Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг Иқтисодий соҳадаги қонунчилик сектори мудири профессор К.Рашидов шу йил 26-28 июнда “Ҳуқуқ – глобал мувозанатнинг асоси” мавзусида бўлиб ўтган XII Петербург халқаро юридик форумида (ПХЮФ) иштирок этди.
ПХЮФ 2011 йилда Адлия вазирлиги ташаббуси ва Россия Федерацияси Президенти кўмагида глобал ижтимоий-иқтисодий муаммолар контекстида долзарб ҳуқуқий муаммоларни муҳокама қилиш учун ташкил этилган йиллик бизнес тадбирдир. Форумда юқори мартабали мансабдор шахслар, жаҳоннинг етакчи экспертлари, жумладан, йирик глобал компанияларнинг юридик бўлимлари раҳбарлари, халқаро ҳуқуқ ҳамжамиятининг вакиллари иштирок этишади.
Форум дастури 120 дан ортиқ тадбирларни ўз ичига олган бўлиб, уларда 81 мамлакатдан 5000 га яқин мутахассис иштирок этишди.
“МДҲ ва ЕОИИ маконида иқтисодий муносабатларни тартибга солиш: янги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” сессиясида сўзга чиққан профессор К.Рашидов тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда миллий фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Ўзбекистон фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясининг асосий қоидалари ҳамда Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия фаолияти тўғрисида маълумот берди. У Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси миллий қонунчиликни ерга хусусий мулкчилик, ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатлик тамойиллари каби ҳуқуқий институтлар билан бойитганлигини ва бу мамлакат Фуқаролик кодексини такомиллаштиришда эътиборга олиниши зарурлигини таъкидлади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашдилар.