Собиров Шохрухбек
Бош илмий ходим

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти томонидан хорижий рақамли платформалар назорати остида бўлган электрон маълумотларни сақлаб туриш ва олиш муаммолари ўрганилди.

I. Электрон маълумотнинг мақбуллигини таъминлаш муаммоси.

Жиноят-процессуал кодексининг (бундан буён матнда ЖПК деб юритилади) 204²-моддасида электрон маълумотлардан кўчирма нусха олишда уларнинг бутунлиги ва айнанлиги сақлаб турилиши ҳамда нусханинг мақбуллигини таъминлаш учун униинг асли мавжуд бўлиши назарда тутилган.
Шундай қилиб, қонунчилик аллақачон рақамли далилни жиноят-процессуал исботлашнинг мустақил объекти сифатида эътироф этади. Шу билан бирга, электрон маълумотлардан қонуний равишда фойдаланиш имконияти пайдо бўлгунига қадар уларнинг сақланишини таъминлашга қаратилган мустақил босқич норматив жиҳатдан шакллантирилмаган.
2019-2024 йилларда ўн тўртта маъмурий-ҳудудий бирликда чиқарилган ҳукмлар таҳлили шуни кўрсатадики, суд амалиётига оид мавжуд маълумотлардан рақамли маълумотлар қандай келиб чиққанлиги, уларга ўзгартиришлар киритилмаганиги ва тегишли рақамли ҳаракатнинг муайян шахс билан боғлиқлиги қандай таъминланганлигини аниқлаш имкони йўқ. Ўрганилган 155 та ҳукмнинг 136 тасида (87,7 фоиз) телефон ёки бошқа қурилма, 120 тасида (77,4 фоиз) аккаунтга боғланиш, 111 тасида (71,6 фоиз) бир вақтнинг ўзида қурилма ва аккаунт, 95 тасида (61,3 фоиз) Телеграмдан фойдаланиш қайд этилган.
Бироқ ушбу ҳолатлар фақат тегишли белгининг мавжудлигини тасдиқлайди ва қуйидагиларни аниқлаш имконини бермайди:

– электрон маълумотларнинг манбаи ва уларни олиш усули;
– дастлабки маълумотлар мажмуини қайд этиш тартиби;
– унинг бутунлиги ва айнанлигини таъминлаш;
– аккаунт ёки қурилманинг муайян шахсга мансублигини аниқлаш усули;
– олинган ахборотнинг ҳақиқийлигини текшириш;
– суд тегишли маълумотларни мақбул ва ишончли далил деб эътироф этишига асос бўлган важлар.
Демак, аниқланган муаммо рақамли далилнинг нафақат формал мақбуллиги, балки уни текшириш имкониятини таъминловчи ўзаро боғлиқ учта элементга ҳам дахлдор:

  1. маълумотларнинг келиб чиқиши;
  2. уларнинг бутунлигини сақлаш;
  3. рақамли ҳаракатни муайян шахсга алоқадорлиги.

Иш материалларида телефон, аккаунт ёки мессенжерга ҳаволанинг мавжудлиги ўз-ўзидан мазкур элементларнинг ҳар бири таъминланганини аниқлаш имконини бермайди.
ЖПКнинг 204²-моддасида қўлланилган «рақамли далилнинг асли» тушунчаси ҳам қўшимча ҳуқуқий ноаниқликни юзага келтиради. Булутли муҳитда ва серверларда сақланадиган маълумотларга нисбатан асл нусха қоғоз ҳужжатнинг асл нусхасига ўхшаш алоҳида моддий объект сифатида ҳар доим ҳам мавжуд бўлавермайди. Маълумот тақсимланган ахборот тизимида сақланиши, репликация қилиниши ва техник жиҳатдан ўзи сақланаётган жойини ўзгартириши мумкин, тергов органига эса етказиб берувчи томонидан танланма асосда шакллантирилган маълумотлар мажмуи ёки кўчирма нусха тақдим этилади.
Шу муносабат билан етказиб берувчи томонидан шакллантирилган ва тасдиқланган (верификация қилинган) электрон кўчирма нусха бирламчи маълумотлар мажмуига процессуал жиҳатдан тенг (эквивалент) деб ҳисоблаш шартларини, жумладан маълумот манбаи, олинган вақти, бутунлиги ва кейинчалик узлуксиз сақланишини тасдиқлаш тартибини норматив равишда белгилаш зарур.
Бундан ташқари, ўрганилган ҳукмларда хорижий рақамли платформаларга сўровлар юборилгани, уларни бажариш рад этилгани ёки бажариш имкони бўлмагани, ахборотни олиш давомийлиги ҳамда электрон маълумотлар амалда йўқотилган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас. Шу сабабли мавжуд эмпирик база рақамли ахборотдан исботлашда фойдаланиш тарқалганлиги кўламини аниқлаш имконини берсада, маълумотларни бевосита платформалардан трансчегаравий равишда олиш самарадорлигини ҳозирча холисона баҳолаш имконини бермайди.
Маълумот учун: 2021–2025 йилларда фуқароларга 3,7 триллион сўмдан ортиқ зарар етказилган, шундан 1,8 триллион сўми фақат 2025 йил ҳиссасига тўғри келади. Кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталаридаги маблағларни талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлиб, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ижтимоий муҳандислик усулларини қўллаш асосан Телеграм мессенжери орқали амалга оширилади. Жиноятлар кўлами ниҳоятда катта бўлишига қарамай, 2018-2026 йилларда ушбу платформа Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг сўровларини қаноатлантирмаган.
ЖПКнинг кўриб чиқилган қоидаларида, шу жумладан 201¹ ва 205-моддаларида, етказиб берувчи томонидан мавжуд электрон маълумотларни уларнинг мазмунини дарҳол тергов органига ошкор этмаган ҳолда манзилли сақлаб туришнинг мустақил тартиби назарда тутилмаган. Натижада процессуал узилиш юзага келиб, бунда муддатли сақлаб туриш босқичи бўлмайди.
Демак, ЖПКнинг 204²-моддасида назарда тутилган бирламчи рақамли объектни сақлаш талаби, суд рухсатини олиш ёки халқаро ҳамкорлик тартиб-таомилларидан фойдаланиш учун зарур бўлган даврда ушбу объект хизмат кўрсатувчи тасарруфида йўқолиб кетишини олдини олувчи мустақил механизм билан таъминланмаган.
Хорижий рақамли платформалар назорати остида бўлган маълумотлар учун бу уларни ошкор этишга қонуний асос юзага келгунига қадар ўчириб юбориш ёки ўзгартириш хавфини туғдиради.
Маълумот учун: 2026 йил 26 мартдаги ЎРҚ-1125-сон Қонун билан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 27¹-моддасига ўзгартириш киритилган. Ўзбекистонда сақланиши шарт бўлган маълумотлар тоифасига киритилмаган маълумотлар белгиланган шартлар бажарилганда чет элда сақланиши ва ишлов берилиши мумкин. Шу сабабли серверларнинг жойлашган жойи процессуал ҳамкорликни ташкил этишнинг ягона асоси бўла олмайди.

II. Хорижий ечимлар ва уларни қўллаш чегаралари.

Халқаро амалиёт иккита мустақил процессуал ҳаракатни — электрон маълумотларни сақлаш ва уларни кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этишни ўзаро ажратиш йўналишида ривожланмоқда.
Европа Иттифоқининг 2023/1544-сон Директиваси Европа Иттифоқи ҳудудида муайян рақамли хизматларни етказиб берувчилар зиммасига процессуал фармойишларни қабул қилиш ва бажариш учун ваколатли муассаса ёки юридик вакил тайинлаш мажбуриятини юклайди. Мазкур талаб етказиб берувчининг ўзи Европа Иттифоқидан ташқарида ташкил этилган ҳолларда ҳам қўлланилади.
Бундай механизм давлат билан процессуал алоқани нафақат серверларнинг жисмоний жойлашган жойи, балки тегишли бозорда мунтазам хизмат кўрсатиш орқали ҳам шакллантириш имконини беради.
Махсус механизмга эҳтиёж халқаро ҳуқуқий ёрдамнинг анъанавий тартиб-таомиллари узоқ давом этиши билан ҳам боғлиқ. Европа комиссияси материалларига кўра, электрон далилларни ўзаро ҳуқуқий ёрдам механизми орқали олиш ўртача қарийб 10 ой вақт талаб қилиши мумкин бўлган. Бундан анча тез ўчириб юборилиши ёки ўзгартирилиши мумкин бўлган электрон маълумотлар учун, ахборотни аниқлаш ва уни олиш ўртасидаги вақт оралиғи мустақил исботловчи аҳамият касб этади.
Европа Иттифоқининг Маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги умумий регламенти (GDPR) 48-моддаси ҳам учинчи давлат суди ёки маъмурий органининг қарори ўз-ўзидан Европа Иттифоқи ҳудудида шахсга доир маълумотларни ошкор этиш учун автоматик равишда ижро этиладиган асосга айланмаслигидан келиб чиқади. Бунда маълумотларни узатиш имконияти халқаро битимлар ва GDPRнинг V бобида назарда тутилган бошқа асослар ҳисобга олинган ҳолда баҳоланади.
Кўриб чиқилаётган муаммо учун 2026 йил 18 августдан қўлланилаётган Европа Иттифоқининг электрон далиллар тўғрисидаги 2023/1543-сон Регламенти энг катта аҳамиятга эга.
Унда қуйидагилар бир-биридан ажратилган:
– European Preservation Order — электрон маълумотларни сақлаб туриш тўғрисидаги фармойиш;
– European Production Order — уларни тақдим этиш тўғрисидаги фармойиш.
Сақлаб туриш тўғрисидаги фармойиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг маълумотлар мазмунини олишига эмас, балки кейинчалик улардан фойдаланишга рухсат олиш тартиб-таомили расмийлаштирилгунига қадар уларнинг ўчирилиши, ўзгартирилиши ёки йўқолишининг олдини олишга қаратилган.
Сақлаб туриш муддати 60 кунгача этиб белгиланган бўлиб, назарда тутилган ҳолларда уни яна 30 кунга узайтириш мумкин.
Шу билан бирга, мазкур механизмни терговчининг бевосита чиқарадиган ва сўзсиз бажарилиши лозим бўлган қарори сифатида талқин қилиш нотўғри. Регламент ваколатли органлар доирасини белгилайди ҳамда унда назарда тутилган ҳолларда суд ёки прокурор фармойиши чиқарилишини назарда тутади. Регламентда белгиланган мажбуриятларни бажармаслик молиявий санкциялар қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин, уларнинг миқдори етказиб берувчининг дунё бўйича йиллик умумий айланмасининг 2% миқдорини ташкил қилади.
Мазкур ёндашув айни пайтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларига ҳам мувофиқдир.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди «Podchasov v. Russia» иши юзасидан 2024 йил 13 февралда чиқарган қарорида учдан учгача шифрланган коммуникацияларни дешифрлаш мажбуриятини номутаносиб чора деб топган, чунки у барча фойдаланувчиларнинг ҳимоясини заифлаштиради. Таклиф этилаётган модель учун бу фармойишни фақат ҳақиқатда мавжуд бўлган ва унинг адресати назорати остидаги маълумотлар билан чеклаш зарурлигини англатади. Бошқа иштирокчиларнинг қурилмалари ва маълумотларидан фойдаланиш имконияти алоҳида қонуний усуллар орқали таъминланиши лозим.
Бинобарин, электрон маълумотларни сақлаб туриш тўғрисидаги талаб фақат ҳақиқатда мавжуд бўлган ҳамда етказиб берувчининг эгалигида ёки назорати остида бўлган ахборотга татбиқ этилиши керак ва қуйидаги мажбуриятларни юзага келтирмаслиги лозим:
– илгари мавжуд бўлмаган маълумотларни шакллантириш;
– фойдаланувчини доимий мониторинг қилиш;
– рақамли сервис архитектурасини ўзгартириш;
– универсал дешифрлаш калитларини яратиш;
– яширин кириш механизмларини (backdoor) жорий этиш;
– яхлит шифрлашни заифлаштириш.
Фойдаланувчи қурилмаларига кириш ёки етказиб берувчи объектив равишда эга бўлмаган маълумотлардан фойдаланиш имконияти қонунда назарда тутилган мустақил процессуал ҳаракатлар орқали таъминланиши лозим.

III. Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Суд рухсати асосида тақдим этиш муддати кечиктирилган шартли процессуал эскроу модели»ни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Ушбу модель қуйидагиларни назарда тутади:

Биринчи. ЖПКга муайян электрон маълумотларни муддатли сақлаб туриш ва кейинчалик суд рухсати асосида ошкор этишнинг мустақил чораси тўғрисидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб, бунда қуйидагиларни назарда тутиш:
– гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг маълумотларини 60 суткагача муддатга сақлаб туриш тўғрисида прокурор қарорини чиқариш ҳамда ушбу муддатни тергов судьясининг қарорига кўра бир марта яна 30 суткагача узайтириш;
– етказиб берувчи томонидан маълумотларни текшириш имконини берадиган тарзда қайд этиш (қайд этиш вақти ва усули, операциялар журнали, техник жиҳатдан қўллаш мумкин бўлган ҳолларда назорат хеш-қийматлари);
– фақат амалда мавжуд бўлган ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг эгалигида ёхуд назорати остида бўлган маълумотларни сақлаб туриш.
Иккинчи. ЖПКнинг 31¹-моддасини тергов судьясининг электрон маълумотларни муддатли сақлаб туриш муддатини узайтириш, сақлаб турилган маълумотлар мажмуини кейинчалик ошкор этишга рухсат бериш, манфаатдор шахслар ва етказиб берувчининг эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек маълумотлар мазмунидан фойдаланиш имкониятини беришнинг зарурлиги ва мутаносиблигини текширишга оид ваколатлари билан тўлдириш.
Учинчи. Телекоммуникациялар ва шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликда хорижий етказиб берувчиларнинг процессуал вакиллигини, фармойишларни етказиш ва бажариш тартибини, шу жумладан адресатнинг эътирозларини кўриб чиқишни назарда тутиш ҳамда мазкур ўзгартиришларни ЖПКнинг 64-боби ва республиканинг халқаро мажбуриятлари билан мувофиқлаштириш.
Тўртинчи. Маълумотларни сақлаб туриш тўғрисидаги фармойишлар ва рақамли платформаларга юбориладиган сўровлар ҳисобини юритишни, унда рад этиш ҳолатлари, бажариш муддатлари ва маълумотлар йўқотилган ҳолатларни акс эттиришни назарда тутиш. Суд ҳужжатларининг тўлиқ матнлари асосида маълумотларни олиш усули, уларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва суднинг асослантиришини ўрганишга қаратилган эмпирик тадқиқотни давом эттириш.