Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг асосий йўналишлари ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш устувор вазифалари белгилаб берилди. Илгари сурилган ташаббуслар иқтисодий ўсишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бозор институтларини ривожлантириш ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган тизимли ёндашувни акс эттиради.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун қайси қонунчилик қадамлари кўзда тутилмоқда?

Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида 2026 йилда қабул қилиниши режалаштирилаётган муҳим қонун ҳужжатларидан бири — «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун ҳисобланади. Муқобил инвестициялар анъанавий молиялаштириш усулларидан фарқли равишда венчур капитал, хусусий инвестициялар, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, юқори қўшимча қиймат яратиш имкони билан ажралиб туради. Қонун билан инвестиция бозорининг ушбу сегменти ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, инвесторлар ва лойиҳа ташаббускорларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, шунингдек «Рақамли стартаплар» дастурини ғоядан то экспорт бозорларига чиқишгача бўлган ягона экотизим сифатида амалга ошириш учун институционал шарт-шароитлар яратилади. Узоқ муддатли истиқболда бу ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларига йирик ҳажмдаги инвестицияларни жалб этиш учун барқарор ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Инвестиция бозорини ривожлантиришда яна қандай институционал янгиликлар назарда тутилган?

Инвестиция муҳитини такомиллаштиришга қаратилган қадамлар билан бир қаторда, қонунчилик ислоҳотларининг яна бир муҳим йўналиши — «Капитал бозори тўғрисида»ги янги қонунни тайёрлаш ва қабул қилишдан иборат. Унинг нормалари миллий фонд бозорини халқаро молия тизимига босқичма-босқич интеграция қилишга қаратилган. Қонун маҳаллий компаниялар учун хорижий валютада облигациялар чиқариш, хорижий майдонларда акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO)ни амалга ошириш, шунингдек глобал депозитарийларни жалб этиш имкониятларини кенгайтиради. Мазкур нормаларни жорий этиш тадбиркорлик ва саноат субъектларининг узоқ муддатли молиявий ресурсларга киришини кенгайтириш, иқтисодиётга капитал оқимини оширишга хизмат қилади.

Инфратузилма соҳасида қандай ҳуқуқий ўзгаришлар режалаштирилмоқда?

Иқтисодий ислоҳотлар билан уйғун тарзда, Мурожаатномада транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш зарурлиги таъкидланган. Таклиф этилаётган ўзгартишлар йўл инфратузилмасини режалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишда замонавий стандартларни жорий этишга қаратилган. Аҳоли фикрини инобатга олиш, экологик таъсирни баҳолаш, пиёдалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни шакллантириш бўйича мажбурий талабларни қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Бу чора-тадбирлар йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, транспорт хизматлари сифатини яхшилаш ва инфратузилма лойиҳаларининг иқтисодий самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Давлат бошқарувида шаффофликни кучайтириш учун қандай чоралар кўзда тутилган?

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг барча соҳаларида самарали бошқарувни таъминлаш мақсадида, давлат харидлари соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилдан бошлаб тўғридан-тўғри давлат харидларини амалга ошириш фақат қонун билан бевосита белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилиши режалаштирилган. «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга киритиладиган тегишли ўзгартишлар давлат харидлари бозорида шаффофликни таъминлаш, рақобат муҳитини ривожлантириш ва коррупция хавфларини минималлаштиришга қаратилган.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, 2026 йилга мўлжалланган қонунчилик ташаббуслари иқтисодий ривожланишнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва Янги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёт мақсадларига мос келувчи замонавий ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

Фарангиз Эштурдиева

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
етакчи илмий ходими