ҚҲСИ бош илмий ходими Г.Саттарова ҳамда етакчи илмий ходимлари А.Эгамов ва К.Миркамилова жорий йил 29 апрелда Москва шаҳрида ўтказилган «Россия демографик барқарорлигини таъминлаш векторида жамоат саломатлиги: ҳуқуқий тартибга солиш ва давлат бошқаруви масалалари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда онлайн тарзда иштирок этдилар.
Тадбир Жамоат саломатлиги бўйича миллий илмий-тадқиқот институти томонидан Москва давлат юридик университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференция давомида жамоат саломатлигини ҳуқуқий таъминлашнинг долзарб масалалари, жумладан демографик сиёсатнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг роли, шунингдек замонавий тиббий ва рақамли технологияларнинг демографик жараёнларга таъсири муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш, репродуктив соҳада сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ҳуқуқий жиҳатлари, тиббий маълумотларга кириш имкониятларини таъминлаш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш масалаларига кенг эътибор қаратилди.
Тадбир ҳуқуқшунослар ва тиббиёт соҳаси вакиллари ўртасида юқори даражадаги илмий-эксперт ҳамкорликни намоён этди ҳамда демографик сиёсат ва жамоат саломатлиги соҳасида давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатди.
Конференция илғор халқаро тажриба алмашиш, жамоат саломатлигини таъминлашга қаратилган янги илмий ва амалий ёндашувларни шакллантириш, соҳавий муассасалар ўртасида касбий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Конференцияда Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистондан экспертлар иштирок этиб, фаол узоқ умр кўришнинг миллий моделларини тақдим этдилар.
Тадбир МДЮУ профессори В.В.Комарова таҳрири остида тайёрланган «Тиббий технологиялардан фойдаланиш шароитида соғлом ва фаол узоқ умр кўришни ҳуқуқий таъминлашнинг миллий моделлари: Россия ва хориж тажрибаси» номли жамоавий монография тақдимоти билан якунланди.
Умуман олганда, ҚҲСИ вакилларининг мазкур конференциядаги иштироки демографик сиёсат соҳасидаги замонавий чақириқларни чуқурроқ англаш ва келгусидаги илмий-таҳлилий тадқиқотлар учун истиқболли йўналишларни белгилаш имконини берди.
