2026 йил 14 апрелда ҚҲСИда мамлакатимиз ҳуқуқий тизимини ривожлантиришнинг стратегик асосларини белгилаб берувчи Ҳуқуқий сиёсат концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу муҳим ҳужжатни тайёрлаш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сонли Фармонида алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланган бўлиб, тадқиқотнинг асосий мақсади миллий ҳуқуқий тизимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва ҳуқуқий тартибга солишнинг узоқ муддатли прогнозларини шакллантиришдан иборат.

ҚҲСИ директори ўринбосари В.Эргашев ўз кириш сўзида Ҳуқуқий сиёсат концепциясининг қабул қилиниши Конституцияга мувофиқ тарзда бошқа барча ҳуқуқий ҳужжатлар учун мустаҳкам пойдевор ва олий даражадаги стратегик йўриқнома бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Йиғилиш давомида Концепция тузилишининг бирламчи лойиҳаси, шунингдек, ишчи гуруҳ фаолиятининг босқичлари ва муддатларини белгиловчи батафсил тармоқ графиги маъқулланди.

Ишчи гуруҳ таркибига ҚҲСИ мутахассислари билан бир қаторда Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Парламент тадқиқотлари институти, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Тошкент давлат юридик университети ва Халқаро исломшунослик академияси вакиллари жалб этилди.