18 июль куни Лондон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти делегацияси Кембриж университети Марказий Осиё форуми (МОФ) раҳбари Синдхарт Саксенна билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва демократик ўзгаришлар юзасидан фикр алмашилди, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар натижалари юқори баҳоланди.
Сув хўжалиги, энергетика, демография ва иқлим соҳаларида Ўзбекистон олдида турган муаммоларни ҳал қилишда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг эксперт-таҳлил доиралари ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув натижасида ҚҲСИ ва МОФ ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда тегишли илмий-тадқиқот ва таълим дастурларини ташкил этишда келгусидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.