ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ УЛКАН ЭВОЛЮЦИОН ЙЎЛИ
Жамиятнинг ҳақиқий тараққиёти баланд бинолар, йирик лойиҳалар ёки статистик ўсишлар билангина ўлчанмайди. У, аввало, инсон ўз уйида, ўз маҳалласида, ўз ҳаётида қанчалик хавфсиз ва қадрланганини ҳис этиши билан баҳоланади. Айниқса, хотин-қизларнинг шаъни, соғлиғи ва эркинлиги ишончли ҳимоя қилинган мамлакатдагина адолат, фаровонлик ва маънавий барқарорлик ҳақида тўлақонли сўз юритиш мумкин.
Юртимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимининг босқичма-босқич ривожланиши давлат сиёсатининг инсонпарвар моҳиятини намоён этадиган энг муҳим йўналишлардан биридир. Сўнгги йилларда бу масалага оила доирасида қоладиган хусусий низо эмас, инсон ҳуқуқлари, жамоат хавфсизлиги ва давлат масъулияти билан боғлиқ умуммиллий вазифа сифатида қарала бошланди. Энг катта ўзгариш давлатнинг муносабатида юз берди. Эндиликда жабрланувчидан “сабр қилиш” эмас, уни ҳимоялаш, ҳолатни яширишдан кўра, хавфни барвақт аниқлаш, яраштиришни ҳар қандай вазиятда мақсадга айлантириш эмас, аввало, инсон ҳаёти ва қадр-қимматини асраш талаб этилмоқда.
Бу борадаги ислоҳотлар алоҳида ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмади. Кейинги йилларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёллар ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, иккита махсус қонун қабул қилиниб, Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Меҳнат ва Оила кодексларига тизимли ўзгартишлар киритилди. Соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 15 дан ортиқ фармон ва қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 20 га яқин қарори қабул қилиниб, комплекс ҳуқуқий механизм шакллантирилди.
Мустақиллик йилларида бу тизим конституциявий тенглик ва ижтимоий муҳофаза тамойилларидан бошланиб, махсус қонунчилик, ҳимоя ордери, маъмурий ва жиноий жавобгарлик, реабилитация марказлари, рақамли мурожаат каналлари ҳамда идоралараро ижтимоий хизматлар тизимигача бўлган мураккаб, аммо изчил йўлни босиб ўтди. Ушбу тараққиётни шартли равишда етти босқичга бўлиш мумкин.
Ҳуқуқий пойдевор яратилган йиллар
1991-2003 йилларда давлат сиёсати хотин-қизларнинг конституциявий тенглигини таъминлаш, жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилди.
1992 йилги Конституцияда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқли экани мустаҳкамланиб, кейинчалик гендер тенглик ва зўравонликдан ҳимоя қилишга оид махсус қонунларни қабул қилиш учун фундаментал ҳуқуқий асос яратилди.
1995 йилда Ўзбекистон БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси – CEDAWга қўшилди. Ўша даврда тазйиқ ва оилавий зўравонлик алоҳида ҳуқуқий категория сифатида белгиланмаган бўлиб, бундай ҳолатлар умумий жиноят, маъмурий, оила ва фуқаролик қонунчилиги нормалари асосида баҳоланган, низоларни маҳалла ва оила доирасида яраштириш орқали ҳал этиш устувор саналган.
Ижтимоий ҳимоядан институционал қўллаб–қувватлашга
2004-2016 йиллар хотин-қизлар билан ишлашнинг ташкилий асослари мустаҳкамланган давр бўлди. 2004 йилда махсус фармон билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти қўллаб-қувватланиб, ташкилий тузилмаси ҳамда маҳаллий даражадаги иштироки кучайтирилди.
Бу даврда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш, уларни бандлик ва касбга ўқитиш дастурларига жалб этиш, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, оғир турмуш шароитидаги аёлларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишлари кенгайтирилди. Оилавий низоларни маҳалла даражасида ҳал этиш ҳам муҳим восита сифатида қўлланилди.
Айни пайтда тизим асосан ижтимоий ҳимоя ва оилани сақлаб қолиш концепциясига таянди. Шу сабабли айрим ҳолатларда жабрланувчининг хавфсизлигидан кўра яраштириш, ажрашишнинг олдини олиш ва оила обрўсини сақлашга устувор аҳамият берилди.
Муаммога янги давлат сиёсати нуқтаи назаридан қараш
2017-2018 йилларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик масаласи янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди.
