ҚҲСИ вакиллари Сенат қўмитаси мажлисида иштирок этди

Шу йил 11 июнда ҚҲСИ бош илмий ходимлари Ш.Мирзаев ва Ш.Зокиров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида иштирок этди.

Мажлисда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, халқ депутатлари кенгашларининг айрим ваколатларини аниқлаштириш ҳамда Омбудсман ва Болалар омбудсмани институтлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган миллий қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар кўриб чиқилди.

Хусусан, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ошириш чораларини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Ҳужжат билан Жиноят кодексига «коррупцияга оид жиноятлар» тушунчасини киритиш, уларнинг рўйхатини белгилаш, жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, порахўрлик ва пора олишда воситачилик қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларни муддатидан илгари шартли озод қилишни тақиқлаш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, жумладан, тегишли кенгашлар ва комплаенс-тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари атрофлича таҳлил қилинди. Вояга етмаганларнинг ишларини кўриб чиқишда педагоглар ва психологларнинг иштироки масалалари ва махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишнинг янги тартиби алоҳида кўриб чиқилди.

Сўнгра халқ депутатлари кенгашларининг айрим ваколатларини аниқлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар ролини кучайтиришга қаратилган яна бир қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ҳужжат билан жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари раислари коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга раҳбарлик қилиши тўғрисидаги нормаларни мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлис якунида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.