Жорий йилнинг 15 май куни Институтда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир давомида мамлакатимизда давлат бошқарувини стратегик режалаштириш тизимини яратишнинг қонунчилик ва услубий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда ИҲТТ экспертлари стратегик режалаштиришнинг қонунчилик ва услубий асосларини ишлаб чиқишда Институт томонидан танланган ва қуйидагилардан иборат бўлган ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватладилар:
– стратегик режалаштиришнинг қонунчилик ва услубий асосларини тайёрлаш мустаҳкам илмий асосда қурилиши керак;
– стратегик режалаштириш тизимининг самарадорлиги кўп жиҳатдан стратегик режалаштириш моделини пилот минтақада дастлабки синовдан ўтказишга боғлиқ;
– давлат бошқарувини стратегик режалаштириш тизимини яратишда давлат бошқарувини номарказлаштириш масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ушбу икки компонент биргаликда самарали ва халқаро стандартларга жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини шакллантиришни таъминлаши мумкин;
Учрашув якунлари бўйича ИҲТТ вакиллари Институт томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг барча масалалари, айниқса, стратегик режалаштириш соҳасида фаол ҳамкорлик ва эксперт кўмагига тайёр эканликларини билдирдилар.