2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги фармони билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолият тубдан такомиллаштирилиб, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, оғир ижтимоий вазиятга тушган аёлларни манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда оилавий муаммоларни барвақт аниқлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Шу асосда хонадонбай ўрганиш, муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш, аёллар учун маслаҳат ва қўллаб-қувватлаш хизматларини ривожлантириш, оила ва хотин-қизлар масалаларини илмий-амалий ўрганиш ҳамда оғир ижтимоий аҳволга тушган аёлларни реабилитация қилиш механизмлари кенгайтирилди.
Мазкур босқич ижтимоий ҳимоя моделидан махсус ҳуқуқий ҳимоя моделига ўтиш учун мустаҳкам замин яратди. Натижада тазйиқ ва зўравонлик оила доирасида ҳал қилинадиган шахсий масала эмас, балки давлат органлари аралашувини талаб қиладиган ижтимоий-ҳуқуқий муаммо сифатида баҳолана бошланди.
Махсус қонун ва ҳимоя ордери
2019-2020 йиллар соҳадаги энг муҳим ҳуқуқий бурилиш босқичи бўлди. 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан тазйиқ, жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик тушунчалари, жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари, ваколатли органларнинг вазифалари ҳамда ҳимоя ордери институти ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Ўша куни қабул қилинган яна бир ҳужжат – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун эса гендер тенгликни таъминлашни давлат сиёсатининг мустақил ҳуқуқий йўналиши сифатида белгилади.
2020 йилда ҳимоя ордерини расмийлаштириш, бериш ва ижросини таъминлаш тартиби жорий этилди, кейинчалик ордерларни электрон шаклда расмийлаштириш ҳамда QR код орқали тасдиқлаш амалиёти йўлга қўйилди.
Ҳимоя ордери зўравонлик жиноят даражасига етмасдан туриб давлатнинг тезкор ҳуқуқий аралашувини таъминлайдиган механизмга айланди. У жабрланувчи билан алоқани чеклаш, зўравонликни такрорламаслик ҳақида расмий огоҳлантириш бериш ва профилактик назоратни амалга ошириш имконини яратди. Шу тариқа оилавий ёки шахсий муносабатлар зўравонликни оқлашга асос бўла олмаслиги, инсоннинг ҳаёти, соғлиғи ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлатнинг устувор вазифаси экани ҳуқуқий амалиётда мустаҳкам қарор топди.
Мазкур ҳуқуқий ислоҳотлар нафақат миллий ҳуқуқ тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди, балки Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини амалий таъминлашга ҳам хизмат қилди. Хусусан, БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси (CEDAW) талаблари миллий қонунчиликка босқичма-босқич имплементация қилинди. Кейинчалик янги таҳрирдаги Конституцияда давлат хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиши алоҳида конституциявий кафолат сифатида мустаҳкамланди.
Реабилитация ва манзилли ёрдам бир тизимда
2021–2022 йилларда хотин-қизларни ҳимоя қилиш соҳасида стратегик, реабилитацион ва манзилли қўллаб-қувватлаш механизмлари ягона тизимга бирлаштирилди.
2021 йил 28 майда 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланиб, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашнинг узоқ муддатли вазифалари белгиланди.
Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги қарори асосида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, улар зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга вақтинча бошпана, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга ихтисослаштирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги фармони билан эса оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашнинг миллий механизмлари янада такомиллаштирилди. Натижада тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан чекланмай, ҳуқуқий ва психологик ёрдам, вақтинча бошпана, реабилитация, бандлик, касбга тайёрлаш, моддий кўмак ҳамда маҳаллада ижтимоий ишларни қамраб олган комплекс тизимга айланди. Шу билан бирга, “Аёллар дафтари” ва бошқа манзилли дастурлар иқтисодий қарамлик, ишсизлик ва уй-жой муаммолари каби зўравонлик хавфини кучайтирувчи омилларни бартараф этишнинг муҳим амалий механизми сифатида шаклланди.
Жавобгарликнинг муқаррарлиги ва комплекс хизматлар
2023-2025 йилларда оилавий-маиший зўравонлик криминализация қилиниб, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг фарзандларига комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими шакллантирилди.
2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда оилавий-маиший зўравонлик учун маъмурий, Жиноят кодексида эса жиноий жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, шаҳвоний шилқимлик, вояга етмаганлар ва хотин-қизларни ҳимоя қилишга оид қатор нормалар кучайтирилди.
