2026 йил 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти илмий ходимлари Г.Р. Маликова ва Я.М. Квитков «Дунё бўйлаб» телеканалининг «Актуально студия» телекўрсатувида иштирок этдилар. Телекўрсатув Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида маҳаллаларда янги муҳит яратиш ва «маҳалла еттилиги» фаолиятини янгича ташкил этиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишига бағишланди.

Телекўрсатув давомида маҳалла раислари ва «маҳалла еттилиги» аъзоларининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, улар фаолиятини илмий-методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларга ажратилаётган ресурслардан фойдаланиш натижадорлигини ошириш, шунингдек, тегишли ҳудудни ривожлантириш масалаларини ҳал этишда маҳалла раиси ролини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Видеоселектор йиғилишида белгиланган маҳалла раисларига ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун қўшимча воситалар тақдим этиш, шунингдек, айрим давлат хизматларини маҳалла даражасига ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Чиқишлар давомида аҳоли муаммоларини оддий қайд этишдан уларни тизимли ва натижадор ҳал этишга ўтиш, «маҳалла еттилиги» аъзоларининг функциялари ва жавобгарлигини аниқ белгилаш, идоралараро мувофиқлаштиришни такомиллаштириш ҳамда маҳалла бошқарувига илмий ёндашувларни жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, давлат хизматларини аҳолига яқинлаштириш ва уларни маҳалла даражасида кўрсатишни ташкил этишда давлат органларининг ваколатлари ва жавобгарлигини аниқ сақлаб қолиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Шу муносабат билан, Президент томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш маҳалла фаолиятининг янги моделини шакллантиришга қаратилгани таъкидланди. Унда берилган ваколат ва ресурслар шахсий масъулият, ташаббускорлик ҳамда якуний натижага йўналтирилганлик билан мустаҳкамланади. Белгиланган ёндашувларни изчил жорий этиш «маҳалла еттилиги» фаолиятининг ўзаро мувофиқлигини ошириш, тегишли ҳудудда ишларни ташкил этишда маҳалла раиси ролини кучайтириш ҳамда аҳоли масалаларини янада тезкор, манзилли ва натижадор ҳал этиш имконини беради.