Жорий йил 22 июнда Тошкент шаҳрида ҚҲСИ сектор мудирлари К.Арипов, К.Рашидов, Б.Исмаилов ва етакчи илмий ходими Я.Квитков “Маъмурий ҳуқуқ ислоҳоти: умрга тенг йўл” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этдилар.

Тадбир Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан ташкил этилди ҳамда оммавий ҳуқуқ соҳасининг етук олими, профессор Иса Ахлиманович Хамедовнинг илмий меросига бағишланди.

Давра суҳбати давомида маъмурий ҳуқуқни янада ислоҳ қилиш, маъмурий тартиб-таомиллар ва маъмурий суд ишларини такомиллаштириш, шунингдек давлат бошқаруви соҳасида қиёсий тадқиқотларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ҳуқуқий тартибга солиш сифатини ошириш ва давлат органлари фаолияти самарадорлигини кучайтиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишда илмий ҳамжамиятнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

К.Арипов давлат бошқаруви ислоҳоти соҳасида қиёсий тадқиқотларни ривожлантиришда ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маъруза қилиб, унда давлат бошқаруви ва маъмурий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича илғор хорижий тажрибани қиёсий-ҳуқуқий тадқиқ этишнинг муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ҚҲСИ ҳузурида ташкил этилган Сиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази доирасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари тақдим этилди.

Муҳокама давомида К.Рашидов профессор И.Хамедовнинг илмий ютуқлари, унинг миллий маъмурий ва оммавий ҳуқуқ фанлари ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек маъмурий адлия ва маъмурий тартиб-таомилларга оид замонавий ёндашувларни шакллантиришдаги ролини ёритиб берди.

Тадбир якунида иштирокчилар маъмурий ҳуқуқни янада ислоҳ қилиш мамлакат тараққиётининг устувор вазифалари билан уйғун бўлиши ҳамда илмий ҳамжамият, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва юридик таълим ўртасидаги барқарор ҳамкорликка таяниши лозим, деган умумий хулосага келишди.

Шу муносабат билан профессор И.Хамедов таваллудининг 75 йиллигига бағишлаб “Хамедов ўқишлари – 2027” номли йиллик илмий конференцияни ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Иштирокчилар конференциянинг концепцияси ва ташкилий тайёргарлиги бўйича асосий ёндашувларни ҳам муҳокама қилдилар.

Тадбир Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида И.А.Хамедов номидаги аудиториянинг тантанали очилиши билан якунланди. Бу унинг юридик фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда бўлажак ҳуқуқшунослар ва тадқиқотчиларни тайёрлашда илмий ғояларининг давомийлиги эътирофи бўлди.