Президентимизнинг 2024 йил 10 майдаги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июндаги қарорлари асосида тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг янги тартиблари жорий этилди. Улар доирасида жабрланувчиларни реабилитация марказларига жойлаштириш, вақтинча бошпана билан таъминлаш, ҳимоя ордери ва жабрланувчилар ҳақидаги маълумотларни “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали “Инсон” марказларига реал вақт режимида юбориш, шошилинч қабул бўлимларида бирламчи кўмак хоналарини ташкил этиш, “102” орқали келиб тушган мурожаатларни ҳисобга олиш ҳамда ижтимоий хизматлар мониторингини юритиш йўлга қўйилди.
Мазкур босқичда миллий тизим огоҳлантириш ва яраштиришга асосланган ёндашувдан ҳуқуқий жавобгарлик, жабрланувчининг хавфсизлиги ва комплекс реабилитацияни таъминлашга қаратилган замонавий моделга тўлиқ ўтди.
Рақамли, рискка асосланган ва ихтисослашган ҳимоя
2026 йилдан хотин-қизлар ва болаларни ҳимоя қилиш тизимини рискка асосланган, рақамли ва ихтисослашган модель асосида ривожлантиришнинг янги босқичи бошланди.
Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони билан зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда барвақт профилактика механизмларини кучайтириш устувор вазифалар этиб белгиланди.
2026 йил 1 апрелдан ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг розилиги билан уларнинг мобил қурилмаларига “my.ihma.uz” тизими орқали SOS чақирув функциясини ўрнатиш жорий этилди. Шунингдек, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида таълим, соғлиқни сақлаш, ФҲДЁ, маҳалла ва диний ташкилотлар иштирокида ички ишлар органлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тезкор хабар беришнинг идоралараро механизми йўлга қўйилмоқда.
2027 йил 1 январдан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиш ва кўриб чиқиш белгиланди. Шу муносабат билан 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан терговчи ва судьяни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Айни вақтда ижтимоий тармоқлар ҳам зўравонлик ҳолатларини ошкор қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва давлат органларининг тезкор муносабатини таъминлашда муҳим омилга айланди. Натижада зўравонликни “оилавий сир” сифатида қабул қилиш ўрнига унга муросасиз муносабатни шакллантириш тенденцияси тобора кучаймоқда.
Шу тариқа хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизими хавфни барвақт аниқлаш, рақамли технологиялар орқали мониторинг қилиш ва ихтисослашган институтлар фаолиятига таянган замонавий профилактика моделига босқичма-босқич ўтмоқда.
Тизимнинг ўзгарган қиёфаси
Ислоҳотлар натижасида зўравонлик ҳуқуқий жиҳатдан тан олинди. Илгари шахсий ёки оилавий низо сифатида қаралган хатти-ҳаракатлар эндиликда тазйиқ, иқтисодий, руҳий, жинсий ва жисмоний зўравонлик сифатида ҳуқуқий баҳоланмоқда.
Тезкор ҳимоя институти яратилди. Ҳимоя ордери жабрланувчини жиноят содир бўлишини кутиб ўтирмасдан муҳофаза қилиш имконини берди.
Жавобгарлик дифференциация қилинди. 2023 йилдан оилавий зўравонлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди.
Реабилитация ва ижтимоий хизматлар шакллантирилди. Жабрланувчиларга бошпана, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими вужудга келди.
Рақамли мурожаат имкониятлари кенгайди. Онлайн мурожаат, электрон ҳимоя ордери, QR код, ягона ахборот тизими ва SOS функциялари ҳимояни тезкор ва манзилли қилишга йўл очмоқда.
Жамоатчилик муносабати ўзгармоқда. Зўравонликка тоқат қилиш ёки уни “оилавий масала” сифатида яшириш ўрнига уни ҳуқуқбузарлик ва инсон ҳуқуқлари бузилиши сифатида қабул қилиш кучаймоқда. Бу ўзгаришлар оддий статистика эмас, улар жамият онгидаги бурилишни ифодалайди.
Ислоҳотларнинг халқаро эътирофи
Бугун мамлакатимиз халқаро ташкилотлар, нуфузли рейтинг агентликлари ва экспертлар томонидан хотин-қизларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни бажарувчи давлат сифатидагина эмас, балки минтақада мазкур йўналишда ҳуқуқий ислоҳотларни изчил амалга ошираётган мамлакат сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
Жумладан, Жаҳон банкининг «Women, Business and the Law» ҳисоботида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳуқуқий ислоҳотларни энг тез амалга оширган дунёдаги энг илғор беш давлат (Top Five Improvers) қаторига киритилди.
