Шу йил 16 апрелда Бишкек шаҳрида ҚҲСИ бўлими бошлиғи И.Уралов Қирғизистон давлат университети ва Хитойнинг Ланчжоу университети томонидан «Глобал ривожланиш ташаббуси ва Марказий Осиёни модернизация қилиш» мавзусида ташкил этилган халқаро илмий конференцияда иштирок этди.
Тадбирда Қирғизистон давлат ҳокимияти органлари ва Хитойнинг ушбу мамлакатдаги дипломатик ваколатхонаси вакиллари, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Хитойдан келган олимлар ва экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Конференция давомида Хитойнинг глобал ташаббусларини амалга ошириш контекстида Марказий Осиёни модернизация қилиш масалалари, шунингдек, «Марказий Осиё – Хитой» ҳамкорлик формати кесимида минтақа давлатларининг Хитой билан муносабатларини ривожлантиришнинг жорий тенденциялари ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан ҚҲСИ вакили жаҳон иқтисодиёти трансформацияси ва минтақалашув жараёнлари кучайиб бораётган ҳозирги шароитда «Марказий Осиё – Хитой» механизмининг муҳим аҳамиятини таъкидлади. Унинг фикрича, минтақа давлатларининг Хитой билан мазкур форматдаги ҳамкорлиги салмоқли иқтисодий натижалар бермоқда ва аста-секин тизимли хусусият касб этмоқда. Стратегик мувозанат ва прагматик ёндашув сақланган тақдирда, ушбу механизм минтақа давлатларининг барқарор ривожланишидаги асосий омиллардан бирига айланиши мумкин. «Марказий Осиё – Хитой» формати доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббусларга тўхталиб, эксперт уларни амалга ошириш минтақа давлатлари билан Хитой ўртасидаги кўп тармоқли амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Конференцияда Қирғизистон давлат университети ва Хитойнинг Ланчжоу университети томонидан тайёрланган «Замонавий Марказий Осиё: минтақавий динамика ва халқаро ўлчов» ва «Қирғизистон демографик маданияти очерки» илмий монографияларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Конференция доирасида ҚҲСИ вакили Ланчжоу университети Марказий Осиё тадқиқотлари институти директори ўринбосари – Сиёсат ва халқаро муносабатлар институти декани, профессор Чжу Юнбиао билан учрашиб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди.




