Ҳозирги глобал иқтисодий беқарорлик, геосиёсий қарама-қаршиликлар, инфляцион босим ва технологик трансформациялар шароитида давлатларнинг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан самарали иқтисодий сиёсат ва унинг ҳуқуқий таъминланганлигига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик пухта таъминланганлиги билан белгиланади. Иқтисодий қонунчилик давлат иқтисодий сиёсатини амалга оширишнинг асосий ҳуқуқий механизми сифатида барқарор ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий тараққиёт стратегиясини белгилаб берувчи сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Унда иқтисодий қонунчиликни тизимли равишда такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтиришга қаратилган стратегик йўналишлар белгилаб берилди.
Мурожаатномада белгиланган устувор иқтисодий вазифаларни иқтисодий қонунчиликни такомиллаштириш нуқтаи назаридан таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда қуйидаги асосий йўналишлар муҳим аҳамият касб этади.
1. Иқтисодий қонунчилик ва барқарор ривожланиш ўртасидаги узвий боғлиқлик. Барқарор ривожланиш концепцияси иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолат ва экологик мувозанат ўртасидаги уйғунликни назарда тутади. Бу жараённи таъминлашда давлат иқтисодий сиёсатининг ҳуқуқий асослари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Аниқ, барқарор ва прогноз қилинадиган қонунчилик иқтисодий субъектлар учун ишончли муҳит яратиб, инвестицион қарорларни қабул қилишда муҳим омилга айланади.
Президентимиз Мурожаатномасида иқтисодий ўсишни таъминлашда айнан қонун устуворлиги, институционал ислоҳотлар ва ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини замонавий талабларга мослаштириш, уларни соддалаштириш ва шаффофлигини ошириш давлат сиёсатида марказий ўрин эгалламоқда.
2. Инвестициявий қонунчиликни такомиллаштириш — иқтисодий ўсиш драйвери. Мурожаатномада инвестицияларни жалб этиш ва уларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланганидек, инвестиция фақат капитал кирими эмас, балки янги технологиялар, билим ва бошқарув тажрибасининг трансфери ҳисобланади. Шу боис инвестициявий қонунчилик инвестор ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва “ягона дарча” тамойилини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилмоқда.
Инвестиция соҳасидаги ҳуқуқий ислоҳотлар барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонуни инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инвестиция муҳитини барқарорлаштириш ва давлат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Мурожаатномада ушбу қонун нормаларини амалда тўлиқ ишлатиш, халқаро стандартларга мос механизмларни жорий этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Эркин иқтисодий зоналар, махсус инвестиция режимлари, халқаро арбитраж механизмларини қўллаш имкониятининг қонун даражасида белгиланиши Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширувчи муҳим омил сифатида намоён бўлади. Бу эса барқарор иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.
3. Солиқ ва бюджет қонунчилигини ислоҳ қилиш орқали ҳудудий ривожланишни таъминлаш. Президент Мурожаатномасида маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтириш ва ҳудудларнинг молиявий мустақиллигини оширишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди. Қўшилган қиймат солиғи тушумларининг муайян қисмини ҳудудларда қолдириш, прогноздан ортиқ тушумларни маҳаллий бюджет ихтиёрига ўтказиш каби чоралар солиқ-бюджет қонунчилигини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Солиқ-бюджет соҳасида Солиқ кодекси ва Бюджет кодекси нормалари ҳудудларнинг молиявий мустақиллигини оширишга қаратилмоқда. Мурожаатномада маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтириш, солиқ тушумларининг бир қисмини жойларда қолдириш орқали ҳудудий иқтисодий фаолликни рағбатлантириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Бу каби ҳуқуқий механизмлар ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани ривожлантириш учун молиявий асос яратади. Натижада, иқтисодий ривожланиш марказлашган моделдан ҳудудий мувозанатли моделга босқичма-босқич ўтмоқда.
4. Технологик ва инновацион ривожланишнинг ҳуқуқий асослари. Мурожаатномада иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш стратегик вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу жараён қонунчиликда янги ёндашувларни талаб этади. Хусусан, стартаплар, венчур молиялаштириш, финтех ва сунъий интеллект соҳаларида ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини жорий этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
“Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши инновацион иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади. Бу каби қонунлар иқтисодий ўсишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
5. “Яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришда ҳуқуқий механизмларнинг аҳамияти. Барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда иқтисодиётнинг шаффофлиги муҳим омил ҳисобланади. Мурожаатномада нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш, давлат назоратини рақамлаштириш ва текширув жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан қатъий тартибга солиш орқали “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш вазифаси қўйилган.
Келгуси беш йилда яширин иқтисодиёт улуши 2 карра қисқартирилади; савдо ва сервис соҳаларида нақд пулсиз тўловлар улуши 75 фоиздан оширилади; расмий секторда банд бўлган аҳоли сони ҳозирги 8,5 миллиондан 14 миллионга етказилади.
Бу борада қонунчиликда аниқ талаблар ва кафолатларни белгилаш тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, солиқ интизомини кучайтириш ҳамда давлат бюджети даромадларини барқарор оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти-нинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлашда иқтисодий қонунчиликнинг ҳал қилувчи ўрнини яна бир бор намоён этди. Иқтисодий қонунчиликни Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида ривожлантириш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Н.Норбаев
ҚҲСИ Иқтисодий соҳадаги қонунчилик шўъбаси бош илмий ходими