Халқаро эътироф фақат қонунчиликдаги ўзгаришлар билан чекланиб қолмади. Гендер соҳасида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш борасида ҳам мамлакатимиз сезиларли натижаларга эришди. Open Data Watch халқаро ташкилотининг «Open Gender Data Index» рейтингида Ўзбекистон 195 давлат ичида 18-ўринни эгаллаб, дунёнинг энг яхши йигирмата мамлакати қаторидан жой олди. Мазкур кўрсаткич давлат органлари хотин-қизларга оид маълумотларни очиқ эълон қилиш ва статистик шаффофликни таъминлаш йўлида сезиларли илгарилаганини тасдиқлайди.
Жоржтаун университети томонидан эълон қилинадиган «Women, Peace and Security Index» рейтингида Ўзбекистон дунё давлатлари орасида энг яхши юзталик мамлакатлар қаторига кирди. Ушбу натижа аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси, хавфсизлиги ва ижтимоий имкониятларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро мезонлар асосида ҳам муносиб баҳоланаётганини англатади.
Шу билан бирга, ислоҳотларнинг кейинги босқичи аниқ ва ўлчанадиган натижаларга таяниши керак. Биринчи навбатда, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ статистик маълумотлар тарқоқлиги бартараф этилиши зарур. Ички ишлар, суд, прокуратура, соғлиқни сақлаш, “Инсон” марказлари, реабилитация муассасалари ва фуқаролик жамияти маълумотлари ҳозирча бир-биридан алоҳида юритилади.
Умуман, назаримда, ушбу йўналишдаги ишлар ривожининг кейинги босқичида қуйидаги амалий таклифларнинг амалиётга жорий этилиши мақсадга мувофиқ.
Масалан, “Хавфсизлик – жавобгарлик – тикланиш” миллий моделини жорий этиш. Унда хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизими уч таянчга қурилади: зўравонликни зудлик билан тўхтатиш; зўравон шахсга нисбатан муқаррар ва мутаносиб чора қўллаш; жабрланувчининг соғлиғи, ҳуқуқлари, даромади ва мустақил ҳаётини тиклаш.
Шунингдек, идоралараро ягона “GBV Case ID” тизимини ташкил этиш, очиқ миллий статистика панелини яратиш, юқори хавфли зўравон шахсларни электрон назорат қилиш тизимини эксперимент тариқасида жорий этиш, ҳар бир ҳудудда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишларини кўриб чиқишга ихтисослашган терговчи-прокурор-судья занжирини яратиш, жабрланувчилар учун махсус адвокатлар реестрини кенгайтириш ва “битта мурожаат нуқтаси”ни ҳар бир ҳудудда амалий жорий этиш, рақамли зўравонлик бўйича махсус ҳуқуқий механизмларни жорий этиш ва миллий виктимологик тадқиқотларни мунтазам ўтказиш ҳам тизим самарадорлигида фойдадан холи бўлмайди.
Ўзбекистонда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш сиёсати мустақиллик йилларида конституциявий тенгликдан ижтимоий ҳимояга, институционал қўллаб-қувватлашдан махсус қонунчиликка, ҳимоя ордеридан маъмурий ва жиноий жавобгарликка, комплекс ижтимоий хизматлардан рақамли ва ихтисослашган ҳимоягача бўлган улкан эволюцион йўлни босиб ўтди.
Энди навбатдаги вазифа янги органлар ёки кўпроқ ҳисоботлар ташкил этиш эмас. Асосий мезон — ҳар бир мурожаат ортида турган инсоннинг ҳаётида нима ўзгаргани муҳим. Шундагина тизимнинг самараси ҳимоя ордерлари ёки ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, сақлаб қолинган ҳаётлар, такрорланмаган зўравонлик ҳолатлари ва қайта тикланган инсон тақдирлари билан ўлчанади.
Янги Ўзбекистоннинг энг кучли қиёфаси ҳам айнан шу ерда намоён бўлади, яъни давлат бир аёлнинг қўрқувини ўзининг ташвиши, унинг қадр-қимматини ўзининг масъулияти, унинг хавфсиз келажагини эса миллий тараққиётнинг ажралмас шарти деб билади. Хотин-қизни ҳимоя қилиш оилани, болани, жамиятни ва эртанги кунни ҳимоя қилишдан иборат.
Абдулазиз Расулев
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
Илмий котиби, юридик фанлар доктори, профессор
