Сафарова Адиба.,
Главный научный сотрудник

I. Бозор иқтисодиёти шароитида кооперативлар аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг иқтисодий фаоллигини оширишнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Мазкур соҳанинг ривожланиш динамикаси статистик маълумотларда ҳам намоён бўлади: 2024 йилда Ўзбекистонда 1 334 та кооператив фаолият юритган бўлса, 2025 йилда уларнинг сони 1 774 тани ташкил этган, умумий товар айланмаси эса 435,1 млрд сўмдан 828 млрд сўмга етган. Кооперативларнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги, шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда.
Республикада кооперативлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари Фуқаролик ва Уй-жой кодекслари, шунингдек, кооперация ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари тўғрисидаги соҳавий қонунлар орқали шакллантирилган. Сўнгги йилларда кооператив муносабатлар саноат, хизмат кўрсатиш, маҳалла иқтисодиётини ривожлантириш ва уй-жой соҳаларига ҳам фаол жорий этилмоқда.


II. Мавжуд ҳуқуқий асосларга қарамай, амалдаги қонунчилик, биринчи навбатда, 1991 йилда қабул қилинган «Кооперация тўғрисида»ги асосий Қонун концептуал жиҳатдан эскирган бўлиб, замонавий бозор иқтисодиёти ва корпоратив ҳуқуқ талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Хусусан, қонунда кооператив аъзоларининг корпоратив ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, замонавий корпоратив бошқарув, манфаатлар тўқнашуви, ахборотдан фойдаланиш ва ички назорат каби муҳим институтлар комплекс тарзда тартибга солинмаган. Кооперативнинг ҳуқуқий табиати ҳам етарлича аниқ белгиланмаган: қонунчиликда «кооперация» ва «кооператив» тушунчалари ўртасидаги фарқ очиб берилмаган, кооператив эса аъзоликка асосланган мустақил корпоратив юридик шахс сифатида аниқ эътироф этилмаган. Бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича ёндашувлар ва зиддиятларни келтириб чиқармоқда.
Кооперативларни анъанавий таснифлаш (ишлаб чиқариш, истеъмол ва аралаш кооперативлар) ҳамда уларнинг аъзолари шахсан меҳнат иштирокини таъминлашига ортиқча урғу берилиши бундай бирлашмаларнинг иқтисодий салоҳиятини сезиларли даражада чекламоқда. Бундан ташқари, кооперативларнинг молиявий ва мулкий асосларини, жумладан, пай бадалларининг ҳуқуқий табиати, захира фондларини шакллантириш, соф даромадни тақсимлаш ҳамда аъзолик тугатилганда пайни қайтариш механизмларини тизимли тартибга солиш зарурати мавжуд. Корпоратив бошқарувнинг ягона стандартлари ва мустақил ташқи аудит тизими мавжуд эмаслиги ҳам кооперативнинг ягона ҳуқуқий моделини шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда.
Мазкур тизимли муаммолар кўламини инобатга олган ҳолда, кооперативлар муҳим иқтисодий институт сифатида самарали фаолият юритаётган илғор хорижий тажрибани ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Европа Иттифоқи мамлакатларида 250 мингдан ортиқ кооператив фаолият юритиб, 163 миллиондан зиёд аъзони бирлаштиради ва 5,4 миллион кишини иш билан таъминлайди. Халқаро тажриба кооперативлар фаолияти учун ягона ҳуқуқий асосни шакллантириш юқори самара беришини кўрсатмоқда. Масалан, Германия, Испания, Италия ва Францияда махсус қонунлар кооперативларнинг умумий ҳуқуқий мақоми ва асосий институтларини ягона тизимда белгилайди. Бунда асосий мезон аъзоларнинг шахсий меҳнат иштироки эмас, балки уларнинг умумий иқтисодий эҳтиёжларини қондириш мақсадида бирлашиши ҳисобланади. Замонавий хорижий моделлар Халқаро кооперативлар альянси томонидан белгиланган тамойилларга таянади. Германия тажрибасида эса мустақил ташқи аудитнинг аҳамияти алоҳида намоён бўлиб, бунда нафақат молиявий ҳисобот, балки бошқарувнинг умумий самарадорлиги ҳам баҳоланади.


III. Кооперативлар фаолияти учун замонавий ва барқарор ҳуқуқий муҳитни шакллантириш мақсадида миллий қонунчиликни комплекс модернизация қилиш таклиф этилади. Бу борадаги асосий қадам сифатида «Кооперативлар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш ва унда улар фаолиятининг умумий ҳуқуқий, ташкилий ҳамда иқтисодий асосларини ягона ҳужжат доирасида белгилаш лозим. Янги қонунда кооперативни аъзоликка асосланган мустақил корпоратив юридик шахс сифатида аниқ белгилаш ҳамда унинг ҳуқуқий мақомини Фуқаролик кодексидаги юридик шахслар тизими билан тўлиқ мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, кооперативларни қатъий ташкилий-ҳуқуқий турларга ажратишдан воз кечиб, уларни фақат фаолият йўналишлари бўйича таснифлаш ва аъзоларнинг мажбурий шахсий меҳнат иштирокини талаб қилиш амалиётини бекор қилиш таклиф этилади.
Қонунда ихтиёрий ва очиқ аъзолик, демократик бошқарув, аъзоларнинг иқтисодий иштироки, шунингдек, мустақиллик ва автономия каби халқаро кооператив тамойилларини бевосита мустаҳкамлаш зарур. Аъзоларнинг корпоратив ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини сезиларли даражада кучайтириш, жумладан, ахборот олишнинг аниқ тартибларини, умумий йиғилишлар ва бошқарув органлари қарорлари устидан шикоят қилиш, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан етказилган зарарни ундириш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда умумий йиғилиш, ижро этувчи орган, кузатув кенгаши ва тафтиш органининг мақоми, ваколатлари ҳамда ҳисобдорлигини аниқ чегараловчи корпоратив бошқарувнинг ягона стандартлаштирилган моделини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, кооперативларнинг мулкий ва молиявий асосларини батафсил тартибга солиш, шунингдек, мажбурий мустақил аудит ва иқтисодий барқарорликни ташқи баҳолаш тизимини жорий этиш талаб этилади. Ниҳоят, кооперативлар секторини рағбатлантириш мақсадида қонун даражасида давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг комплекс тизимини яратиш, жумладан, имтиёзли кредитлар, кафиллик механизмлари, давлат харидларида иштирок этиш, экспорт ва логистика инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини назарда тутиш лозим. Шунингдек, кооперативлар манфаатларини миллий ва халқаро даражада ифода этиш учун кооператив бирлашмаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш таклиф этилади.
Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг иқтисодий фаоллигини янада ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.