-14) бўлиб ўтди. Унда 2024–2032 йилларга мўлжалланган Самарқанд стратегик режаси қабул қилинди, Тошкентда Марказий Осиёда биринчи Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) офиси очилди.

Хулоса

Юқорида келтирилган таҳлил Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик сиёсати тасодифий ёки декларатив характерга эга эмаслиги, балки яхлит, изчил ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган стратегияга асосланганини кўрсатади. Мамлакатимиз қисқа даврда минтақавий ҳамкорлик муҳитини тубдан ўзгартирди, чегара зиддиятлари тинч йўл билан ҳал этилди, давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари каби доимий мулоқот механизмлари йўлга қўйилди.

Ўзбекистон ташаббусларининг ўзига хослиги шундаки, улар қоидага кўра, БМТ, ЮНЕСКО ва ШҲТ каби нуфузли халқаро тузилмаларнинг расмий ҳуқуқий ҳужжатлари – резолюция, декларация ва конвенцияларга айлантирилади. Маърифат ва диний бағрикенглик, Оролбўйини экологик инновациялар ҳудуди деб эълон қилиш, Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлиги, Хива жараёни сингари ҳужжатлар бунинг ёрқин мисолидир. Бу ташаббуслар жаҳон миқёсида экспертлар ва жамоатчилик томонидан юқори баҳоланди.

Сиёсий мулоқотдан тортиб транспорт йўлаклари, сунъий интеллект, маданий мерос ва экологик дипломатиягача – барча йўналишларда Ўзбекистон ягона мантиққа таянади: барқарор тинчлик фақат ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва халқаро ҳуқуқ устуворлиги орқали қурилади. Натижада Марказий Осиё бугунги нотинч дунёда ишонч ва ҳамкорликнинг ноёб минтақавий моделига, Ўзбекистон эса унинг ишончли ташаббускори ва меъморига айланиб бормоқда.

Шоҳруҳ Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори